Жамият | 18:04 / 01.11.2022
15878
12 дақиқада ўқилади

«Ўзлигимни жуда кеч англаганман» — қўшни холанинг ҳикояси

«Ўз уйим бўлиши хаёлимга ҳам келмаган. Бир кичкина уйнинг макетини олиб, «Мавжуда ҳожи онанинг уйи» деб ёздим-да дераза токчасига қўйиб қўйдим. Орадан йиллар ўтиб, мана, ўша орзумга эришдим», дея ҳикоя қилади қашқадарёлик қўшни аёл.

Фото: KUN.UZ

Бир йилча аввал ижара уйимга бир қўлимда оғир юк, бир қўлимда болам билан етиб келдим. Эшик қулф экан. Уй эгасига қўнғироқ қилдим. Фарзандидан ярим соатда калитни бериб юборишини айтди.

Қишнинг кунида ёш болани ярим соат совуқда кўтариб туриш азоб, шамоллаб қолмасин деб қўрқади одам. Синглим иккимиз юкларни эшик олдига қўйиб, фарзандимни бағримга босиб турсам, тўртинчи қаватдан бир онахон тушиб келди:

«Ассалому алайкум. Бу ерда нима қилиб ўтирибсизлар?»

Меҳрибонлик билан берилган бу савол ўша дамда «Зумрад ва Қиммат» эртагидаги сеҳргар момони эслатиб юборди. Салом бериб вазиятни тушунтирдик.

«Бу ерда ўтирманглар, қани туринглар, меникига кирамиз», — деб қўярда қўймай уйига бошлади.

Онахон бир зумда олдимизга дастурхон ёзиб, уни ноз-неъматлар билан тўлдириб ташлади. Сайловга кетаётганини, ярим соатларда ўзи ҳам қайтишини, ўз уйимиздек чой ичиб ўтиришимизни айтиб чиқиб кетди.

Уйда биздан бошқа ҳеч ким йўқ. Мен синглимга, синглим менга қарайди. Тавба, ҳозир ҳам шундай одамлар бор экан-да, деймиз. Бир ўйланг-а, ким танимаган, билмаган одамини уйига олиб киради? Меҳмон қилиб, уйини очиқ қолдириб чиқиб кетади?

Шу бўлди-ю, қўшни хола билан борди-келди қиладиган бўлдик. Тансиқ таом қилганда илинмасак кўнгил жойига тушмайди. Мен учун қўшни холага айланган Мавжуда опа жуда камтар экан.

«Барчамиз мусулмон бўлсак, бир-биримизга керак вақтда ярамасак, эътиқодимиз қайга кетади», — дейди.

Бугун сўзимиз сўзимизга уланиб, асли Қашқадарёдан бўлган қўшни холамнинг пойтахтга келиб қолиш тарихига қизиқдим. Гапни гап очади, деганларидек, гурунгимиз мавзуси бориб ота-оналарига тақалди.

«Ўқиганимда ҳоким бўлардим»

Мактабда бизга атеизм дарслари ўтиларди. Худо йўқ, дерди ўқитувчилармиз. Бола эмасмизми, шунга ишонганмиз. Уйга келиб онамга мактабда ўрганган гапимни айтсам, тез тавба қил, деб калимаи шаҳодатни айттирардилар.

Онам беш вақт ибодатини ҳам, ишини ҳам қўймайдиган аёл эди. Бобомнинг уч ўғил бир қизлари бўлган экан. Доим онамни елкаларига миндириб, амакилари билан кураш туширтириб юрган эканлар. Бобом келбатли инсон эди. Доим эшак миниб юрарди. Онам битта қиз эмасми, бизникига тез-тез келарди.

Эшагидан тушмасдан «ниманг бор?», дер эди онамга. Суюқ овқат ичмас эди. Онам дарров бир тансиқ таомга уннарди. Бобом «бўлмаса керакмас, уринма», деб кетишга шайланса шартта анорни олиб эзарди-да, сувини пиёлага сиқиб тутарди. Эшагидан тушмасдан анор сувини симирган бобом бай-бай дея, димоғи чоғ бўлиб, йўлида давом этарди.

Онам сут олиб келиб қатиқ қилиб ивитарди-да, сотиб келарди. Сигир олганимиздан кейин куви пишадиган бўлганди. Анорларни узиб бозорга элтиб сотарди. Ўрнига рўзғор учун кераклигини кўтариб келарди. Кўкатларни хил-хили билан экиб, уларни ҳам бозорга олиб чиқарди. Тиним билганини ҳеч эслолмайман. Тикувчилик ҳам қилиб кетаверарди. Чопонларни шундай усталик билан тикиб ташларди, ўйланиб ҳам ўтирмасди.

Онамнинг яна бир одати бор эди. Орқадан гапириш, ғийбат қилиш нималигини билмасди, кимнинг айби бўлса шарт юзига айтиб кетаверарди. Шижоатини кўриб от ҳуркарди. Эҳ, ўқимаганман-да, дерди онам. Ўқиганимда эди, камида Қамашига ҳоким бўлардим, бу шижоатим билан Қашқадарёнинг ҳокимлигини ҳам эплаган бўлардим, дерди ҳазил билан. 

Саккиз фарзанд бўлсак, биттамиз ҳам онамга ўхшамадик. Ўзлари ҳам сенлар менга тортмадинг, деб қўярдилар баъзида. Отам ўқитувчи эди. Зиёли бўлгани учунми, онамни жуда ҳурмат қиларди. Онам ҳам отамнинг хизматини жойига қўярди. Отам акаларимни ҳам шунга ўргатди. Оилада аёлларга ҳурмат билан муомалада бўлинарди.

Бир-биримиздан бахт тополмадик

Ота-онанинг даврида ўқиш бошқачада. Отам барчамизни ўқитди. Ҳаммамиз олий маълумотли бўлдик. Бир акам директор, бир укам фермер, хуллас, ҳаммамиз ҳаётда ўрнимизни топдик. Мен ҳам молияни тамомлаб, анча йил давлат корхоналарида ишладим.

У пайтлар давлат ишида ўзбек аёллари оз эди. Ҳамкасбларим асосан татар, рус, украинлар бўлган. Ишда ташкилотчи эдим. Ҳамкасб дугоналарим билан у ёқ бу ёққа, бир-биримизникига бориб турардик.

Тақдир тақозоси билан қўшни қишлоққа келин бўлиб тушдим. Қайнонам яхши инсон эдилар. 10 фарзандни дунёга келтириб, эрининг зулмларини кўп кўрган аёл эди...

Мен оиламизни асраб қолишга кўп ҳаракат қилдим. Лекин бўлмади. Эримни айбламайман, агар ўша оила муҳитига яқинроқ муҳитда катта бўлган аёл бўлганда бахтли яшашармиди...

Эрим мендан, мен эримдан бахт тополмадик. Келишига ҳамма ишларни қилиб, чойларни янгилаб, овқатни ўн қайта иситиб, таппи ёқиб (газ қаёқда дейсиз!) уйни иссиққина қилиб кутиб ўтирардим. Лекин ичкилик ёмон нарса экан. Буларнинг ҳеч бири унинг кўзига кўринмасди.

«Хотиним эплайди-ку!»

Ўйлаб кўрсам ўзим ҳам нотўғри қилган эканман. Онам рўзғорим учун нарса берарди. Олиб келаверардим. Туғуруқ таътилига чиқиб, ойлик олмай қолган вақтларим пирожки пишириб сотиб, пул топиб рўзғоримни бут қилишга уринардим. Эримнинг ўртоқлари келса, дастурхонни тўкин қилишга ҳаракат қилардим. Нон қолмаган вақтлари қўшниникидан олиб келиб бўлса ҳам ўртоқларни меҳмон қилиб жўнатардим. Эримнинг обрўси учун тиним билмасдим.

Турмуш ўртоғим шу тутумимга ўрганди. Хотиним эплайди-ку, дедими, рўзғорни умуман ўйламай қўйди. Топганига ичарди. Мастликда нима қилаётганини билмай урарди.

Бир йили йўқчиликдан жуда қийналиб қолдим. Болаларим билан исмалоқ териб ювиб тозалаб қопларга солдик. Қўшним билан бирга йигирмата қопни автобусга ортиб Тошкентга сотиб келиш учун йўлга чиқдик. Жиззах постига етганимизда автобусни тўхтатишди. Исмалоқлар тагидан алюминий ортилган экан. Барча йўловчиларни тушириб юборишди.

20 та баҳайбат қоплар билан қўшним икковимиз кўчада қолиб кетганмиз. Нима қилишни билмаймиз. Кўчанинг у юзига инқиллаб синқиллаб қопларни ташиганмиз. Бошқа автобусга чиқиб Тошкентгача етиб олганмиз.

Юнусобод бозорига келиб турибмиз, қани бир одам махсулотимизни сўраса. Сотолмадик! Қўшнимнинг «Кадишева» бозорида таниши бор экан. Кейин ўша ёққа кетдик. Икки кун деганда исмалоқларни сотиб бўлдик.

Ишлаб топган пулимга бир дона «Мадонна» чойнак ва 6 дона пиёла сотиб олганман. Қўшнимнинг сигири бор эди. У сут учун идишлар олган. Анча пайтгача ўша чойнакни кўрсам дам меҳрим, дам ғазабим келарди. Меҳнатимга олган нарсам деб қувонсам, шунга кетган пулни топгунча қанча сарсон бўлганимни ўйлаб ғазабим келади.

Иккинчи сафар келганимда Юнусободдаги «Туркистон» кафесида ишладим. Саҳардан тун кечагача қилган ишим учун кунига 5 минг олардим. Меҳмонлар кетганидан сўнг дастурхонларни ювиб, саҳарда дазмоллаб солиб қўярдим. Бу иш учун бошлиқ 100 сўм пул тўларди. Арзимаган иш учун тиним билмасдим.

Кафе рўпарасида сомсахона бўларди. Иш камайиб қолган вақтда шу ердан сомса олиб бозорга бориб сотиб келардим. Одамларнинг уйига бориб тозалашга ҳам улгурардим. Кечқурун стулларни бирлаштириб, устида ухлардим.  

«Майли, бахтини топсин!»

Топганимни рўзғоримни бутлашга сарфладим. Лекин бўлмайдиган иш бўлмас экан. Мен билан бахтли бўлмаётган экан, майли бахтини топсин, деб чиқиб кетдим. Ҳеч нарса, на чойнак-пиёла, на кўрпа-тўшак кўзимга кўринди. Лекин эримни ёмонламайман. Шу инсондан тўрт фарзандли бўлдим. Дунёқарашларимиз тўғри келмади холос, деб ўйлайман.

Рўзғор билан бўлиб болаларимни ўқитолмаганим кўнглимга армон бўлди. Битта-ю битта ўғлимни сал катта бўлганидан бозорга арава тортишга қўйдим. Шанба бозор яқинлашаверса ўғлим арава ҳайдагани бозорга чиқарди. Топган пулига рўзғорга керакли нарсани олиб келарди.

Қизларим ҳам шундай, кичиклигидан елкасига рўзғор ташвиши тушди. Ота-онам ўқитганидек, мен болаларимни ўқитолмадим. Юрагимдаги шу тугун ҳеч кетмайди. Лекин улар мендек ўзлигини танимай ўсмади. Қўлимдан келгунча ҳадислар ўқиб бердим. Суралар ёдлатдим. Худога шукур, ҳеч бири йўлдан озмади, фикри бузилмади.

Ўзликка қайтиш

«Туркистон» кафесида ишлаганимда бир қизнинг намоз ўқиганини кўрдим. У ўқиганда нега мен ўқимаслигим керак, дедим ўзимга ўзим. Шу кундан бошлаб бомдодни ўқишни бошладим. Кейинроқ беш маҳал ибодат қилишга имкон топадиган бўлдим. Тилимдан шукроналик тушмай қўйди. Шундан бошлаб топганларимга барака кирди.

Мен ўзимни ибодатда топдим. Кўнгил хотиржамлиги  нималигини англадим. Пайғамбаримиз туғилган ойларида онахонларга битта рўмол бўлса ҳам ҳадя беришга ўргандим. Ортиқча пулим бўлмасди. Лекин яхши ният билан ниманидир кўнглингга тугсанг ўзи етказаркан.

Балки хайрли йўлни кўрсатгандир. Шу қарорга келишга куч бергандир. Хуллас, ҳамма нарсамдан воз кечиб болаларимни олиб чиқиб кетдим. Мен ўша уй-жойдан, топган-тутганимдан воз кечдим. Яратган менга ундан ҳам хайрлисини насиб этди.

Уй орзуси

Тошкентга келишимиз «прописка» сўраш кучайган вақтга тўғри келди. «Мелиса»лар бир қадам ташлагани қўймасди. На нарса сотолардик, на эмин-эркин юрардик. Ярим кечаси ижара уйнинг эшигини қоқиб келарди. Қани, «прописка»ни кўрсат, дерди. Пропискаси йўқларни обориб алкаш, безорилар билан битта камерага қамаб қўярди. 75 минг тўлов қилганимиздан сўнг қўйиб юборарди.

Ҳукуматимизга минг раҳмат, бозорларда одамдек савдо қиляпмиз. Биров биздан прописка сўрамайди. Пропискаси йўқларга жиноятчига қарагандек қарамайди. Минг шукур!

Иккита квартирадан кана балоси сабаб қочиб чиққанмиз. У шундай нарса бўлар эканки, кундузи чиқмай, ҳамма ухлаганда чақишни бошларкан. Дориласа ҳам ўлмас экан. Гиламларим, болаларимнинг ҳамма кийимларини ташлаб, бошқа ижарага уй топиб чиқиб кетганмиз.

Бир жиззахлик ижарачи йигит ҳали бу қийинчиликларингиз ўтиб кетади. Ўзингизнинг уйингиз бўлади, деганда наҳотки, менинг ҳам уйим бўлиши мумкин, деб ўйлаганман. Ўшангача ўзимнинг уйим бўлиши хаёлимга ҳам келмаган. Шундан кейин бир кичкина уйнинг макетини олиб, «Мавжуда ҳожи онанинг уйи» деб ёздимда дераза токчасига қўйиб қўйдим. Орадан йиллар ўтиб мана ўша орзумга эришдим.

Уйли ҳам бўлдим, бозорда эркин савдо қиламиз, пропискамиз йўқ деб, юрак ҳовучлаб яшамаймиз. Ўғлим электриклик қилиб ва техникаларни таъмирлаб рўзғор тебратади. Уйлантирдим. Бир қизимни узатдим. Ўғлим ва қизимдан иккита набирам бор.

Икки қизимни ҳам уйли-жойли қилсам, кўнглим жойига тушади. Кичкина қизим бу йил тиббиёт техникумига ўқишга кирди. Ҳамма оналар қатори болаларимнинг бахтини кўрсам дейман.

Чарос Маннонова суҳбатлашди.

Мавзуга оид