Жаҳон | 22:07 / 28.10.2022
20499
2 дақиқада ўқилади

Цукерберг хатоси Meta компаниясига жуда қимматга тушгани маълум бўлди 

Meta таваккал қилди ва ҳозирги вақтда 676 миллиард долларга тенг бўлган хатога йўл қўйгани ойдинлашди. 

Фото: Getty Images

2021 йилнинг октябрь ойида Facebook асосчиси Марк Цукерберг ижтимоий тармоқ номини Meta қилиб ўзгартирди ва метакоинотни тақдим этди. 

Орадан бир йил ўтгач, компаниянинг даромадлари пасайиб кетди. Ҳозирги вақтда Meta компаниясининг бозор қиймати 676 миллиард долларга камайган. 

Bloomberg маълумотларига кўра, ушбу технологик платформа ҳозирги кунда дунёдаги энг қиммат 20 та компанияси рўйхатига кирмайди. 

Метакоинот билан боғлиқ тажрибанинг муваффақиятсиз чиққани Meta компаниясининг сўнгги чорак молиявий натижалари эълон қилинганида ойдинлашди. Бу эса бозорнинг қулашига олиб келди. 

Meta хабарига кўра, 2022 йилнинг учинчи чорагида компания даромади 4,4 млрд долларни ташкил қилган. Бу ўтган йилги 9,2 миллиард миқдоридаги даромадга нисбатан 2 баробар кам. 

Бу янгилик ортидан Meta акциялари қиймати 25 фоизга тушиб кетди, бу феврал ойидан бери энг ёмон бир кунлик пасайишдир. 

Танқидчилар муваффақиятсизликда метакоинот айбдор деб ҳисоблашади. 

«Meta ҳамма нарсасини ҳали ҳам мавжуд бўлмаган метакоинотга тикди ва бу лойиҳа самара бермаяпти», деди GlobalData таҳлилчиси Рейчел Фостер Жонс.  

Эълон қилинган ҳисоботларга кўра, Meta бу лойиҳа ҳали харажатларни қопламаган бўлса-да, сармоя киритишда давом этмоқда. 

«Кўплаб одамлар бундай сармояга қўшилмаслигини тушунаман», деди Цукерберг метакоинот ҳақида.

Meta 2022 йилда метакоинот яратувчиси Reality Labs компаниясига 9 миллиард доллар сарфлаган. Ўтган йили эса 10 миллиард доллар. Meta лойиҳага сарфланган харажатлар 2023 йилдан кейин қопланишини айтмоқда. Аммо ҳозирча фақат пул сарфлашда давом қиляпти. 

Bloomberg таҳлили шуни кўрсатдики, 38 ёшли Цукерберг сўнгги 13 ой ичида дунё миллиардерлари орасида «энг катта зарбага» учради. Ҳозирги вақтда унинг бойлиги 38,1 миллиард долларга тушиб қолган. Ўтган йилнинг сентябрида Цукерберг бойлиги 142 миллиард долларга тенг эди. 

Мавзуга оид