Жаҳон | 12:29 / 05.11.2022
9798
2 дақиқада ўқилади

Россиядаги кафеда юз берган ёнғин оқибатида 10 дан ортиқ киши ҳалок бўлди

Костромадаги «Полигон» кафесида бошланган ёнғин майдони 3,5 минг квадрат метрни ташкил этди. Дастлабки версияга кўра, ёнғин пиротехника воситалари туфайли келиб чиққан бўлиши мумкин.

Фото: РБК

Россиянинг Кострома шаҳрида 5 ноябрь, шанбага ўтар кечаси Никитская кўчасида жойлашган «Полигон» кафесида ёнғин содир бўлди. Вилоят прокуратурасининг дастлабки маълумотларига кўра, 5 ноябрь куни эрталабгача ушбу ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар сони 13 кишини ташкил этган. Камида 4 киши жароҳатланган. 

Маҳкама маълумотларига кўра, ёнғин ташриф буюрганлардан бири пиротехника воситаларини қўллагани туфайли келиб чиққан бўлиши мумкин эди. Натижада ёнғин майдони 3,5 минг квадрат метрни ташкил этди. 

Кафедан 250 киши эвакуация қилинган. Келиб чиққан тутун туфайли яқин атрофдаги турар жой биносидан яна 15 киши эвакуация қилинди, деб хабар берди Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Кострома вилояти бўйича бош бошқармаси Telegram’да. 

Қайд этилишича, кафе биносининг томи қулаб тушган. Ёнғин эрталаб соат 4:30 лар атрофида назоратга олинган. Ёнғинни ўчиришга 50 киши ва 20 дона техника жалб қилинган. 

Хабар эълон қилинган вақтда қутқарувчилар ҳамон воқеа жойида ишлашяпти. Прокуратура терговни бошлади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид