Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Солиқ қонунчилигини мантиқ тарк этди” – мутахассис солиқ органининг тадбиркорни жазолаш “схемалари” ҳақида
Тадбиркорлар билан бевосита ишлайдиган солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов солиқ органи тадбиркорни жазолаш учун қандай “методлар”ни қўллаётгани ҳақида гапириб берди. Шахсини сир сақлаш шарти билан тадбиркор асоссиз жарималарни тўлашга мажбур бўлганини айтади.
“Тадбиркорни исталган пайтда текшириш қонунийлаштирилди”
Бизга келиб тушадиган мурожаатларда солиқ органи билан бўладиган муносабатнинг 10тадан 9тасининг оқибати тадбиркорни жазолашга олиб келяпти. Биринчи навбатда текширувлар қонунийлаштирилиши масаласи. Яъни тадбиркорни хоҳлаган пайтда текшириш қонунийлаштириб олинган. Олдин тадбиркор қачон текширилишини биларди – координация бўларди ва шунга қараб бир йилда қачон текширилишини тадбиркор билиб тайёргарлигини кўрарди. Янги солиқ кодекси қабул қилинганида “қизил”, “сариқ” ва “яшил” йўлаклар – таҳлил-таҳлика дастурига қараб тадбиркор қачон текширилишини билади дейишди. Ҳозир камерал текширув, сайёр текширув ва солиқ аудити бор, жорий йил якунидан трансфер нархлар битими бўйича яна текширувга чиқилади. Трансфер қилинадиган нархлар бўйича назорат қилинадиган битимлар юзасидан текширувларни таҳлил қилсангиз, мавжуд тадбиркорлик субъектларининг 80 фоизи текширувга тушади.

“Яшил йўлакда турган тадбиркор текширувга тушгани ҳақида фактлар бор”
Камерал текширувга хоҳлаган пайти чиқилади, ҳаттоки телефон қилишади-да, “фалон суммани тўлаб бер, бўлмаса текширувга чиқаман”, дейди. Ҳеч ким чеклов қўймаяпти, истаган пайти текширяпти. “Ўзи қизил йўлакда тургани учун текширилди” дейиши мумкин, аммо “қизил” ва “сариқ” майли, “яшил” йўлакда турган тадбиркорга ҳам текширувга чиқилаётгани ҳақида фактлар бор. Нима сабаб десангиз, “риск анализ” дейди. Агар ВМнинг 1-сонли қарорини кўрсангиз, “риск анализ” бўйича солиқ идорасининг 6 ойда бир марта текширувга чиқишга ҳаққи бор. Ҳозир хоҳлаган пайти камерал текширув, кетидан сайёр текширувга чиқишяпти. Сайёр, камерал ва солиқ аудити оқибатида тадбиркор жазоланади, йўқ деганда, чек бермаганлик учун жаримага тортса бўлади.
Шахсини сир сақлаш шарти билан интервью берган тадбиркор қонунда дори воситаларига ҚҚС имтиёзи қўлланиши белгилаб қўйилган бўлса-да, дорихонасидаги барча товарлар (дорилар ҳам) парафармацевтика деб ҳисобланиб, солиқ идоралари томонидан “ҚҚС тўлашдан қочганлик учун” жарима қўлланганини айтади.
“Президент фармони билан дорилар 15 фоизлик ҚҚСдан озод бўлган, лекин парафармацевтика воситалари озод қилинмаган. Солиқ идораси бизни дорихона эмас, супермаркет сифатида кўряпти. Солиқдан қочгансизлар, деб 15 фоиз жаримага тортяпти. Ҳамма ҳужжатларни тақдим қилдик, аммо фойдаси бўлмади”.
“Қонун билан солиқ тўлашдан озод қилинган ўзини ўзи банд қилувчилар касса аппарат сотиб олишга мажбур қилиняпти”
Жазолаш методларидан яна бири – ўзини ўзи банд қилувчиларга касса аппарат қўллаш мажбурийлиги юклатилган. Ўзини ўзи банд қилувчиларга оид янги тартиб (ВМнинг 806-сонли қарори) туфайли солиқ қонунчилигини мантиқ тарк этди. Солиқ қонунчилгига кўра, ўзини-ўзи банд қилувчилар солиқдан тўлиқ озод қилинган. Агар меҳнат стажи кетсин деса, ихтиёрий равишда 1 йилда 1 марта ижтимоий солиқ – 300 минг сўм тўлаб қўйса бўлади. Аммо қанча даромад оладиган бўлса ҳам, солиққа тортилмаслиги белгилаб қўйилган. Уларга касса аппарат ёки терминал шарт эмас. Қонунчилик бўйича касса аппарат, тўлов терминалларини тадбиркорлик субъектларига қўллаш мажбурий. Касса аппаратларни қўллашдан мақсад солиқдан қочишнинг олдини олиш ва солиқ базасини аниқлаш. Энди ўзини ўзи банд қилувчида солиқ тўламаслик имтиёзи бўлиб туриб, касса аппаратни қўллаши керак. Агар қўлламаса, унга 5 миллион сўм жарима бор, қўлласа, ҳар ой касса аппаратининг 100 минг сўмлик тўловини амалга ошириши керак. Бундан мақсад жарималар системасини яратиш. Менда бундай фактлар бор: сартарошга 5 млн сўм жарима тўлатишган.
Буёғига 5 млн сўм жаримани тўламаслик учун яна коррупцион методга кенг йўл очилади. Давлат солиқ тўламагин деган одамга 2,5-3 млн сўмдан терминал сотиб олиш мажбурияти қўйиляпти. Ўзини-ўзи банд қилган 1 млн 200 мингта шахс бор, шунча одам касса аппарат сотиб олиши керакми? Бу банднинг киритилишидан мақсад касса аппаратни сотиб пул ишлашми?

Жарималарни ошириб юборишдан мақсад нима?
Солиқ органларини ривожлантириш фонди бор – жарималарнинг 40 фоизи ўша фондга тушади. Назорат қилувчи орган ҳуқуқбузарлик содир этилишидан манфаатдор бўлиб қоляпти. Қанча кўп ҳуқуқбузарлик содир этилса, назорат қилувчи орган шунча бойиб бораверади. Бунинг натижасида жарима қилувчи нормалар кўпайиб кетяпти.
Камерал текширувдан сайёр текширувга “форточка” очишди
Президент фармони билан 2022 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини камерал текширув билан жарима қилиш йўқ қилинди. Энди қандай қилсак жарима қўллаш учун “форточка” очилади деб ўйлаб қолишди ва… Камерал текширув ўтказиб, камерал жараёнида сайёр солиқ текширувига зарурат туғилди деб туриб, сайёр текширув ташкил қила бошлашди. Сайёр текширувда жойига чиқиб тадбиркорнинг “остаткаси” текширилади. Сайёр солиқ текширувига чиқилади, камчилик аниқланади ва жарима қўлланади.
“Янги ўзгаришлар Солиқ кодексида ноқонуний ҳаракатларни қонуний деб тан олишни назарда тутяпти”
Эрталаб 9да иш бошланса, кечқурун ухлагунча фақат “жарима қилиндим” деган хабар оламан. Кунига 3-4 тадан 20тагача тадбиркор “нима қилай, қандай қилай, текширув келди” деб ёзади. Ачинарлиси, яшил йўлакда турган тадбиркорга текширувга тушдинг деган хабар келяпти. Бу дегани хоҳлаган пайтим хоҳлаганингга текширув чиқараман дегани.
Ричаг жуда ҳам кўп, Солиқ кодексида 90 фоиз солиқ идорасига ҳуқуқ берилган. Судларда ҳам кўрамиз, нима десак “бизда мана бу, мана бу ҳуқуқ бор” деб туради. Ҳатто янги киритилаётган ўзгартиришларда ноқонуний ҳаракатлар деб тан олинган айрим ҳолатлар Солиқ кодексида қонуний деб тан олиш назарда тутиляпти. Контрагентнинг ҚҚС масаласида солиқ органи битимни қалбаки деб топиши мумкинлиги, агар тадбиркор норози бўлса, солиқ органи судга чиқиши керак эди. Янги ўзгаришлар солиқ органи қўшимча солиқ ҳисоблаб юбориши мумкинлиги, бунга тадбиркор кўнмаса судга мурожаат қилиши мумкинлигини назарда тутяпти. Мажбурият ва мажбурият тадбиркорда, ҳуқуқлар эса солиқ органида.
Ишламайдиган модда бор: ҳар қандай тушунмовчилик тадбиркор фойдасига ҳал қилинади деган, ваҳоланки, судларда ҳам кўриб турибмизки, юз фоиз ҳужжат билан исботланган нарсани текширувчи келади-да, “йўқ, алдаётган бўлиши мумкин” деган гумонлари билан ютиб кетаётган ҳолатлари ҳам бор.
“Нормативларни қабул қилишда савдо-санаот палатасининг қаршилиги инобатга олинмаяпти”
Амалдаги қонунчиликка кўра, тадбиркорлик субъектларига тааллуқли қонунчилик нормалари Савдо-саноат палатаси розилиги билан ўтиши керак. Бу норма қоғозда қолиб кетяпти, яъни ССП очиқчасига “йўқ қаршимиз” деган нормалар ҳам ўтяпти. Нима қилиш керак деган саволга жавоб оддий – қонун ишласин. Савдо-саноат палатаси тадбиркорни ҳимоя қиляпти, бюджетнинг асосий қисми тадбиркор тўлаган солиқлардан шаклланяпти. Асосий қисми бўлмаган тақдирда ҳам 8 млн одам тадбиркорларнинг қўлида ишлаяпти, ҳеч бўлмаганда 1 миллион ўзини ўзи банд қилган фуқаролар бор. Амалда барча ҳаракатлар тадбиркорни жазолашга қаратилган. Савдо-саноат палатаси рози бўлмаган нормалар ҳам қабул қилиниб кетяпти.
Интервьюнинг 2-қисми тез орада эълон қилинади.
Мадина Очилова суҳбатлашди.
Оператор ва монтаж устаси Абдусалим Абдувоҳидов
Мавзуга оид
11:59 / 01.04.2025
“Тадбиркорлар олмаган даромади учун солиқ тўлашига тўғри келяпти” — Мурод Муҳаммаджонов
18:54 / 17.02.2025
«Қатъий белгиланган АОС коррупциянинг оёғига болта урганди, энди уни бекор қилишмоқчи» – солиқ маслаҳатчиси
16:32 / 26.12.2024
Мобил алоқа хизматлари акциз солиғидан озод этилди
15:23 / 02.09.2024