Ўзбекистон | 14:17 / 09.11.2022
6964
2 дақиқада ўқилади

Архитектура-қурилиш соҳасида 2 та университет ташкил этилди

Архитектура-қурилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди.

Тошкент архитектура-қурилиш институти Тошкент архитектура-қурилиш университети сифатида қайта ташкил этилиб, у муҳандислик, архитектура, қурилиш ҳамда қурилиш материаллари технологиялари йўналишларига ихтисослаштирилади.

Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети сифатида қайта ташкил этилиб, маданий мерос объектларини тиклаш, дизайн, архитектура, қурилиш, урбанизация ва муҳандислик йўналишларига ихтисослаштирилади. 

Университетларда ўқув жараёнлари давлат, инглиз ва бошқа хорижий тилларда кредит-модуль тизими асосида олиб борилади ва илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширишга йўналтирилган Олий илм-фан мактаби ташкил этилади.

2023 йил 1 январдан бошлаб университетларга академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик берилади. Университетлар тузилмасида Стратегик ривожлантириш бўйича биринчи проректор лавозими жорий этилади.

2023 йил 1 мартга қадар бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини халқаро таълим ва касб классификаторларига мувофиқ мақбуллаштирилади.

Тошкент архитектура-қурилиш университети ҳузурида Технопарк, Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ҳузурида Инкубация маркази ташкил этилади.

Мавзуга оид