Жамият | 00:03 / 10.11.2022
30535
3 дақиқада ўқилади

«Кўрган видеоларимизга тақлид қилгандик» – Навоий шаҳри марказида тўппончадан ўқ отган ниқобдаги икки йигит

Ижтимоий тармоқларга ниқоб таққан икки нафар шахснинг Навоий вилояти ҳокимият биноси олдида қуролдан ўқ узганлиги акс этган видеолар тарқалди. Тартиббузарлар 7 ноябр куни қўлга олинган.

Фото: Видеодан кадр

“ЗўрТВ” телеканали томонидан эфирга узатилган лавҳада видео аслида жорий йилнинг август ойида тасвирга олингани, 7 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда оммалашгани таъкидланади.

“Мақсад ёмон эмас эди. Шунчаки қизиқиб, кўрган видеоларимизга тақлид қилиб шундай қилдик”, – дейди видео қаҳрамонларидан бири.

Йигитлар юзларини яшириш мақсадида икки кун давомида махсус ниқоб тикишганини тан олишди.

“Ниқобни ўзимиз тикдик. Ёмон оқибатларга олиб келишини ўйламагандик. Ниқоб тақсак бизни топа олишмайди деб ўйлагандим. Лекин бу бир кунга ҳам бормади. Бу қилган ишим учун афсусдаман”, дейди улар.

Қонунбузарларнинг икки кунлик уринишини ички ишлар органларининг икки соатлик чиппакка чиқарган. Навоий шаҳар ички ишлар жиноят қидирув бўлими ҳамда профилактика инспекторлари ҳамкорлигида жамоат тартибини бузган шахслар зудлик билан қўлга олинган.

Суриштирувлар давомида ҳуқуқбузарлик содир этганлардан бири мактаб ўқувчиси экани аниқланган. Шунингдек, қўлга олиш чоғида тартиббузарлардан ашёвий далил сифатида олинган тўппонча ўйинчоқ бўлиб чиққан.

Фото: Видеодан кадр

 “Ҳолат юзасидан ушбу шахсларнинг ота-оналари ва улардан бири ўқийдиган мактабнинг маъмурияти чақиртирилди. Ҳозир терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Видеода улар томонидан фойдаланган тўппонча кўздан кечирилганда у ўйинчоқ экани аниқланди”, дейди Навоий шаҳар ИИБ инспектор-психологи Сарвиноз Нарзуллаева.

Фото: Видеодан кадр

Тартиббузар ўқувчининг синф раҳбари унинг дарсларда ва қўшимча машғулотларда доим фаол қатнашиб келиши, тарбияси борасида ҳам бирор нуқсон сезмаганини таъкидлаган.

Мактаб директори ўринбосари ҳам 11-синфда таҳсил оладиган ўсмирнинг хулқини ижобий баҳолаб, рўй берган воқеа ўзлари учун ҳам кутилмаган иш бўлганини айтган.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид