Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Иссиқхоналаримизни газга улаб беришди” – газдан узилиши ортидан ҳосили хавф остида қолган тадбиркорлар
Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов бошчилигида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистондаги иссиқхоналар куз-қиш мавсумида ишлатадиган газ умумий истеъмолнинг атиги 1,5 фоизини ташкил этиши таъкидланиб, иссиқхоналарни газдан узиш ҳақида узоқни ўйламай қарор чиқарган масъулларнинг ҳаракатлари қораланган.
“Ваъда қилинган президент қарори қабул қилинса, ишларимиз беш бўлиб кетади”
“Бугун газчилар келиб иссиқхонамизни қайтадан тармоққа улаб беришди. Жараён “Ўзбекистон24” телеканали томонидан тасвирга олинди, телеканал мухбири интервью ҳам олди. Ҳудуддаги масъуллар ҳал қилолмаган муаммомизга республика даражасида эътибор қаратилгани, ҳатто давлат раҳбарининг ўзи масалани назоратига олганидан жуда хурсанд бўлдик.
Худога шукур, газдан узилган кунлар ҳаво ҳарорати минусдан паст бўлмади, экинларимизни совуқ урмади. Ҳарорат 4-5 даражагача тушганда ҳам ҳосилни бой берардик. Ҳарорат 10-11 даража иссиқ бўлиб турди. Кўрпа-пардаларимизни ёпдик, иссиқхона ичидаги ҳарорат 14-15 даража бўлиб турди.
Кеча кечқурун вилоят ҳокимлигида, бугун иссиқхонамизнинг ўзида йиғилиш бўлди, барча муаммоларимизни айтдик. Ҳал қилишга ваъда беришди. Ишчи гуруҳ ташкил этилиб, Telegramʼда махсус гуруҳ очилди. Гуруҳга вилоят ҳокимлиги, “Ҳудудгаз”, банклардан мутасаддилар киритилди. Хуллас, кайфиятимиз жуда яхши, ниҳоят бизни эшитишганидан хурсандмиз.
Йўқса шунча вақт ҳудуддаги масъулларга худонинг зорини қилдик. Ҳосилимизни совуқ уради, хонавайрон бўламиз. Ана, метан заправкаларни узинглар, улар ҳеч нарса йўқотмайди-ку, деб айтгандик. Ҳеч ким инобатга олмаганди. Ҳукумат раҳбарларидан миннатдормиз, бизни жуда оғир муаммолардан қутқариб қолди”, дейди Қашқадаре вилояти Қарши шаҳридаги 2 гектар ерга иссиқхона хўжалигини ташкил этган Ислом Хидиров.
“Бугундан бошлаб газ улаб бериляпти. Ҳозир йигитлар ишлашмоқда. Иссиқхонамиз 2018 йил ташкил этилган. Бу йил ҳисобидан газ умуман берилмаганди. Ёзда кун иссиқлиги сабабли унга муҳтож бўлмаймиз. Лекин октябрь ойидан бошлаб салқин туша бошлагач, ўсимликларни совуқ урмаслиги учун иссиқхонани ўзининг кўрпалари билан ўраб қўяётгандик.
Газдан умуман қарздорлигимиз йўқ. Иссиқхонамизнинг жами майдони 12 гектарни ташкил этади. Шундан тўққиз гектарига помидор, бир ярим гектарига ширин қалампир ва шунча жойга бақлажон экканмиз. Қуёш нури яхши бўлгани сабабли улар ҳосилга кира бошлади, жами минг тонна миқдорда ҳосил кутяпмиз”, дейди бухоролик тадбиркор.
“Бугун иссиқхонамиз газга улаб берилди. Фаолиятимизни 2019 йилда бошлаганмиз. Иссиқхонанинг майдони олти гектар. Айни пайтда тўлиқ помидор экканмиз. Аввалги йилларда газга улаб берилганди. Бу йил кўпчилик қатори бизда ҳам муаммо бўлаётганди”, дейди Fortuna Trading Company МЧЖ раҳбари.
“Бугун Президент Администрацияси раҳбари топшириғи ижроси бўйича вилоят миқёсида йиғилиш бўлди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари, “Ҳудудгаз Жиззах” АЖ раҳбарлари, банк ходимлари ва иссиқхоначилар иштирок этди. Йиғилишда бугундан кечиктирилмасдан иссиқхоналар юз фоиз газга уланиши ҳақида топшириқ берилди.
Бундан ташқари, банкларга айланма маблағ учун иссиқхоналарга кредит ажратиш бўйича топшириқ кетган. Талабни бугун ўрганиб чиқишди. Кечгача Марказий банк билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги мутахассислари биргаликда айланма маблағга кредит ажратиш бўйича низом ишлаб чиқишар экан. Эртадан қандай тартибда ва неча фоиздан кредит ажратилиши маълум бўлади.
Ҳукумат раҳбарияти томонидан Ўзбекистонда иссиқхона фаолиятида кузатилаётган муаммоларга қисқа фурсатда ечим топиш масаласи қатъий назоратга олинганидан жуда мамнун бўлдик. Тез орада президентимизнинг соҳамизга тегишли қарори қабул қилинса, мамлакатимизда иссиқхона бизнеси ривожланади.
Вилоят ҳокими ўринбосари топшириқ бергач, бугундан иссиқхонам газга улаб берилди. Лекин бунгача қийинчиликларга дуч келдик. Чунки доимий керак бўладиган температура бўлмади. Натижада кўчатларимиз стресс олиб бўлди. Энди уларни жонлантириш, белгиланган муддатда ҳосилга кириши учун стимуляторлардан фойдаланишга мажбурмиз.
Майли, нима бўлганда ҳам экинларимизни совуқ уриб кетмади. Чет элдаги ҳамкорларимиз олдида юзимиз шувут бўлмади. Россия билан 1 миллион долларга экспорт шартномамиз бор. Газ берилмаганда шартномавий мажбуриятни бажара олмай, ҳамкорларнинг ўзбекистонлик тадбиркорларга нисбатан ишончи йўқолишига сабабчи бўлиб қолардик. Шукурки, вазият бунгача етиб бормади”, дейди Жиззах вилоятида ташкил этилган Greenhouse Fruits МЧЖ раҳбари О.Эргашев.
“Шу пайтгача иссиқхонамиз газга уланмаганди. Бугундан улаб беришди. Иссиқхонанинг умумий майдони икки гектардан иборат. Ярмига помидор, қолганига бодринг экканмиз. Президент Администрацияси раҳбари томонидан ўтказилган кечаги йиғилишда ZOOM орқали Хоразм вилояти ҳокимлигидан туриб қатнашдик. Уларга раҳмат. Асосий муаммоларимиздан бирини ҳал қилиб берди.
Бундан ташқари, кредит бўйича ҳам муаммомиз бор. Вилоятдаги йиғилишда бу масалани чўзишни сўрадик. Ёзиб олишди. Тепагача борган ё йўқлигини билмайман. Президентимиз ўттизинчи августда муаммоларни жойига бориб ўрганиш бўйича таклиф берганди. Икки ой ўтди ҳали ҳам жимжит.
Сардор Ўктамович йиғилишда республикадаги иссиқхоналар томонидан бир мавсумда 600 миллион куб газ ишлатилиши, бу мамлакат миқёсидаги истеъмолнинг атиги бир ярим фоизини ташкил этишини маълум қилди ва масъулларни 1,5 фоиз газни бериш-бермаслик ниманиям ўзгартирарди деб танқид қилди. Иссиқхоналарни газдан узиш бўйича ўйламай қарор қабул қилгани учун «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш ҳақида Ҳисоб палатасига, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўрсатма берди. Уларнинг ҳаракатида жиноят аломатлари аниқланса, қонуний тартибда жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилиши таъкидланди.
Йиғилишда Қорақалпоғистонда иссиқхона ташкил этган тадбиркор республиканинг шимолий ҳудудларида бошқа жойларга нисбатан анча совуқлиги, шу боис газ сарфи юқорилиги, аммо маҳсулот таннархи бир хиллигини айтиб, Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги иссиқхона хўжаликлари учун субсидия ажратиш масаласини кўтарди. Бундан ташқари, ҳосилимиз ҳали пишмаган пайтда тўлов қилолмаймиз, солиқ идоралари ҳисобимизни музлатиб қўяди, шунда газ ва бошқа харажатларни нақд пул топиб тўлашга ёки бошқа фирмалардан пул ўтказишга мажбур бўламиз. Йиғилишда соҳамизнинг мана шу жиҳатлари ҳам инобатга олиниши, бу солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш ҳисобланмаслиги таъкидланди. Расмийлар буларнинг барчасини президент қарорида акс эттиришга ваъда беришди. Шу ҳужжат қабул қилинса, ишларимиз беш бўлиб кетади худо хоҳласа”, дейди Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида фаолият юритувчи “ASQAROV NARIMON” фермер хўжалиги раҳбари Улуғбек Асқаров.
Муаммо тарихи
Аввалроқ республика бўйлаб иссиқхоналарни газдан узиш бошлангани, тадбиркорлар газ таъминоти корхоналарининг бу ҳаракатларидан норози бўлаётгани ҳақида хабар бергандик.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан жойлардаги газ таъминоти филиалларига юборилган топшириқ хатида иссиқхона хўжаликларини табиий газга муқобил бўлган импорт кўмир ёки бошқа турдаги ёқилғи билан таъминлаш, куз-қиш мавсумида табиий газ етказиб берилиши кафолатланмаган улгуржи истеъмолчиларни расман огоҳлантирган ҳолда босқичма-босқич табиий газ етказиб борилишини тўхтатиш ҳақида сўз боради.
Иссиқхона эгалари 2022–2023 йилги куз-қиш мавсумида аҳоли, ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз бир маромда табиий газ билан таъминлаш мақсадида табиий газдан муқобил ёқилғига ўтиш кераклиги ҳақида огоҳлантириш олишган. Газ таъминоти корхоналари иссиқхонани иситиш учун газдан бошқа ёқилғига ўтилганда юзага келиши мумкин бўлган барча салбий оқибатлар учун жавобгарликни зиммасидан соқит қилиб, бунинг учун иссиқхона эгалари жавобгар бўлишини эслатган.
Бироқ тадбиркорлар муқобил ёқилғиларнинг ҳеч бири (кўмир, солярка, ўтин) газнинг ўрнини босмаслиги, натижада юзлаб гектар майдонларда етиштирилаётган минглаб тонна ҳосил хавф остида қолганидан ёзғиришмоқда.
Ҳудудлардаги масъул органлар уларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича жўяли ечим таклиф этолмагани ортидан Ўзбекистон бўйича иссиқхона фаолияти билан шуғулланаётган шахслар Бош вазир Абдулла Арипов, Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов қабулига кириш учун пойтахтда тўпланишга қарор қилишган.
Газдан узилиши ортидан оммавий ахборот воситаларига интервью берган, шунингдек, муаммони ҳал қилиш мақсадида кўпчилик бўлиб Вазирлар Маҳкамаси, Президент Администрациясига бориш ғоясини илгари сурган иссиқхоначилар 24–25 октябрь кунлари ўзлари яшаётган ҳудуддаги ички ишлар идораларига чақирилган. Улар бир неча соат ушлаб ўтирилгани, тушунтириш ишларидан сўнг қўйиб юборилгани айтилмоқда.
Республиканинг турли ҳудудларида яшовчи тадбиркорлар Telegramʼдаги гуруҳда 25 октябрь куни Тошкентда тўпланиш, ҳукумат даражасидаги раҳбарлар билан учрашиб, қандай қилиб бўлмасин муаммога ечим топиш ҳақидаги чақириқлари ортидан ўзлари яшаётган тумандаги ички ишлар органларига чақиртирилган. У ерда тадбиркорлар билан профилактик суҳбат ўтказилган ва улардан ноқонуний гуруҳларга қўшилмаслик, рухсат олинмаган митингларда қатнашмаслик ҳақида тилхат ёздириб олинган.
Исмини ошкор қилмаслик шарти билан Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида яшовчи айрим тадбиркорлар душанба куни кечқурун профилактика инспекторлари уйларига келиб, уларни идорага олиб кетишгани, у ерда Telegram мессенжерида ташкил этилган ва республика бўйлаб иссиқхоначилар тўпланган гуруҳдаги ёзган фикрлари, хусусан, иссиқхоналарни газдан узиб қўйиб кўпчиликни хонавайрон қилаётган масъуллар шаънига айтган танқидий фикрлари, бунга қарши оммавий норозилик билдиришга чақириқлари учун Жиноят кодексининг 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) билан жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилганини айтишмоқда.
Бироқ ҳозирча ҳеч бир тадбиркорга пойтахтга келиб расмийларга норозилик билдиришга урингани учун маъмурий ёки жиноий иш очилгани ҳақида Kun.uz’да маълумот йўқ. Манбаларга кўра, Telegram мессенжерида ташкил этилган гуруҳ ўчириб юборилган.
Расмийлар билан учрашувлар
Қаршиликларга қарамай иссиқхоналари газдан узилганидан норози тадбиркорлар 25 октябрь, сешанба куни Тошкентда тўпланган. Gazeta.uz’нинг хабар беришича, республиканинг турли ҳудудларидан келган ўнлаб иссиқхоначилар дастлаб Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги олдида тўпланган. Шундан сўнг улар Президент Администрация раҳбари Сардор Умрзоқов билан кўришишга уринган, бироқ улар Вазирлар Маҳкамасига йўналтирилган.
Вазирлар Маҳкамасининг масъуллари Ўзбекистон тарихи давлат музейининг фаоллар залида тадбиркорлар билан учрашув ўтказган. Мулоқот чоғида иссиқхоналар эгаларининг муаммолар ҳақида фикрлари, таклифлари тингланган. Вазирлар Маҳкамаси ва «Ўзтрансгаз» компанияси вакиллари ушбу масала юзасидан бош вазирга таклиф тайёрланиб, киритилишини, тадбиркорлар билан яна бир марта учрашув бўлишини маълум қилишганди.
27 октябрь, пайшанба куни Энергетика вазирлигида Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов билан бирга иссиқхона фаолиятини ташкил этган тадбиркорларни қабул қилган, учрашувда газдан узиб қўйилган иссиқхона хўжаликларини зудлик билан табиий газ тармоғига улаш бўйича топшириқ берилганди.
Учрашувда тадбиркорларга босқичма-босқич муқобил энергияга ўтиш учун ҳаракатни бошлаш кераклиги ҳам тушунтирилган. Ҳукумат вакиллари иссиқхоначилар билан бу масалани бирданига эмас, босқичма-босқич ҳал қилишга келишиб олишган.
Шунингдек, учрашувда анчадан бери тайёр турган, аммо имзоланмаган президент қарори лойиҳаси масаласи ҳам кўтарилган. Ушбу ҳужжат лойиҳасида иссиқхоналар фаолияти билан боғлиқ тизимли муаммоларни ҳал қилишга қаратилган таклифлар ҳам акс эттирилиши таъкидланган.
Kun.uz манбаси беш нафар тадбиркор 27 октябрь куни кечки пайт барча иссиқхоначилар номидан Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов билан учрашувга таклиф этилгани ҳақида хабар берганди.
Администрация раҳбари бошчилигида ўтган мажлисда иссиқхоналарни табиий газ таъминотидан огоҳлантиришсиз узиш ҳолатлари бўйича жуда кўп эътирозлар билдирилаётгани, хусусан, республиканинг турли ҳудудларидан иссиқхоналари газдан узилган тадбиркорлар норозилик билдириб, Тошкентда тўплангани бўйича тегишли масъуллар қаттиқ танқид остига олинган.
Умрзоқов Вазирлар Маҳкамаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасадди раҳбарларининг ушбу масала билан умуман шуғулланмагани учун, тадбиркорлар муаммоларига ечим топмагани учун улар Президент Администрациясига келишаётганини кескин қоралаган.
Иссиқхоналарни газ таъминотидан узиш ҳолати бўйича тадбиркорларнинг норозилигидан хабар топган президент Шавкат Мирзиёев зудлик билан мазкур масалани кўриб чиқиш учун Администрация раҳбари Сардор Умрзоқовга тегишли топшириқ берганди. Энергетика вазирлигига газ таъминотидан узилган барча иссиқхоналарни 1 кун ичида газ билан қайта таъминлаш вазифаси юклатилганди.
Мавзуга оид
11:02 / 23.05.2025
4 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган метан заправка аниқланди
13:37 / 07.05.2025
Европа комиссияси Россия газидан воз кечиш режасини тақдим этди
13:48 / 06.05.2025
Европа Иттифоқи 2027 йил охирида Россиядан барча газ импортини тақиқламоқчи
15:20 / 01.05.2025