“Нафас олиб бўлмайди” — Нобел мукофоти соҳиби Тошкент ҳавосининг ифлослиги ҳақида
Нобел фестивали доирасида Тошкентга келган кореялик профессор Рае Квон Чунг шаҳар ҳавоси жуда ҳам ифлослигини сезганини айтди. Нобел мукофоти лауреати муаммо ечими учун жамоат транспортларини кўпайтириш кераклигини таъкидлади. Расмий маълумотга кўра, пойтахтда атмосферага зарарли ташланмаларнинг 93 фоизи автомобилларга тўғри келади.
Тошкентда ҳавонинг ифлослигидан нафас олиб бўлмаслигини сездим, деди шаҳарга меҳмон бўлиб келган Нобел мукофоти лауреати Рае Квон Чунг.
Кореялик профессор фаолияти давомида БМТ бош котибининг иқлим ўзгариши масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаган, 2017 йилда тинчлик йўналишида Нобел мукофотини олган. У 24-27 октябр кунлари биринчи марта Тошкентда бўлиб ўтган V Нобел фестивалида иштирок этди.
“Тошкентга келган куним (24 октябрь) бахтимга ёмғир ёғаётган экан, ҳаво жуда тоза эди. Лекин ёмғир тингач, ҳақиқатан ҳавонинг ифлослиги, нафас олиб бўлмаслигини сездим. Шахсий машиналарнинг кўплиги, улардан чиқаётган заҳарли тутун туфайли шаҳар ҳавоси меъёридан-да ёмонлашиб бормоқда. Айнан шулар ҳам Тошкент ҳавосининг ифлосланишига сабаб бўлмоқда. Қандайдир ечимини албатта топиш шарт”, – деди у Gazeta.uz'га берган интервьюсида.
Рае Квон Чунгнинг айтишича, шаҳарда ҳаво ифлосланишини камайтириш учун жамоат транспорти ривожлантирилиши керак.
“Сизлар жамоат транспортига эътибор қаратишингиз, уларни кўпайтиришингиз керак. Бу ўта муҳим масала. Агар одамлар шахсий машинасини ҳайдаб юраверса, вазият бундан ҳам ёмонлашади. Одамлар шаҳар ичига ўз автомобилида кирмагани маъқулроқ”, – дейди у.
Меҳмоннинг қайд этишича, жамоат транспортининг тезлиги ва сифатли хизмати таъминланса, одамлар албатта ундан фойдаланади.
Куни кеча Экология қўмитаси берган ахборотга кўра, Тошкентда атмосферага зарарли ташланмаларнинг 93 фоизи (397 минг тонна) автомобилларга тўғри келади. Республика миқёсида эса бу кўрсаткич ўртача 58 фоизга (1,4 млн тонна) тенг.
Эслатиб ўтамиз, 17 октябр оқшомида Тошкент шаҳри ҳавонинг ифлослиги бўйича дунё шаҳарлари рейтингида 1-ўринга чиқди.
Мавзуга оид
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
20:44 / 06.11.2024