Ўзбекистон | 15:15 / 08.11.2022
4154
2 дақиқада ўқилади

“Бир кунда поезд йўловчиларидан 15га яқин беморлардан мурожаат тушади” – вокзалдаги тиббий пункт мудираси

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ га қарашли Самарқанд темирйўл вокзали соғлиқни сақлаш пунктида бир суткада ҳар бир рейсдан олдин ва кейин 60 нафар поезд машинист ва машинист ёрдамчилари амбулатор текширувлардан ўтказилади.

Фото: Ўзбекистон темир йўллари

Тиббий пункт мудираси Раъно Ашурованинг Тошкент тиббиёт академияси ахборот хизмати билан суҳбатда маълум қилишича, амбулатор текширувлардан ташқари бу ерга ҳар куни камида 15 нафарга яқин поезд йўловчиларининг саломатликлари билан боғлиқ чақирувлар тушади.

“Бундай тиббий кўрикларни ташкиллаштиришдан мақсад темирйўллар орқали кетаётган йўловчилар ва юк поездлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда темирйўл транспорти ходимларининг соғлигини ҳимоя қилишдан иборат.

Яқинда ўтказилган рейс олди текширувда йўловчи поезд машинистида юқори тана ҳарорати аниқланиб, дарҳол темирйўл касалхонасига ётқизилди. Кўрсатилган тезкор тиббий хизмат сабаб бемор машинист вақтинчалик рейсдан четлаштирилди. Бу тадбирнинг йўловчилар соғлигини муҳофазалашдаги аҳамияти катта.

Бу ҳолат йўловчилар билан ҳам кузатилади. Яқинда поезд йўловчиларидан бири ўткир қорин синдромидан шикоят қилди. Пункт ходимларининг  беморга ўз вақтида тиббий тез ёрдам кўрсатилиши натижасида кўричак олиб ташланиб, бир ёш йўловчи йигитнинг ҳаёти сақлаб қолинди”, - деди мудира.

Таъкидланишича, тиббий пунктда чет эл фуқароларига ҳам самарали тиббий ёрдам кўрсатилади. Самарқандда ўтказилган тадбирга ташриф буюрган америкалик меҳмон 45 ёшли Матео овқат ҳазм қилиш билан боғлиқ муаммога дуч келган ва мазкур муассасадаги тиббиёт ходимларининг хизматидан мамнун бўлган.

Реклама ҳуқуқи асосида

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид