Жамият | 16:53 / 04.11.2022
15038
2 дақиқада ўқилади

Йўлдаги таъмирлаш ишлари сабаб жаримага тортилган ҳайдовчилар масаласида Омбудсман ИИВга мурожаат йўллади

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига кўра йўлдаги таъмирлашлар сабаб йўл ҳаракати қоидаларини бузишга мажбур бўлган ҳайдовчилар жарима тўламаслиги шарт.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

21 сентябрь куни пойтахтнинг Олмазор тумани Зиё – Шифонур кўчалари кесишмасида таъмирлаш ишлари кетаётгани учун йўл тўсиб қўйилгани сабабли узлуксиз чизиқни босишга мажбур бўлгани ортидан ҳайдовчи жаримага тортилган ва бу кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Интернетда тарқалган суратда йўлнинг транспорт ҳаракатланиш қисмида амалга оширилаётган тузатиш ишлари давомида йўлнинг бир қисми ёпиб қўйилган ва тегишли махсус белги билан айланиб ўтиш лозимлиги кўрсатилган. Бироқ айланиб ўтиш оқибатида ҳайдовчилар йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш томонига ўтишларига тўғри келган. Бу эса махсус камераларга муҳрланган ва ҳайдовчилар жаримага тортилган.

Қайд этилишича, ҳайдовчи Ички ишлар органларининг ЙҲХ бўлимига мурожаат қилиб, вазиятни тушунтиради, бироқ унга жаримадан озод этиш судларнинг ваколати экани айтилади.

“Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқаролар оворагарчилигининг олдини олиш ва уларга адолатли муносабатда бўлишга асосланган. Юқоридаги ҳолат эса ҳайдовчиларнинг ортиқча харажат қилишига ва оворагарчилигига сабаб бўлмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилди. Унда ушбу ҳолатлар келгусида такрорланишининг олдини олиш мақсадида таъмирлаш ишлари ҳақида фуқароларни олдиндан хабардор қилиш ва уларни мазкур сабабларга кўра жаримага тортилишининг олдини олиш чоралари кўрилиши сўралди”, дейилади Омбудсман ахборот хизмати баёнотида.

 Аввалроқ пойтахтдаги чорраҳаларга ўрнатилган айрим камералар қоидабузарликни қайд этиши учун фақатгина камера кўра оладиган масофада йўл чизиқлари чизиб чиқилгани, йўлнинг қолган қисмидаги ўчиб кетган чизиқлар янгиланганмагани акс этган суратлар тарқалганди. Kun.uz суриштируви давомида камералар бу жойга қоидабузарликларни қайд этиб борадиган видеокузатув мосламасини ўрнатиш ҳуқуқини ютиб олган тадбиркорлар томонидан ўрнатилгани, йўл чизиқлари ҳам камераларни ўрнатган жисмоний шахслар томонидан чизилгани маълум бўлганди.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид