Жаҳон | 08:20 / 29.10.2022
9248
3 дақиқада ўқилади

Прагада ўн минглаб одамлар ҳукуматга қарши намойишга чиқди

Ташкилотчилар ҳукумат истеъфосини, энергия нархини пасайтириш ва Россия билан газ етказиб бериш бўйича музокаралар олиб боришни талаб қилишган.

Фото: AP

28 октябр, жума куни Прагада ўн минглаб одамлар ўнг марказ ҳукумат сиёсати, энергия нархининг ошиши ва Россия билан мамлакатга газ етказиб бериш бўйича музокаралар олиб боришга қарши бўлган ҳолда намойишга чиқди.

Намойишчилар бош вазир Петр Фиала бошчилигидаги ҳукумат истеъфосини талаб қилиб, уни ўз халқидан кўра Украинага кўпроқ эътибор қаратаётганликда айблади, деб ёзади AFP. Акция «Биринчи навбатда Чехия» ҳаракати ташаббуси билан ташкил этилиб, митинг миллий байрам – Мустақил Чехословакия давлати ташкил топган кунга тўғри келди.

Одамлар «биз миллий фалокат ҳукуматини истамаймиз», «уруш худди ҳукумат каби аҳмоқдир» ва «нархлар ошишини тўхтатинг» деган шиорлар билан чиқишди.

Ҳаракат ижтимоий тармоқларда 400 мингга яқин украиналик қочқиннинг Чехия томонидан қабул қилинишини танқид қилган. Акция ташкилотчилари орасида ўта ўнг сиёсий ҳаракатлар ва мамлакат Коммунистик партияси ҳам бор эди, деб ёзади Reuters.

Бош вазир Петр Фиала акцияга жавобан ҳар бир инсон шу тарзда намойиш қилиш ва ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга эканлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, расмийлар бу фикр-мулоҳазаларни енгил-елпи қабул қилмаяпти, бироқ айни пайтда одамлар ким, нима мақсадда норозилик уюштиришга чақираётгани ҳақида ўйлашлари керак.

Чехия Ички ишлар вазирлиги сентябр ойида 70 000 киши иштирок этган шунга ўхшаш намойишни «Кремлпараст тарғибот усули»ни тарғиб қилиш деб таърифлади, деб эслайди Bloomberg.

Бугунги акциядан сўнг Чехия бош вазири ўринбосари ва ички ишлар вазири Вит Ракусан «бу намойишларга чақираётган ва уюштирганларга қарши эканини» ёзди. «Мен уларнинг мақсадини тушунмаяпман. Бу одамлар Россиянинг бешинчи колоннаси», - деди у.

Митинг «Биринчи навбатда Чехия» ҳаракати томонидан мамлакатнинг НАТОдан чиқиши ва Москва билан алоқаларни қайта тиклашга чақирувчи учинчи шундай акция бўлди. Биринчи митингда 70 000 га яқин одам қатнашган бўлса, сентябрь ойида ҳам бўлиб ўтган навбатдаги митинг, расмийларга кўра, «ўн минглаб камроқ одамларни» жалб қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид