Жаҳон | 20:20 / 02.11.2022
11931
2 дақиқада ўқилади

Россия ТИВ «ядро урушининг олдини олиш лозимлиги» тўғрисида баёнот берди

Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, Россия «гипотетик тарзда» ядро қуролидан фақат мудофаа мақсадларида ёки давлатнинг мавжудлиги таҳдид остида қолганида фойдаланиши мумкин. 

Фото: ТАСС

«Россия ядро урушининг йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақидаги тамойилга қатъий ва изчил равишда амал қилади, унда ғолиблар бўлиши мумкин эмас ва у ҳеч қачон қўзғатилмаслиги керак», дейилади баёнотда. 

«Бу соҳадаги Россия доктринаси жуда аниқ ифодаланган, у фақат мудофаа характерига эга ва уни ўзгача талқин қилиш имкони йўқ. Россия томонидан ядро қуролини қўллаш фақат оммавий қирғин қуролларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган тажовузга жавобан ёки оддий қуроллардан фойдаланган ҳолда амалга оширилган ва давлатнинг мавжудлигини таҳдид остида қолдирадиган тажовузга қарши рухсат берилади». 

Ташқи ишлар вазирлиги ядровий кучларга эга давлатлар ҳарбий тўқнашувининг олдини олиш биринчи галдаги вазифа эканини таъкидлади ва ядро қуролига эга давлатларни «ушбу устувор вазифа устида ишлашга тайёр эканликларини амалда кўрсатишга ва бир-бирининг ҳаётий муҳим ҳуқуқларини бузишга қаратилган хавфли уринишлардан воз кечишга» чақирди. 

  • Сўнгги вақтларда Россия президенти Владимир Путин мунтазам равишда ядро қуролидан фойдаланиш билан таҳдид қилмоқда. 24 феврал куни Украинага ҳужум қилиниши муносабати билан россияликларга қилган мурожаати чоғида у содир бўлаётган воқеаларга аралашишга қарор қилганлар «ўз тарихида ҳеч қачон учрамаган» жавоб олишини ваъда берган эди. 
  • Сентябр ойида Путин Россия ҳудудий яхлитлигига таҳдид юзага келган тақдирда «ўз ихтиёридаги барча воситалардан» фойдаланишини айтди. Кўп ўтмай, Россия Украинанинг тўртта вилоятини аннексия қилганини эълон қилди. 
  • 1 ноябр куни Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Украина томонидан ўзининг барча ҳудудларини қайтариб олишга уриниши Россиянинг мавжудлигига таҳдид эканлигини айтди. 
Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид