Ўзбекистон | 19:03 / 29.10.2022
7056
2 дақиқада ўқилади

Операция вақтида ёш боланинг танасида бинт қолиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. ССВ буни рад этди

Теlegram-каналларида тарқалган видеода сурхондарёлик 4 ёшли бемор бола танасида операция пайти бинт қолиб кетгани ҳақида сўз боради. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ахборот ҳақиқатга зид эканини маълум қилди.

Фото: Видеодан кадр

Видеода боланинг саломатлиги ҳақида маълумот берган аёл (катта эҳтимол билан унинг онаси) фарзанди ёрғоғида чурра борлиги учун операция қилингани, жарроҳлик амалиёти вақтида унинг танасида бинт қолиб кетгани учун даволаниб чиқишга мажбур бўлгани, болакай ҳозир пешоб чиқара олмай иситмалаётгани, унда талваса кузатилаётганини айтади.

ССВ матбуот хизматига кўра видеодаги бемор бола 2018 йилда туғилган бўлиб, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳридаги Тинчлик маҳалласида яшайди. У 2020 йил 12 мартда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида “Ўнг томонлама чов ёрғоқ чурраси” ташхиси билан операция қилинган, жарроҳлик амалиёти муваффақиятли кечган.

“Амалиётдан сўнг К.А.да жароҳатлар асоратсиз битган ва операциядан 5 кун ўтиб, уйига рухсат берилган. Видеолавҳадаги бемор танасида операция чоғида бинт қолиб кетганлиги тўғрисидаги важлар эса ҳақиқатга зид. Қолаверса, ўша вақтда боланинг ота-онаси томонидан тиббиёт муассасасига жарроҳлик амалиёти юзасидан ҳеч қандай эътироз бўлмаган”, дейилади вазирлик баёнотида.

Таъкидланишича, операция боланинг чап чов соҳасида муваффақиятли ўтказилган ва амалиётдан сўнг асоратлар кузатилмаган.

“Бироқ вақт ўтиши билан беморнинг бошқа нуқтаси, яъни ўнг томонлама чов ёрғоқ чуррасида хасталик юзага келган. Видеолавҳада худди шу манзара тасвирланган.

Шу боис К.А. жорий йил яна жарроҳлик амалиётига муҳтожлиги туфайли 25 октябрь куни вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига даволаниш учун ётқизилди. Якуний тиббий текширувлардан сўнг у 27 октябрь куни онасининг илтимосига кўра, аввалги жарроҳлик амалиётини бажарган малакали шифокор А.О. томонидан операция қилинди. Айни пайтда боланинг аҳволи яхши ва у шифокорлар назорати остида тиббий муолажаларни давом эттирмоқда”, дея хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид