Ўзбекистон | 07:25 / 04.11.2022
6287
3 дақиқада ўқилади

Давлат молиявий назорати соҳасида қоидабузарлик тўғрисида хабар берганлар рағбатлантирилади

Давлат молиявий назорати соҳасида қоидабузарликлар ҳолатлари тўғрисида хабар берган жисмоний шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Shutterstock

Қуйидагилар қоидабузарликлар ҳақида хабар берган жисмоний шахсларни рағбатлантириш асосий мақсадлари ҳисобланади:

  • жамиятда бюджет маблағлари мақсадли ва самарали сарфланишида жамоатчилик назоратини кучайтириш;
  • жамоатчилик давлат молиявий назорати соҳасида қоидабузарликларга қарши курашишдаги фаоллигини янада ошириш ҳамда уларни ушбу соҳага қўшаётган ҳиссаси учун рағбатлантириш.

Қоидабузарликлар ҳақида хабар берган жисмоний шахсларга улар хабарлари асосида белгиланган тартибда давлат молиявий назорати тадбирлари ўтказилади.

Рағбатлантириш давлат фойдасига ундирилган маблағлар ҳисобидан бир марталик пул мукофоти шаклида белгиланади.

Қоидабузарликлар ҳақида хабар берган жисмоний шахслар томонидан бериладиган бир марталик пул мукофотидан ушбу хабарларни юборган жисмоний шахслар томонидан ихтиёрий равишда воз кечилиши мумкин.

Рағбатлантириш фақатгина жисмоний шахслар томонидан дастурий комплекс орқали юборилган хабардаги қоидабузарликлар аниқ йўналиши ва тури бўйича амалга оширилади.

Қоидабузарлик ҳақидаги хабар жисмоний шахслар томонидан ягона идентификация тизимида (One ID) рўйхатдан ўтган ҳолда дастурий комплекс орқали юборилади.

Қоидабузарликлар ҳақидаги хабарда қоидабузарликлар батафсил баён этилиши, қоидабузарлик йўналиши ёки тури, қоидабузарликлар содир этилган назорат объекти жойлашган аниқ манзили ҳамда қоидабузарликларга тааллуқли бошқа тегишли маълумотлар киритилиши лозим.

Қоидабузарликлар ҳақида хабар берган жисмоний шахслар қуйидаги миқдордаги бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

  • қоидабузарликлар суммаси базавий ҳисоблаш миқдори ўттиз бараваридан юз бараваригача бўлганда – базавий ҳисоблаш миқдори бир баравари миқдорида;
  • қоидабузарликлар суммаси базавий ҳисоблаш миқдори юз бараваридан уч юз бараваригача бўлганда – базавий ҳисоблаш миқдори икки баравари миқдорида;
  • қоидабузарликлар суммаси базавий ҳисоблаш миқдори уч юз бараваридан беш юз бараваригача бўлганда – базавий ҳисоблаш миқдори уч баравари миқдорида;
  • қоидабузарликлар суммаси базавий ҳисоблаш миқдори беш юз баравари ва ундан ортиқ бўлганда – базавий ҳисоблаш миқдори тўрт баравари миқдорида.

Қоидабузарликлар ҳақида хабар берган шахслар бир нафардан ортиқ бўлган ҳолатларда рағбатлантириш (пул мукофоти) суммаси улар ўртасида тенг тақсимланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид