Ўзбекистон | 17:37 / 29.10.2022
8504
2 дақиқада ўқилади

Энди Тошкентда вақтинчалик прописка планшет орқали расмийлаштирилади – ҳукумат қарори

2022 йил 1 ноябрдан 2023 йил 1 сентябрга қадар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фуқаролар вақтинча турган жойи асосида махсус планшет қурилмалари орқали рўйхатга олиш бўйича тажриба-синов ўтказилади. Электрон рўйхатга олиш ички ишлар органлари таянч пунктлари ҳамда профилактика инспекторлари томонидан амалга оширилади.

Фото: Reuters

27 октябрда қабул қилинган ҳукумат қарорига кўра Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишнинг тажриба-синов тариқасидаги янги тартиби жорий этилмоқда.

Қарорда 2022 йил 1 ноябрдан 2023 йил 1 сентябрга қадар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фуқароларнинг вақтинча турган жойи асосида махсус планшет қурилмалари орқали электрон рўйхатга олиш бўйича эксперимент ўтказилиши таъкидланади. Ушбу вазифа ички ишлар органлари таянч пунктлари ҳамда маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларининг профилактика инспекторлари томонидан амалга оширилиши кўзла тутилган.

Ҳукумат қарори билан махсус планшет қурилмалари орқали вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланган.

Тажриба-синов доирасида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида вақтинчалик прописка фуқароларнинг хоҳишига кўра, қулай манзилдаги профилактика инспекторлари, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари, давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали томонидан расмийлаштириб берилади.

ИИВ ҳукумат қарорида кўзда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш учун АКТ вазирлиги билан биргаликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида вақтинча яшаш учун келган фуқароларни махсус планшет қурилмаси ёрдамида вақтинча рўйхатга олиш тизимини ишга тушириши ҳамда вазирликнинг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси электрон тизими билан интеграция қилиши керак.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида хизмат олиб бораётган профилактика инспекторлари икки ой ичида махсус планшет қурилмалари билан тўлиқ таъминланиши зарур.

2023 йил 1 сентябрга қадар эксперимент натижалари таҳлили асосида келгусида мазкур амалиёт республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этилиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан мана бу ерда тўлиқ танишиш мумкин.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид