Жаҳон | 14:54 / 05.11.2022
12673
3 дақиқада ўқилади

G7 Минскни урушда Россияни қўллаб-қувватлаш оқибатлари ҳақида огоҳлантирди

Агар Беларус Украина билан урушда Россияга фаолроқ ёрдам берса, у фалокатли харажатларга дуч келади, дея огоҳлантирди G7 ва ЕИ вакиллари. 

Фото: Picture Alliance

G7 давлатлари ва Европа Иттифоқи Беларусни Россиянинг Украинага бостириб киришига ёрдам беришни тўхтатишга чақирди ва агар Лукашенко режими Москвани фаол қўллаб-қувватласа, Беларусга молиявий босим ўтказиш билан таҳдид қилди

«Биз Беларус ҳукуматини Россияга Украинага қарши тажовузкор уруш олиб боришда, шу жумладан РФ Қуролли кучларига Беларус давлати ҳудудидан Украинага қаратилган ракеталарни учиришга рухсат орқали ёрдам беришни тўхтатишга чақирамиз. Агар Беларус ҳукумати Россия урушига янада бевосита аралашса, G7 Беларус раҳбари Александр Лукашенко режимига қўшимча фалокатли харажатларни юклайди», дейилади G7 ташқи ишлар вазирлари ва Европа Иттифоқи вакилларининг 5 ноябрь, шанба куни Германия Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган баёнотида.

Худди шу ҳужжатда баёнотни имзолаган томонлар Украина аҳолисининг азоб-уқубатларини камайтириш, халқаро ҳуқуқ томонидан тан олинган чегаралари доирасида суверенитет ва ҳудудий яхлитликни сақлаш учун зарур бўлган молиявий, гуманитар, сиёсий, техник, ҳуқуқий ва мудофаа ёрдамини мамлакатга кўрсатишни давом эттиришга қатъий ниятини эълон қилди. 

«Биз Украинани қанча вақт керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлаймиз», — дейилади баёнотда. 

Бундан ташқари, G7 ва ЕИ вакиллари Россиянинг дезинформация кампаниясига, жумладан, Украинадаги биологик қуроллар билан боғлиқ айбловларига қарши туриш ниятида эканини таъкидлади. 

4 ноябрь куни Александр Лукашенко Беларус миллий биотехнологик корпорациясига ташрифи чоғида Беларус ҳарбийларини Украинага жўнатиш режалаштирилмаганлигини айтди. «Бугун улар: «Лукашенко ўз ҳарбийларини Украинага жўнатмоқчи!» – деб бақиришяпти, менда бундай режалар йўқлигини икки юз минг марта айтганман», — деди у. 

Шу билан бирга, у қўлларида қурол-яроғ билан украиналик ҳарбийлар мамлакати ҳудудига қадам қўйса, «уларга қийин бўлади», дея огоҳлантирди. 

4 октябр куни учрашувларнинг бирида Лукашенко Беларус Россиянинг Украинадаги «махсус ҳарбий операцияси»да иштирок этаётганини тасдиқлади: «Биз буни яширмаймиз. Лекин биз ҳеч кимни ўлдирмаяпмиз. Ҳарбийларимизни ҳеч қаерга жўнатмаяпмиз. Биз ўз мажбуриятларимизни бузмаяпмиз». 

10 октябр куни Лукашенко ва Россия президенти Владимир Путин қўшма минтақавий қўшинлар гуруҳини жойлаштиришга келишиб олди. Бир неча кундан кейин Россия ҳарбий хизматчилари бўлган биринчи эшелон Беларусга етиб келди. 

Мавзуга оид