Жаҳон | 14:38 / 09.11.2022
25232
6 дақиқада ўқилади

«Ҳамманинг ҳикояси бир хил». Россиялик сафарбар қилинганларнинг фронтдаги ҳалокати ҳақида

Фото: ASHLEY CHAN/SOPA IMAGES/LIGHTROCKET

Ноябр ойи бошида «Верстка» нашри аннексия қилинган Луҳанск областининг Сватовo районида сафарбар қилинганлар батальони катта талафот кўргани ҳақида хабар берди. Нашр маълумотларига кўра, у ерда беш юздан ортиқ одам ҳалок бўлган. Россия Федерацияси мудофаа вазирлиги бу маълумотни «провокация» ва «қуролли кучларни обрўсизлантириш» ҳамда «Россия фуқаролари ўртасида салбий кайфият яратиш мақсадида атайлаб сиздирилган дезинформация» деб атади. BBC Сватово яқинидаги жангда қатнашган ҳарбийлар билан суҳбатлашди.

2 ноябрга ўтар кечаси Воронеж, Свердловск ва Челябинск областларидан сафарбар қилинган инсонлар, жами 500 киши, тўртта компанияга бўлиниб, аннексия қилинган Луҳанск областидаги Макийивка посёлкаси томон йўл олади. Қўмондонлик аскарларга улар фронтдан 15 километр узоқликдаги учинчи мудофаа чизиғига юборилаётганини айтади.

«Дастлаб ҳеч қандай вазифа йўқ эди, чунки бизни олдинга юборишганда штаб билан алоқа ҳам йўқ эди», – дейди ҳарбий хизматчи Алексей Агафонов BBC билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, сафарбар қилинганларни эрталабки соат бешларда ўрмон белбоғига жойлаштиришади ва окоп қазишни буюришади. Взводда фақатгина икки дона белкурак бўлгани учун чуқурни найза-пичоқлар ва қўллар билан қазишга тўғри келади. Тонг отгач, уларнинг позициялари ўққа тутилади.

«Бизни кучли ўққа тутишди. Квадрокоптерлар учиб ўтди, улар шунчаки учиб ўтди ва улар учиб ўтган ерларга ракета зарбалари берилди», – дейди 28 ёшли Дмитрий Слободчиков BBC нашрига.

Улар саккиз соат давомида миномётлар ва «Град» тизимлари билан ўққа тутилган. Бу вақт давомида аскарлар амаллаб қазилган хандақларда ётишган ва кутишган. Уларнинг сўзларига кўра, сафарбар қилинганларда ягона буйруқ бор эди – «чекинманглар ва қазинглар».

Отишма пайтида Слободчиков яраланган сафдошини фронт ортига олиб ўтади, аммо командирлар ярадорни касалхонага жўнатиш керак ёки йўқлиги ҳақида ярим соат ўйлайди. Слободчиков ўқлар ёмғири остида қолган қуролдошлари ёнига қайтиб кетмоқчи бўлганида, полковник унга буни тақиқлайди ва «Улар барибир аллақачон ўликка айланди», дейди.

Слободчиков рухсат олиш учун рота лейтенанти ёнига боради, лейтенант унга рухсат беради, аммо «мен сенга ҳеч нима демадим, буйруқ бермадим» деб айтади. Слободчиков фронт чизиғида қайтади ва ўз взводини 10 кишидан иборат уч гуруҳга бўлиб, жангдан олиб чиқади.

Ўша пайтда олдинги сафда бўлган Агафоновнинг BBC нашрига айтишича, фронтдан 100 метр масофада мудофаани ушлаб турган икки взводдан 10 киши ҳалок бўлган. Аммо тонг отгач, сафарбар қилинганлар ўз позициялари атрофида бошқа бўлинмаларнинг ҳалок бўлган аскарларининг жасадлари ётганини кўради. Улар бўлиб ўтган отишмадан кейин олиб кетилмаганди.

«Улар қўлсиз, оёқсиз, бошсиз, лекин шахсий рақамлари бўлган жетон ва ҳарбий билетлари билан ётарди», – дея кўрганларини тасвирлайди Агафонов.

Дмитрий Слободчиков ҳам Агафоновнинг сўзларини тасдиқлаган. «200-юклар (урушда ҳалок бўлган аскарлар тобутлари шундай айтилади) жуда кўп эди. Айтиш мумкинки, улар марҳумлар учун боришди. У ерда ўнлаб эмас, кўпроқ жасадлар бор эди», – дейди у.

Тирик қолган аскарлар Краснореченское қишлоғига жўнаб кетади. У ерда улар ҳарбий полиция томонидан рўйхатга олинади, шундан сўнг аскарлар Сватовога қайтарилади. Слободчиковнинг сўзларига кўра, «ҳамманинг ҳикояси деярли бир хил: уларни олиб келишди, жойлаштиришди, отишма бошланди ва командирлар қочиб кетди».

Агафоновнинг BBC’га айтишича, Сватовода уларга буйруқ бера оладиган бирорта ҳам зобит қолмаган. Шунга қарамай, ҳарбийлар агар Украина қуролли кучлари ҳужум қилса, ҳимояни ушлаб туриш ниятида. Улар ўзлари яшаётган уй деворларини мустаҳкамламоқда ва ўқ узиш жойларини тайёрлаяпти.

Шу билан бирга, Слободчиковнинг қўшимча қилишича, аскарлар агар ҳарбий полиция уларни фронт чизиғига жўнатмоқчи бўлса, қаршилик кўрсатишга тайёр.

«Агар улар шу ерга келса, биз қаршилик кўрсатамиз. Бироқ олдинга боришни хоҳламаймиз. Биз ичаклар ва бўлакланган оёқларни етарлича кўрдик», – дейди у.

Ҳарбийлардан ҳеч ким ҳалок бўлганлар сонини аниқ айтолмайди, лекин улар олдинги чизиққа 500 дан ортиқ аскарлар жўнатилгани ва уларнинг аксариятининг тақдири номаълумлигича қолаётганини тасдиқлайди.

Сватово яқинидаги жангда қатнашган сафарбар қилинганларнинг яқинлари ҳам шунга ўхшаш ҳикояни айтган.

«Уларни далага олиб кетишади. Қайсидир дарахтзорнинг ёнида қазишни буюриб, ҳар 10-15 кишига битта белкурак беришган. Уларни қазишга мажбур қилишган ва бомбардимон бошланган. Кимдир ярмигача қазиган, кимдир эса чуқурроқ», – дейди Альбина Дудкина. Унинг турмуш ўртоғи Александр Бобровских ҳозирда бошқа сафарбар қилинганлар билан ташландиқ уй ертўласида яширинган. Унинг сўзларига кўра, аскарлар 1-2 ноябр кунлари ўқлар ёмғири остида қолган ва шундан бери улар ўз командирларини кўрмаган.

Альбина Дудкина эри билан

«Илтимос, бизни қутқаринг, чунки ҳозир командирлар келиб, бизни яна олдинги сафга юборишади», – дея эрининг сўзларини келтиради Дудкина.

Мавзуга оид