Иқтисодиёт | 18:00 / 01.11.2022
55778
8 дақиқада ўқилади

ДСҚнинг янги талаби ортидан QR-код орқали тўловлар имконияти чекланиб қолди. Бунга реакция қандай бўлмоқда?

1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистондаги дўконлар ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида Click, Payme, Apelsin каби тўлов тизимлари орқали QR-коддан фойдаланган ҳолда тўлов қилиб бўлмай қолди. Давлат солиқ қўмитаси тўлов тизимларидан ҳам электрон чек талаб қилмоқда. Фаоллар бу амалиётнинг фойдасидан зарари кўпроқ бўлишидан хавотирда.

Фото: Depositphotos

Ўзбекистондаги бир қатор тўлов тизимлари бугун, 1 ноябрдан бошлаб QR-код орқали тўловлар ва бошқа бир нечта хизматларини вақтинча тўхтатиб туришга мажбур бўлди.

Солиқ қўмитасининг барча чекларни фискаллаштириш талаби ва санкциялар таҳдиди ортидан, тўлов тизимлари техник ишларни амалга оширишига тўғри келяпти.

Бу – чакана савдода харидорлар ва сервис хизматлари мижозларига ноқулайлик келтириб чиқаряпти. Фаоллар Солиқ қўмитасининг ҳаракатини танқид қилмоқда. Қўмита кешбэк йиғувчи фуқаролар манфаатини кўзлаб шундай қилганини билдирди.

Айрим тадбиркорлар фақат нақд пулда ишлашга мажбур бўлиб қолди

1 ноябр куни QR-кодли тўловлар тўхтатилгани ҳақида Click, Payme ва Apelsin тўлов тизимлари ҳамда Korzinka, Evos каби савдо ва хизмат кўрсатиш тармоқлари хабар беришди.

Айни пайтда, қатор интернет-дўконлар ва етказиб бериш хизматлари фақат нақд пул ёки картадан картага пул ўтказмалари орқали ишлашига тўғри келмоқда (юзлаб курьерларнинг ҳаммасини терминал билан таъминлаб чиқиш имконсиз).

Payme баёнотида айтилишича, Давлат солиқ қўмитаси барча тўловларни фискаллаштиришни талаб қиляпти.

“2022 йил 1 ноябрдан Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган онлайн касса машиналари, тўлов ташкилотлари ва фискал маълумотлар оператори ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик схемаси кучга киради ҳамда тасдиқланган ўзаро ҳамкорлик схемасидан четга оғишлар солиқ органлари томонидан санкциялар қўлланишига олиб келади.

Ушбу вазият туфайли бизнинг жамоамиз шошилинч равишда техник ишларни амалга ошириши ва қуйидаги хизматларни вақтинча ўчириб туриши талаб этилади: жойида тўловлар, QR-код орқали тўлов, Payme Go, Telegram-каналлардаги тўлов ва баъзи бошқа тўловлар”, – дейилади тўлов тизими ахборотида.

Payme бу функциялар “имкон қадар тезроқ” ишга туширилишини таъкидлаган ва ноқулайликлар учун узр сўраган.

Маркетплейслар ва тўлов тизимларининг солиқ базаси билан интеграцияси

Давлат солиқ қўмитаси масала юзасидан учта изоҳ эълон қилди: маркетплейслар бўйича, тўлов тизимлари бўйича ва учинчиси – “оддий тушунтириш”.

Қўмитага кўра, товар ва хизматларини электрон тижорат платформалари (маркетплейс) орқали сотувчи тадбиркорлар учун савдо операциясини электрон шаклда солиқ органига юборган ҳолда, фискал белгили чекни тўғридан тўғри онлайн режимда шакллантириш имкони яратилган. Шунингдек, Давлат реестрига киритилмаган маркетплейсдан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Тўлов тизимларини эса онлайн-НКМга мажбурий равишда улаш ва шу орқали солиқ органларининг ахборот тизимларига 2022 йил март ойидан интеграциялаш талаби ўрнатилган. Бу талаб ижроси юзасидан март ойидан бери тўлов ташкилотлари билан 12 марта учрашув ўтказилган.

Янги тартибга кўра, аҳоли билан ҳисоб-китобларни электрон тўлов тизими орқали амалга оширганда, электрон фискал чек берилиши керак. Буни таъминлаш учун ҳозирда мавжуд 48 та электрон тўлов ташкилотидан 25 таси фискал маълумотлар операторига интеграцияни тўлиқ якунлаган.

“Айтиш жоизки, ҳозирги кунда харидлар учун тўловларни аксарият ҳолларда P2P қилиш (картадан картага ўтказиш) кузатилмоқда”, – дея ўз қарорини изоҳлаган ДСҚ.

Қўмита бироз вақт ўтиб эълон қилган “оддий тушунтириш”да шундай дейилади:

“Фуқаролар, яъни Сиз ва биз харидни амалга оширганимизда чек олишимиз ва ушбу хариднинг 1 фоизини кешбэк қилиб қайтариб олишимиз лозим. Бу – қонуний ҳуқуқимиз!

Шундай экан, мобил иловалар орқали тўлаганда чек ҳам шу иловада берилиши керак-да. Электрон чек учун эса кешбэк автомат ҳисобланади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан фискал белгили чек берилишини талаб қилиш бу нормал ҳолат ва тўғри қабул қилиниши керак деб ҳисоблаймиз”.

“Ўзидан тушови қимматга айланмаса гўрга эди”

Davletovuz Telegram-каналининг ёзишича, QR-код орқали тўловлар тадбиркорлар учун электрон тўловларни қабул қилишнинг энг арзон имконият эди.

“Чунки ҳеч қандай харажатга олиб келмаган – тўлов тизимига уланиб, принтерда QR-кодни чиқариб қўйиб, нақдсиз тўловларни қабул қилса бўларди. Нақд пулдан қочиш учун яхши имконият эди, энди яна тадбиркорга ортиқча харажат, истеъмолчига жабр.

Гўёки яширин иқтисодиётга қарши курашиш йўлида танланган ушбу чора Давлат солиқ қўмитасининг “қонун талаблари асосида ишлашимиз керак”, деган ақлли баёнотлари билан хаспўшланса керак.

Яна онлайн хизматлар, онлайн тўловлар тизими ривожи зарар кўради, одамлар ўз-ўзидан нақд пул билан муомала қилишга ўтади, бир-икки “ақллининг ташаббуслари”ни деб шунча иш бир жойга тиқилади. Ўзидан тушови қимматга айланмаса гўрга эди”, – дея ёзган блогер.

“QR-код орқали тўлов ўрнини картадан картага ўтказиш ёки шунчаки нақд пул эгаллаши мумкин”

Asaxiy.uz маркетплейси асосчиси Фируз Аллаев ДСҚнинг бу талаби “яна бир ноқулайлик” келтириб чиқаришини айтди.

“Сотувчидан чек талаб қилинишини тушунаман. Шу учун ҳам биздан солиқ базаси билан интеграция талаб қилишганда, қонун талабини бажардик. Биз интернет-дўкон сифатида солиқ базаси билан интеграция қилдик ва энди Asaxiy орқали қилинган ҳар бир буюртмага солиқ ўзи электрон чек жўнатади.

Сотувчидан чек талаб қилиниши, ҳар бир сотув солиқ томонидан ҳисобга олинишини тушунаман. Лекин, тўлов тизими шунчаки тўлов қабул қиладиган воситадир. Терминал ёки нақд пул қандай восита бӯлса, тўлов тизими ҳам тўлов қабул қилиш учун восита. Улар маҳсулот сотишмайди, шунчаки пулни сотувчига ечиб беришади, яъни виртуал терминал ролини ўйнашади. Бу ҳолатда улардан ҳам чек талаб қилиниши яна бир ноқулайлик, холос.

Умумий суммага сотувчи чек берганининг ўзи етарли бўлиши керак. Тўлов тизими олган комиссиясидан солиғини тўласин, лекин бу ишлашни мураккаблаштирмасин. Ҳозирги ҳолат солиқдан қочишни янада кучайтиради деб қўрқаман. QR-код орқали тўлов ўрнини картадан картага ўтказиш ёки шунчаки нақд пул эгаллаши мумкин”, – дея ёзди Фируз Аллаев.

Санкциялар

Давлат солиқ қўмитасининг эслатишича, агар тадбиркорлар ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибларни бузса:

  • Солиқ кодексининг 227-1-моддасига асосан молиявий санкция;
  • МЖтКнинг 175-моддаси 6-қисмига асосан маъмурий жарима билан жазоланади.

МЖтКнинг 175-моддаси 6-қисмига кўра, фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш ва солиқ органларига тегишли ахборот бериш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибни бузиш – мансабдор шахсларга БҲМнинг 100 баравари (!) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Эътиборлиси, бу норма кодекснинг русча талқинида мавжуд эмас. Яъни Lex.uz сайтидаги, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг русча талқинини кўрган фуқаро солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик йўқ деган хулосага келиши мумкин.

Мавзуга оид