Жаҳон | 17:18 / 31.10.2022
7772
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған: Туркия «ғалла битими» доирасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттиради

Фото: Reuters

Туркия Россиянинг келишувдаги иштироки тўхтатилганига қарамай, Қора денгиз ғалла ташаббусини амалга ошириш учун саъй-ҳаракатларини давом эттиради. Бу ҳақда мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған маълум қилди

«Агар Россия бир хил имтиёзларни олмагани учун ўзини қатъиятсиз тутса ҳам, биз инсоният манфаатини кўзлаган қатъий саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз», — дея Эрдўғаннинг сўзларини келтиради Reuters агентлиги. 

Туркия президенти Туркия ва БМТ воситачилигида эришилган келишув Украинадан 9,3 миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини таъминлаш орқали глобал озиқ-овқат инқирозини юмшатиш имконини берганини қайд этди.

Бундан олдин Украина инфратузилма вазири Александр Кубраков мамлакат портларидан озиқ-овқат маҳсулоти солинган 12 та кема чиқиб кетгани ҳақида ёзганди.

БМТ ва Туркия делегациялари «ғалла ташаббуси» доирасида 40 та кемани текшириш учун 10 та инспекторлар гуруҳини тақдим этмоқда, деб хабар берди у. 

Кубраковнинг таъкидлашича, юк ташувчиларни текшириш режаси Украина томонидан қабул қилинган ва бу ҳақда Россия делегацияси хабардор қилинган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид