Жаҳон | 16:22 / 08.11.2022
8486
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Конгрессга оралиқ сайловлар бошланди

Фото: Reuters

Вакиллар палатасидаги барча 435 ўрин ва Сенатдаги юз ўриндан 35 тасининг тақдири ҳал қилинмоқда. Сўровларга кўра, АҚШ президенти Жо Байденнинг демократлари жиддий мағлубиятга учраши мумкин

АҚШда 8 ноябрь, сешанба куни Конгрессга оралиқ сайловлар бошланди. АҚШ президенти Жо Байденнинг демократлари мамлакат қонун чиқарувчи органининг ҳар икки палатасидаги кўпчилик ўринни йўқотиш хавфи остида. Сўровларга кўра, собиқ президент Доналд Трамп бошчилигидаги республикачилар Вакиллар палатаси устидан назоратни қайта қўлга киритиш ва Сенатда кўпчилик ўринни эгаллаш учун яхши имкониятга эга.

Оралиқ сайловлар Вакиллар палатасидаги барча 435 ўрин ва Сенатдаги 100 ўриндан 35 таси тақдирини ҳал қилади. Иккала палатадаги кўпчилик ўриннинг йўқотилиши Байден учун мамлакат бошқарувини жиддий равишда мураккаблаштиради, чунки республикачилар унинг Конгрессдаги кун тартибини бутунлай тўсиб қўйишлари мумкин.

Жорий оралиқ сайловлар натижалари Трампнинг 2024 йилда АҚШ президенти лавозимига қайта сайланишга уриниши ёки йўқлигини ҳал қилишда катта роль ўйнаши мумкин. 76 ёшли Трамп республикачиларнинг муваффақиятидан фойдаланиб, бўлажак президентлик сайловларида ўз номзодини эълон қилиши мумкин, дейди кузатувчилар.

Мавзуга оид