Жаҳон | 20:06 / 30.10.2022
19498
19 дақиқада ўқилади

«Маблағлар адолатсиз тақсимланмоқда»: Россияда Москва ва москваликларни нега ёқтиришмайди?

Бугун Россиянинг турли ҳудудларида яшовчи одамларнинг бир қисми Москва ва москваликларни ёқтирмаслигини яширмайди. Улар ўз минтақаси пойтахтдан узоқда жойлашгани учун эътибордан четда қолиб келаётганини айтади. Шунингдек, Москва шаҳри учун кўп маблағ сарфланиши, бу ерда бошқа ҳудудларга қараганда кўпроқ маош ва пенсия тўланиши уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб келмоқда.

Фото: Kun.uz

2022 йил 21 сентябр куни Владимир Путин Россияда қисман сафарбарлик эълон қилди. Орадан бир ойдан сал кўпроқ вақт ўтди ва қисман сафарбарлик Россиянинг турли ҳудудларида турлича кечмоқда.

Жумладан, 2022 йил 22 сентябр куни Рамзон Қодиров Чеченистонда сафарбарлик бўлмаслигини, республика урушга одам жўнатиш режасини «ошириб бажаргани»ни айтиб чиқди.

Қодировнинг гапи бошқа ҳудудлар аҳолиси томонидан норозилик билан қарши олинди. Оқибатда, Чеченистонга қўшни бўлган Доғистонда намойишлар бўлиб ўтди.

2022 йил 17 октябр куни Москва мэри Сергей Собянин пойтахтда қисман сафарбарлик тугаганини маълум қилди. Бошқа субъектларда эса сафарбарлик ҳануз давом этмоқда.

Айримларнинг фикрича, қисман сафарбарлик бўйича Москвага режа кам қўйилган. Бунинг устига, режа бажарилмасдан пойтахт мэри пойтахтда қисман сафарбарлик якунланганини эълон қилди

Аввалроқ, Давлат думасининг Мудофаа бўйича қўмитаси вакили, коммунист Виктор Соболёв Москва шаҳрига «арзимас миқдорда» режа қўйилганига қарамай, сафарбарлик топшириғи атиги 50 фоизга бажарилгани ҳақида баёнот берган ва бу ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. «Мана, москваликлар қанчалик чириган бўлиб чиқди», деган эди Соболёв «Подъём» нашрига.

Бугун Россиянинг турли ҳудудларида одамлар нафақат Украинага қарши бошланган уруш туфайли, балки бошқа сабаблар билан ҳам Москва ва москваликларни ёмон кўришини яширмайди. Уларга кўра, Россия раҳбарияти ҳудудлар аҳолисига нисбатан ҳар томонлама адолатсизлик қилмоқда.

Субъектлар аҳолисининг Москва ва москваликларни ёқтирмаслигининг сабаби нимада? «Московский комсомолец» нашри томонидан аввалроқ эълон қилинган қўйидаги мақолада Россиянинг турли ҳудудларида яшовчилар нега Москва ва москваликларни ёқтирмаслигига изоҳ берган.

Бу мавзуда изоҳ олинганларнинг аксариятини ўрта ёшдаги ва аҳолининг ўртаҳол қатламига мансуб бўлган, турли касбдаги инсонлар ташкил этган.

Россиянинг узоқ минтақаларида яшовчиларнинг айтишича, улар Москва ва москваликларни умуман ёқтиришмайди. Россия Федерациясидаги барча субъектларда пойтахт ва москваликларга нисбатан нафрат бор. Шунчаки кўпчилик буни ошкор этмайди ва зимдан нафратланади.

Шунингдек, нашр ходимлари азалдан Москва ва москваликларни ёқтирмайдиган Кавказ республикалари ёки Татаристон каби минтақалар аҳолисидан изоҳ олмаган. Миллатлараро низо чиқармаслик учун улар асосан рус миллатига мансуб кишилар билан суҳбатлашган.

Суҳбатдошларнинг аксарияти тасодифан аёллар бўлган. Улар ҳар қандай нафратнинг сабабларини сиёсий тарафдан эмас, балки яшаш шароитидан келиб чиққан ҳолда, иқтисодий тарафдан баҳолаган.

Нашр ходимларининг мақсади ҳам шу бўлган – изоҳ берадиганлар ўзининг Москва ва москваликларга нисбатан бўлган нафратини пойтахтда Кремль ва «Оқ уй» жойлашгани учун эмас, бошқа сабабларни кўрсатиб гапириши қизиқ. Улар қисман ўз мақсадига эришган ва изоҳ берган одамларнинг аксарияти нега Москва ва москваликларни ёқтирмаслигини яхши далиллар билан очиб берган.

Шундай бўлса-да, барибир сиёсатдан қочиб бўлмаган ва изоҳларнинг бир қисмида одамлар сиёсий масалалар ҳақида ҳам фикр билдиришган.

Александра, Санкт-Петербург:

«Мен Москвада муваффақият билан ишлаётган питерликман (Санкт-Петербург назарда тутилмоқда), лекин ҳар сафар она шаҳримга қайтганимда, ичимда ғазаб кучаяди. Бу қандайдир бемаъни нафрат эмас. Бу объектив ғазаб.

Ресурслар тенг ажратилмаётгани ва Питерда аҳвол оғирлиги жаҳлимни чиқаради. Петербургда бобом ва бувим ноябрдан апрелгача тозаланмайдиган кўчалар туфайли ўз квартирасидан чиқа олмайди. Москвадаги мавзеларнинг ҳар бир ҳовлисида эса кўча тозаловчи машина тайёр туради.

Санкт-Петербургда Москвадан кўра кўпроқ тирбандликлар мавжуд. Аммо уларни ечиш учун бу ерда Москвада амалга оширилаётган ишларнинг мингдан бири ҳам бажарилмайди. Сабабини сўрасангиз: маблағ йўқ!

Пойтахтда кўп нарсалар бошқа минтақаларга қараганда арзон, улар ҳудудларга Москва орқали тарқатилади. Бу учун эътироз билдирсангиз: «Москвага кўчиб бориб, у ерда яшаш ва ишлашингизга ким тўсқинлик қилмоқда?» деб танбеҳ ҳам беришади.

Шунинг учун бошқа шаҳарларга нисбатан устунлик берилгани, бошқа минтақадан борганларга, хорижлик меҳнат муҳожирларига, пули кам одамларга, уйсизларга ва бошқаларга тоқатсизлик қилишлари туфайли Москва ва москваликларни ёқтирмайман».

Олга, Воронеж:

«Нафратимиз москваликларга эмас, балки ресурсларни адолатсиз тақсимлаётган Москвага бўляпти. Ҳудудларда оз маблағ қолдирилиб, барча солиқлар марказга юборилади.

Минтақалар Москвадан субсидияларни кутиб яшайди. Билишимча, ҳудудларга сайлов натижаларининг қандай кўринишда бўлишига қараб маблағ ажратилади. Овоз бериш натижалари қанча юқори бўлса, шунча яхши пул беришади. Субъектларда арзимаган ишлар ҳам Москванинг хоҳишига қараб қилинади. Бундай тартиблар одамларни жуда ғазаблантиряпти.

Нафақа тўлаш тизими ҳам адолатсиз. Бувим Воронежда, унинг синглиси Москвада яшайди. Бувим ва синглиси бир хил стажга эга, бир хил шароитда ишлаган. Аммо уларга берилаётган нафақа миқдори кескин фарқ қилади. Шунчаки бувим вилоятда яшагани учун унга Москвадаги синглисига қараганда икки баробар кам нафақа беришади».

Олга, Калининград области:

«Минтақамизда москваликлар ва «москали»ларни тез фарқлаб олишади. Москваликлар – жуда одобли, оддий одамлар бўлишади. Улар минтақамизга келишади, хонадонлар сотиб олишади, бизнинг тарихимиз билан қизиқишади.

«Москали»лар – одатда минтақамизга юборилаётган мансабдор шахслар. Улар ўзини босқинчилар каби тутади: ҳар қанча аҳмоқ бўлса ҳам Москванинг барча буйруқларини сўзсиз бажаради. Улар аҳолининг фикрига тупуради ва қулоқ солмайди, минтақамиздан фақат пул ўғирлаб кетиш пайида бўлади.

Улар 2011 йилда Калининградда онкология маркази қурилиши бошлаганини эълон қилишди, аммо у ҳануз қурилгани йўқ. 2011 йилда Болтиқ атом электр станцияси қурилишини бошлашди ва электр энергияси билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга ваъда беришди. 3 йилда қурилишга 50 миллиард рубл сарфлангандан сўнг уни музлатиб қўйишди.

Улар АЭС ўрнига кўмир билан ишлайдиган 4 та иссиқлик электр станциясини қуришди. ИЭСлар қурилишига экоҳаракат вакиллари қарши бўлди, аммо «москали»лар бу қаршиликни бир тийинга ҳам олмади.

Россия қонунчилигида азалий муаммо бор: «Москали»лар ҳар доим минтақа аҳолиси манфаатларини ҳисобга олмаган ҳолда қарорлар қабул қилади. Калининградликларда божхона билан боғлиқ эски муаммолар бор. Божхона ходимлари «Россиядан Россияга» олиб кетилаётган юкларнинг 80 фоизини текширади. Улар ҳатто Калининград областидан Россияга кўчиб ўтаётган фуқароларнинг шахсий буюмларидан ҳам божхона тўловларини ундиришга ҳаракат қилишмоқда.

Калининградга келаётган газ қувури Литва ҳудуди орқали ўтади. Россиядан Калининград областига берилаётган газ учун божхона тўлови олиняпти. Минтақа аҳолиси учун берилаётган газ нархи мамлакатда энг қиммат ҳисобланади. Шундай экан, «москали»ларни ёқтирмаслик учун бизда етарлича сабаблар бор».

Злата, Ижевск:

«Биз, москваликлар семириб кетяпти деб ҳисоблаймиз. Буни, мен ва ойим Москвага кўчиб ўтганимиздан сўнг, қисқа вақтга она шаҳримиз Ижевскка келганда ҳис қилдик. Ҳамма Москвадаги барча кексаларнинг катта миқдорда пенсия олишини гапиради. Танишлар онамдан «Собяниннинг катта миқдорда пенсия тўлаши сизга маъқулми?» деб сўрайди. Афсуски, Москвада яшаётган барча кексалар ҳам катта миқдорда пенсия олмайди.

Москвага кўчиб келган кексалар катта миқдорда пенсия олиши учун бу ерда рўйхатдан ўтиб ўн йил муқим яшаши керак. Шундан сўнг улар бошқа москвалик кексалардай катта миқдорда пенсия олади. Унгача ҳатто Москва «прописка»сини олган бўлса ҳам ўз ҳудудида қанча миқдорда пенсия олган бўлса, ўшанча тўлашади. Адолатсиз тизимни кўряпсизми? Ҳатто нафақадагиларни ҳам ажратиш бор.

Кўпчилик менга ҳавас қилади, ҳаётим яхши эканини айтади. Москвада яхши иш ҳақи олишимни таъкидлашади. Москвада имкониятлар юқорилиги, унинг ёшлар учун ишлайдиган жойнинг тайини бўлмаган Ижевскдан фарқ қилишини айтишади. Ҳеч ким маошимнинг катта қисмини ипотека кредитлари учун тўлашимни, Москвадаги жуда юқори нархлар учун сарфлашимни инобатга олмайди.

Москва ва москваликларга нисбатан бўлган нафратим Ижевск марказидаги аёллар либослари дўконига кириб, кийим-кечак сотиб олганимда авжига чиқади. Дўкондаги маҳсулотлар жуда сифатли ва нархлар Москвадаги дўконлардагига қараганда уч баравар арзон.

Ижевскка келганимизда ҳар доим шу дўкондан харид қилишга ҳаракат қиламиз. Нархлар арзон бўлишига қарамасдан бу ерда харидорлар сотувчиларга нималар дейишмайди: «Бизни пул туғадиган товуғимиз йўқ. Шунингдек, пулни ердан супуриб ҳам олмаймиз».

Бечора дўкон эгаси бундай гапларни эшитиб хафа бўлади. Тушумнинг фақат бир фоизига эга бўладиган сотувчилар ҳар қанча гапга чидашади ва харидор кирганидан хурсанд бўлишади».

Анастасия, Саров (Мордовия Республикасидаги шаҳар):

«Мен пойтахтдаги коллежлардан бирига ҳужжат топширмоқчи бўлдим, аммо қабул қилишмади. Маълум бўлишича, агар Москва шаҳрида ёки областида рўйхатдан ўтмаган бўлсангиз, сиз пойтахтдаги коллежда ўқиш ҳуқуқига эга бўлолмас экансиз. Уларда фақат москваликлар ва Москва областида доимий яшовчилар ўқий олар экан. Кимки Москва пропискасига эга бўлмаса у ерда ўзи орзу қилган касбни эгаллай олмайди.

Бу орада Москвадаги поликлиникада ҳам муаммога дуч келдим. Менга шифокор керак эди, лекин улар мени эшикдан қайтаришди. «Доимий рўйхатдан ўтмаганмисиз, «прописка»нгиз йўқми, унда сизни қабул қила олмаймиз» дейишди.

Мен Россия фуқаросиман. Бизда тиббий хизмат кўрсатиш бепул. Аммо Москвада «прописка» бўлмаса, мен бу шаҳарда бепул тиббий ёрдам ҳам ололмайман. Шу адолатданми? Охири, яқинда Саровга қайтганимда шифокорга бордим».

Анна, Астрахан:

«Баҳорда, Волгада сув тўлиб оқа бошлаганда, москваликлар Астраханга балиқ овига келишади. Ўшанда авиачипталарга талаб ўсади ва уларнинг нархи ўн бараварга ошиб кетади. Ана шундай пайтда бошқа шаҳарларда яшайдиган ва ишлайдиган астраханликлар уйга қайтиши жуда қийин бўлади.

Бундай ҳолатларда сиз поезд чиптасини сотиб олиб, плацкарт вагонда 30 соат давомида қийналиб юришга мажбурсиз. Москваликлар эса самолётларда учади. Чунки уларда пул бор ва улар уни тежаш ҳақида умуман ўйлашмайди. Икки соат учишади ва қарабсизки улар Астраханда. Астраханда балиқ овлаш москваликлар учун аллақачон урфга айланиб бўлган.

Ўтган йили, май ойида, мен шошилинч Астрахандан Москвага учишим керак эди. Чипта одатда 2 минг рубл туради. Аммо мен уни 30 минг рублга сотиб олишга мажбур бўлдим. Самолётга чиққанимда ҳушимдан айрилаёздим. Барча йўловчилар, шу жумладан кичик болаларгача Gucci брендига бурканган эди. Кичкинтойлар ҳам Gucci спорт костюмларини, кроссовкаларини кийиб олишган экан».

Алексей, Ставропол:

«Москвани, нафақат барча пуллар у ерга берилаётгани учун, балки аксарият истеъдодли ёшлар ҳам минтақаларни тарк этиб у ерга кетаётгани учун ёқтирмайман. Натижада, минтақалар ривожланишдан тўхтаб қоляпти.

Шунингдек, маҳаллий ҳокимият идоралари барчасини Москвадан кўр-кўрона ўзлаштираётгани, оқибатда минтақаларнинг ўзига хос хусусиятлари йўқолиб бораётгани мени ғазаблантиради. Бунинг натижаси ҳаммага маълум: Москва минтақаларнинг ўзига хос хусусиятларини кўра олмайди».

Валентина, Оренбург:

«Москва ва москваликларни ёқтирмаслигимнинг сабаби минтақалар аҳолиси ва москваликлар ўртасидаги турмуш тарзида жуда катта фарқ бор. Сиз ҳолатни тасаввур ҳам қила олмайсиз.

Москвада ҳар бир маҳаллада каучук билан қопланган спорт майдончалари мавжуд. Оренбургда эса улар умуман йўқ. Мен йўллар, уйларнинг кириш жойлари, уй-жойларнинг ҳолати ҳақида гапириб ўтирмайман.

Тиббий хизмат масаласида ҳам фарқ жуда катта. Оренбургда одамлар шунчаки тиббий хизмат жуда сифатсиз бўлгани учун бевақт жон бермоқда. Ўтган ойда иккита қариндошимиз юракдаги муаммолар сабабли вафот этди. Бири 43, иккинчиси 50 ёшда эди. Иккаласи ҳам вафотидан аввал узоқ даволанди, аммо нафи бўлмади.

Бепул сифатли тиббий хизмат деган гаплар шунчаки ёлғон. Ҳатто яқинда касалхонада даволанаётган набирамни жасадини чиқариб беришларига сал қолди. Қанчалик ёмон ҳаёт кечираётганимизни тасаввур ҳам қила олмайсиз.

Менда москваликларга нисбатан нафрат йўқ. Шунчаки, ҳозир энг яхши таъминот уларда бўлса ҳам, москваликлар бошқа ҳудуддагиларга доим қаҳр-ғазабларини сочишади. Бугун барча ҳокимият уларнинг қўлида-ку! Москваликлар одатда анча совуқ муомалали инсонлар».

Олга, Новосибирск:

«Кўпчилик Москвани қарорлар қабул қилишни марказлаштириш, лоббистларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудлардаги қазилма бойликларни олишда маҳаллий бизнесменларни четга суриб, марказ компаниялари уларнинг ўрнини эгаллаб олиши каби ишлар учун ёқтирмайди.

Бундан ташқари, кўпчилик Москвани минтақалар ўртасида тенг алоқалар олиб бормаслиги, ресурсларни марказдан туриб бошқариши ва солиқлардан имтиёз берилиши учун ёқтирмайди. Оддий москваликларнинг буларга алоқаси йўқлиги аниқ. Аммо Москвани ёқтирмасликнинг бир учи уларга бориб тақалади».

Антон, Красноярск ўлкаси:

«Бизнинг еримиз (Красноярск ўлкаси назарда тутилмоқда) нефт, газ ва никелга жуда бой. Аммо минтақамиздан келаётган барча маблағ Москвага кетади. Сўнг, федерал бюджетдан Красноярск ўлкаси учун қанча пул ажратилишини Москва ҳал қилади. Оқибатда, ўлкадан барча пул олиб кетилаётгани ҳамда минтақани ободонлаштириш ҳақида ҳеч ким шуғулланмаётгани маълум бўлади.

Масалан, бизда давлатга катта фойда келтираётган «Норильский никель» компанияси бор. Аммо бугун Норильск шаҳрига кириб бўлмайди. Шаҳарнинг ҳавоси заҳарланиб бўлган. Уни тозалашни ҳеч ким ўйламайди. Шу учун бу ерда одамлар ифлосланган ҳаво туфайли нисбатан ёш ўлиб кетяпти.

Ёки Красноярскни олинг. Минтақадаги йирик газ конларидан мунтазам газ қазиб олинмоқда. Аммо Красноярскнинг ўзи ҳам ҳали газ билан тўлиқ таъминланмаган. Шаҳар йил давомида электр энергияни ГЭСлар ва кўмир ёқадиган ИЭСлардан олади.

Шу сабабли ҳар йили қишда биз «қора осмон» режимига ўтамиз. Бутун шаҳар тумандай қора тутун билан қопланади ва умуман нафас олиб бўлмай қолади. Кейин эса Москвадан экология вазири келиб, шаҳар мэри ва ўлка губернаторига янги йил олдидан завод трубаларини Москвадаги каби байрамона чироқлар ҳамда гулчамбарлар билан безашни маслаҳат беради. Уларнинг шаҳар ҳавоси ифлосланётгани билан иши йўқ.

Минтақа ҳавосини заҳарлаётган фабрика ва заводлар ўзи жойлашган субъект учун ҳеч нарса бермайди. Чунки улар Москвада ўтирган жанобларга тегишли.

Шу ўринда маҳаллий аҳолида табиий савол туғилади: Нима учун москваликлар, табиатимизни яксон қилиб, ўзимизни заҳарлаб, яна пулимизни олиб кетиб, одамларни ўз уйларини тарк этиб кетишига сабабчи бўляпти?

Бу ҳолат ҳозир яққол кўринмоқда: даҳшатли экологик фалокат туфайли кўп одамлар ҳақиқатан ҳам бу минтақадан бошқа жойларга кўчиб кетмоқда.

Красноярскда одамлар Москва борлигини умуман билмайди. Улар у ерда умуман бўлмаган, москваликларни кўрмаган, улар учун Москва – бу мутлақо бошқа мамлакат».

Нино, Якутск:

Ёқутистон минерал хомашё захираси бўйича мамлакатда биринчи ўринда туради. Унинг хомашё салоҳияти 78,4 триллион рублни ташкил этади. Россия олмосининг 95 фоизи Ёқутистонда қазиб олинади.

Республика олтин қазиб олиш бўйича мамлакатда 3-ўрин, сурма ва қалай ишлаб чиқариш бўйича етакчи ўринларни эгаллайди. Ёқутистонда мамлакатда аниқланган кўмир захираларининг 47 фоизи, Шарқий Сибир ва Узоқ Шарқдаги табиий газ ва нефть заҳираларининг 35 фоизи аниқланган.

Юқоридаги барча манбаларни ҳисобга олган ҳолда, бундай бой республика аҳолисининг -50 даража совуқ ҳароратда шароитлари яхши бўлмаган уйларда яшаши тўғрими?

Республикадан қазиб олинаётган қазилма бойликлар Якутиядаги аҳоли пунктларини бир-бири билан боғлайдиган оддий йўлларни қуриш учун етарли эмасми?

Бугун Ёқутистон аҳолиси сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятига эга эмас. Аксарият одамлар жиддийроқ даволанишга муҳтож бўлганда республика марказига бора олмайди. Тузукроқ автомобил йўллари бўлмаган ушбу республикада бунинг иложи ҳам йўқ.

Ёзда республика пойтахти Якутск шаҳрига бориш учун сиз Худодан ёмғир ёғмаслигини ёлвориб сўрашингиз керак. Акс ҳолда, ярим йўлда қолиб кетасиз.

Конституцияга киритилган ўзгартиришлар бўйича ўтказилган референдумда Ёқутистон аҳолиси суст қатнашди (2020 йилда Конституцияни ўзгартириш бўйича ўтказилган референдум назарда тутилмоқда) ва бу ўзгаришларга қарши овоз берганлар ҳам кўп бўлди.

Натижалар эълон қилинганида Якутск шаҳри мэри республика аҳолисининг мухолифат томонда бўлганига ва расмий Москвага нисбатан норозилик кайфиятида эканига ўзининг ҳеч қандай алоқаси йўқлиги ҳақида мутлақо тўғри гапларни гапирди: «Келинг, одамлар қандай оғир шароитда яшаётганини ўз кўзингиз билан кўринг, ана шунда сизга ҳаммаси тушунарли бўлади».

Бу ерда гап Москвани ёки москваликларни ёқтирмаслик ҳақида эмас, ёқутлар ҳар доим ўзларини бошқа халқ, ўзгача тил, турли урф-одатларга эга эканликларини ҳис қилиб яшашган. Бу ерда одамлар шунчаки ҳаёт кечирмоқда, уларга сиёсатнинг қизиғи йўқ.

Аммо республика раҳбари, Ёқутистоннинг табиий захиралари унга Бирлашган Араб Амирликларида юз бераётган иқтисодий тикланишга эришишга имкон беришини эълон қилганда, ҳамма уни масхара қилади.

Ҳақиқатан Ёқутистон ва БАА бойликларининг қиймати қарийб тенг. Аммо Ёқутистоннинг Москвага берадиганлари ва оладиганлари ўртасида катта тафовутлар борлиги сабабли бу республика иккинчи БАА бўлиш у ёқда турсин, тузукроқ шароитга ҳам эга бўлолмаяпти. Қисқаси, бойликлар бисёр, яшаш тарзи эса хароб. Нега шундай?»

Кўриниб турибдики, Москва бугун ўзининг юқори турмуш даражаси билан бошқа минтақалардан кескин ажралиб турибди. Бунинг устига москваликларнинг аксарияти, бошқа минтақаларнинг аҳолисини биргина ўзи пойтахтлик бўлгани учун камситишга тайёр.

Бугун Россияда пойтахт ва федерал субъектлар аҳолиси ўртасида зимдан нафратланиш бор ва вазият анча носоғлом. Украинага қарши бошланган уруш фонида бу нафрат баттар кучаймоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид