Ўзбекистон | 10:51 / 02.11.2022
29465
2 дақиқада ўқилади

Музработ туманининг собиқ ҳокимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Собиқ ҳоким туманда қариндош-уруғчиликка йўл қўйган, давлат мулкини талон-торож қилиш билан шуғулланган.

Фото: Muzrabot.uz

Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси томонидан Музработ туманининг собиқ ҳокими Эркин Алимовга жиноят иши қўзғатилди. ЎзА хабарига кўра, собиқ ҳоким ЖКнинг 167 (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205 (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-моддалари (Мансаб сохтакорлиги) билан айбланмоқда.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида собиқ ҳоким Музработ туманидаги умумий қиймати 1,7 млрд. сўм бўлган 4,2 гектар ер майдонини аукцион савдоларисиз ўзининг яқин қариндошларига расмийлаштириб бергани маълум бўлган.

Шунингдек, тумандаги банклар Эркин Алимовнинг яқин қариндошлари номига 166 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратган бўлиб, бугунги кунда уларнинг катта қисми муаммоли кредитга айланган. «Ҳозир банк муассасалари томонидан ўз вақтида тўловлари амалга оширилмаган 121 млрд. 406 млн. сўмлик кредит маблағларини ундириш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Бундан ташқари, «Сурхондарёдонмаҳсулотлари» АЖда олиб борилаётган тафтиш давомида собиқ ҳоким иштирокида қиймати 35 млрд. сўмлик 9,6 минг тонна дон талон-торож қилингани аниқланган.

  • Маълумот учун, Эркин Алимов 2010-2017 йилларда ушбу жамият раҳбари лавозимида фаолият олиб борган. Айни пайтда жиноят иши бўйича жамиятнинг 20 дан ортиқ масъул-мансабдор шахслари тергов ҳаракатларига жалб қилингани ва улар Музработ туманининг собиқ раҳбари ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан кўрсатмалар бераётгани, тергов ҳаракатлари давом этаётгани маълум қилинган.
  • Эслатиб ўтамиз, Музработ тумани ҳокими лавозимида тўрт йилдан ортиқ ишлаган Эркин Алимов ўрнига шу йил 12 сентябр куни ўринбосари Абдурашид Исмоилов тайинланганди. Ўша вақтда ижтимоий тармоқларда Эркин Алимовга нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида гап-сўзлар тарқалган, бироқ расмий идоралар бу хабарларни тасдиқлашмаганди.

Мавзуга оид