Ўзбекистон | 13:37 / 28.10.2022
6604
2 дақиқада ўқилади

Экоқўм: “Чангли об-ҳаво кутилаётган кунларда қурилиш ва автомобиллар ҳаракатига маълум чекловлар қўйиш масаласи кўриб чиқилмоқда”

Экология қўмитаси раиси Нарзулла Обломуродовга кўра, чангли об-ҳаво кутилаётган кунларда нафақат қурилишлар, балки автомобиллар ҳаракатини чеклаш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда.

27 август куни “Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланиши ҳолати келиб чиқиш сабаблари ва кўрилаётган чоралар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда журналистлар томонидан экологик инқирознинг кучайиб бораётгани ва бунга қурилишларда экологик талабларга риоя қилинмаслиги ҳам сабаблиги айтилиб, ёмғир ёғмай, ҳаво қуруқлашиб кетган, чангли об-ҳаво кутилаётган кунларда пойтахтдаги қурилишларга мораторий таклиф қилинди.

Савол бўйича биринчи бўлиб Гидрометеорология хизмати раҳбари Шерзод Ҳабибуллаев жавоб берди. Унга кўра, Тошкентда чангли об-ҳаво кузатилган кунларда фақат қурилишлар эмас ҳатто автомобиллар ҳаракатини маълум вақтга тўхтатиб туриш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

“Ҳозир биз транспорт масаласига ҳам эътибор беряпмиз. Ҳозир бу бўйича муҳокама кетяпти. Яъни транспорт ҳаракатини маълум вақтга тўхтатиб туриш ва уларни ташқи ҳалқа йўллардан юргизиш. 

Ҳозир бунинг ҳисоб-китобларини мутахассислар билан қилиш ҳақида гап кетяпти. Экологияда бу бўйича ҳозир штаб тузилган. Буни ҳам таклиф сифатида киритиб кўрамиз. Шундай масала бор. Бизда бу ишларнинг қисқа ва узоқ муддатли режаси бор”, – деди Ҳабибуллаев.

Савол юзасидан Экология қўмитаси раиси Нарзулла Обломуродов ҳам фикрларини билдирди.

“Экологик муаммолар борасида журналистлар жон куйдириб ҳаракат қилмоқда, катта раҳмат. КЎтарилган масала ҳақиқатда ўринли. Биз ҳозир вазирликлар билан кейинги ҳаракатларимизни ҳам муҳокама қиляпмиз. 

Биз ҳозир ноқулай об-ҳаво юзага келганда, фақат қурилиш эмас, бошқа манбалар бўйича ҳам ишлашни кўзда тутувчи режаларни қиляпмиз. Бу транспорт, қурилиш, дарахтларни суғориш ва сув сепиш билан ҳам боғлиқ ”, – деди қўмита раиси.

Мавзуга оид