Хитой асосий таҳдид, Россия долзарб муаммо: АҚШ учта стратегик ҳужжатни эълон қилди
АҚШ Мудофаа вазирлиги бир вақтнинг ўзида учта стратегик ҳужжатнинг очиқ версияларини эълон қилди – Миллий мудофаа стратегияси, Ядро сиёсати шарҳи ва Ракетага қарши мудофаа тизими шарҳи. Ҳужжатларнинг махфий қисми эълон қилинмаган.
-------
Хитойнинг ўсиб бораётган ҳарбий ва иқтисодий қудрати Миллий мудофаа стратегиясида АҚШ хавфсизлигига асосий таҳдид сифатида эътироф этилган. Бу «АҚШ миллий хавфсизлиги учун энг муҳим ва тизимли муаммо» деб номланади.
Пентагон веб-сайтида Стратегиянинг асосий тезислари қисқача мазмуни баён этилди. Унга кўра, «Ҳинд-Тинч океани минтақаси ва халқаро тизимни ўз манфаатлари ва авторитар мақсадларига мувофиқ қайта шакллантиришга бўлган агрессив истаги» Хитой томонидан бўладиган асосий таҳдид сифатида баҳоланган.
«Хитой АҚШнинг Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги хавфсизлик масалалари бўйича иттифоқдошлари ва ҳамкорлик муносабатларига путур етказишга интилмоқда. Шунингдек, ўсиб бораётган иқтисодий имкониятларидан, шу жумладан, армиясининг ошиб бораётган қудратидан ўз қўшниларига босим ўтказиш ва уларнинг манфаатига таҳдид қилишда фойдаланмоқда», дейилади матнда. Таҳдид биринчи навбатда Тайванга тегишли.
АҚШ Мудофаа вазирлигининг асосий стратегик вазифалари қуйидагилардан иборатлиги кўрсатилган:
- Хитойнинг кўп соҳали таҳдидлари ўсиб бораётган шароитда Қўшма Штатлар ҳудудларини ҳимоя қилиш;
- АҚШ, иттифоқчилар ва шерикларга стратегик ҳужум қилинишига йўл қўймаслик;
- Тажовузни тийишга тайёр туриш, агар зарурат туғилса, биринчи навбатда Хитой билан Ҳинд-Тинч океани минтақасида, иккинчи навбатда Россия билан Европа минтақасида қарама-қаршилик қилиш.
- Барқарор иттифоқдош кучларни ва мудофаа экотизимини яратиш.
Долзарб таҳдид
Россия Стратегияда долзарб таҳдидлардан бири сифатида кўрсатилган ва асосий далил – Украинада бошланган уруш.
«Хитой мавзусига қўшимча равишда, Стратегия Россия томонидан бўлаётган таҳдидларга эътибор қаратади. Айниқса, Украинага бостириб кирганини ҳисобга олган ҳолда. Шунингдек, Шимолий Корея, Эрон ва экстремистик ташкилотлар таҳдиди ҳам эътибор остида. Бундан ташқари, пандемия ва иқлим ўзгаришлари масаласини ҳам ўз ичига олади», дейилади Пентагон баёнотида.
«Россия ҳукумати чегараларни ўзгартириш ва империя таъсир доирасини тиклаш учун куч ишлатишга интилмоқда... Гарчи Россия етакчиларининг НАТОни парчалашга қаратилган сиёсий ва ҳарбий ҳаракатлари тескари натижа берган бўлса-да, бу мақсад сақланиб қолмоқда. Россия муҳим соҳаларда жиддий ва мунтазам хавф-хатарлар манбайи бўлиб турибди», дея таъкидланади ҳужжатда.
Ядровий тийиб туриш ва тактик ядро қуроли
Ядро сиёсати шарҳида Россия ва Хитой ядро арсенали, уларни тийиб туриш масаласи асосий муаммо сифатида тан олинган.
«2030-йилларга бориб, Қўшма Штатлар тарихда биринчи марта иккита стратегик рақиб ва эҳтимолий душман билан тўқнаш келади. Бу [халқаро стратегик] барқарорликка янги босимларни келтириб чиқаради ва тийиб туриш, хавфсизлик кафолатлари, қуролларни назорат қолиш ва хавфларни камайтириш бўйича янги ечимларни талаб қилади», дейилади Ядро сиёсати шарҳида.
Умуман олганда, ядро стратегияси аввалги шунга ўхшаш ҳужжатларга нисбатан туб ўзгаришларга учрамаган, дейилади Breakingdefense шарҳида.
Қўшма Штатлар ядровий триадани (қуруқлик, денгиз ва ҳаводаги ядро кучлари) ўзига ва иттифоқчиларига қарши ядро қуроли қўлланган тақдирда ҳамон асосий ҳимоя воситаси деб ҳисоблайди. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлигининг юқори лавозимли амалдори Пентагонда ўтказилган брифингда хабар берди.
Шу билан бирга, шарҳ матнида стратегик бўлмаган ядро қуроллари ҳам алоҳида тилга олинади. Улар Стратегик ҳужум қуроллари тўғрисидаги шартнома (СҲҚШ) билан назорат қилинмайди.
«20 йилдан ортиқ вақт давомида Россия кенг миқёсли модернизация дастурини амалга оширди. Жумладан, эскирган стратегик ядро тизимларини алмаштирди, ҳамда НАТО ва қўшни давлатлар учун хавф туғдирувчи ядро тизимларини доимий равишда кенгайтириб, такомиллаштириб бормоқда. Бунга стратегик ташувчи воситаларга ўрнатилган 1550 та жанговар каллак киради (улар СҲҚШ билан назорат қилинади), шунингдек, ҳеч қандай шартнома билан назорат қилинмайдиган ядровий кучлар ҳам киради», дейилади шарҳда.
«Масалан, Россия ҳеч қандай шартнома билан чекланмаган, 2 мингга яқин ностратегик ядро каллаклари арсеналига эга. Шунингдек, Россия АҚШ ҳудуди ва ҳамкорларига хавф солувчи, ҳеч қандай шартнома билан чекланмаган бир қанча янги ядро тизимларини ишлаб чиқмоқда», дейилади ҳужжатда.
Шу билан бирга, ҳужжатга кўра, Қўшма Штатларнинг ўзи ҳам ядро арсеналини модернизация қилмоқда.
Ҳужжат бутун ядровий триадани, шунингдек, алоқа, бошқарув ва назорат тизимини модернизация қилишни назарда тутади. Модернизация дастурига Columbia синфига кирувчи стратегик ядро сувости кемаларини ишлаб чиқиш, Minuteman III қитъалараро баллистик ракеталарни алмаштириш, янги узоқ масофали ва ҳаводан учириладиган қанотли ракетани яратиш, Европадаги F-35 қирувчи самолётларини ядровий қуролдан фойдаланишга мослаштириш ҳам киритилган.
Пентагон 2023-молия йили учун тахминан 30 миллиард доллар маблағ сўраган.
«Шоҳидлар» ва «Ханжарлар»
Ракетага қарши мудофаа шарҳида асосий эътибор Шимолий Корея ва Эрон баллистик ракеталари таҳдидига қаратилган. Бироқ, яқинда пайдо бўлган баъзи янги таҳдидларни ҳам ўз ичига олади. Улар орасида учувчисиз тизимлардан (дронлар) фойдаланиш ҳолатлари бор. Яқин вақтгача стратегик ҳужжатларда дронлар миллий хавфсизликка таҳдид сифатида кўрилмаган эди.
Хусусан, унда «ҳозирда мавжуд ва янгидан ишлаб чиқилаётган баллистик, қанотли ва гипертовушли ракеталар, шунингдек, ҳаво ва ракетага қарши мудофаанинг анъанавий усулларини мураккаблаштирадиган кичик дронлар» ҳақида сўз боради.
Стратегик ҳужжатда бундай тизимлар номи келтирилмаган, бироқ Украинадаги уруш пайтида Россия томонидан Эронда ишлаб чиқарилган «Шоҳид» синфига кирувчи дронлар муваффақиятли фойдаланилмоқда (уларнинг номи «Геран» деб ўзгартирилган). Украина ҳаво мудофааси ушбу янги таҳдидга қарши туриш учун ҳақиқатан ҳам катта саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.
Бундан ташқари, шарҳда Россия томонидан Украинада қўлланган гипертовушли ракеталар ҳам эслатиб ўтилади.
Бундан ташқари, ҳужжатда айтилишича, «Россия Украинада минглаб қанотли, баллистик ва гипертовушли ракеталардан фойдаланган. Улар ҳаводан, қуруқликдан ва денгиздан учирилган».
«Ҳарбий ҳаракатлар давомида қуроллар захираси ишлатилиши Россиянинг замонавий воситалари арсенали камайиб кетиши билан хавф солади. Кенг миқёсдаги иқтисодий санкциялар ва экспорт устидан назорат ўрнатилиши эса келажакда бундай тизимлар ишлаб чиқарилишига самарали тўсқинлик қилиши мумкин», дейилади ҳужжатда.
Мавзуга оид
02:02
Канада Мудофаа вазирлиги Хитойни Арктикада разведка маълумотларини тўплашда айблади
22:37 / 23.11.2024
Politico: Хитой иқлим сиёсати пойгасида АҚШ ва ЕИдан ўзиб кетди
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
19:13 / 21.11.2024