Жаҳон | 10:58 / 31.10.2022
8335
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея ва АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг кенг кўламли машғулотларини бошлади

Жанубий Корея ва АҚШ Шимолий Кореянинг ракета учиришига жавобан қўшма машғулотларни бошлади. Манёврларда минглаб ҳарбий хизматчилар ва юзлаб самолётлар, жумладан, стелс технологиясига эга яширин қирувчи самолётлар иштирок этади.

Фото: AP

АҚШ ва Жанубий Корея Корея яриморолида 240 та жанговар самолётлар, жумладан, стелс технологиясига эга F-35 қирувчи-бомбардимончи самолётлари иштирокида кенг кўламли қўшма ҳаво кучлари машғулотларини бошлади. Бу ҳақда 31 октябр, душанба куни Жанубий Кореянинг «Ёнҳап» агентлиги хабар қилди. 

Хабарларга кўра, «Сергак пўртана» манёврлари доирасида 1600 га яқин жанговар парвозлар режалаштирилган. Иттифоқчиларнинг айтишича, бу йил рекорд даражадаги ракета учиришларини амалга оширган Шимолий Кореядан келаётган эҳтимолий таҳдидга қарши туриш учун бундай тайёргарлик зарур. Бундан ташқари, Сеул Пхенян тез орада ядровий синовлар ўтказиши мумкинлигидан хавотирда. 

Аввалроқ АҚШ Тинч океани ҳаво кучлари қўмондонлигида маълум қилинганидек, машғулотларда минглаб кореялик ва америкалик ҳарбийлар ҳам иштирок этади. Бундан ташқари, Австралия қироллик ҳарбий-ҳаво кучларининг 33-сонли эскадрильяси Жанубий Кореяга KC-30A ёнилғи қуйиш самолётини юборади. Манёврлар 4 ноябрь, жума кунигача давом этади. 

Жанубий Корея Шимолий Корея иттифоқчиларнинг машғулотларига жавобан баллистик ракеталарни учириш орқали ўз кучини кўрсатишга уриниши мумкинлигини истисно этмаяпти. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид