Кремл ОАВга уруш тарафдори бўлган депутатлардан камроқ иқтибос келтиришни буюрди
ОАВ хабарларига кўра, Кремл Давлат думаси айрим депутатларининг уруш ва сафарбарлик жараёнини танқид қилиб чиққанидан норози.
Россияда президент маъмурияти давлат ОАВга ҳарбий мавзуларда гапирган, жумладан, ҳарбий қўмондонликни танқид қилган Давлат думаси депутатларининг иқтибосларини камайтиришни буюрди. Бу ҳақда Давлат думаси ва давлат оммавий ахборот воситаларига яқин манбаларга таяниб, 9 ноябрь, чоршанба куни «Верстка» нашри хабар берди.
Нутқлари «ортиқча эълон қилинмаслиги керак» бўлган депутатлар рўйхатига Думанинг Мудофаа қўмитаси раҳбари Андрей Картаполов, генерал депутатлар Андрей Гурулев, Виктор Заварзин, Андрей Красов ва Хотин-қизлар ишлари бўйича қўмита раҳбари Нина Останина киритилган.
Улардан «фақат ахборот агентликларидан ва агар янгиликлар кун тартиби талаб қилса, минимал ҳажмда» иқтибос келтириш мумкин, деди «Верстка»га тавсиялар олган ОАВдан биридаги манба. Унинг сўзларига кўра, бу кўрсатмалар Кремлнинг Сергей Новиков бошчилигидаги жамоат лойиҳалари бўлимидан олинган.
«Верстка» маълумотларига кўра, «Россия сегодня» гуруҳига тегишли ОАВ, «Российская газета», Бутунроссия давлат телерадиокомпанияси ва расмий равишда давлатга тегишли бўлмаган «бошқа йирик оммавий ахборот воситалари» талабларни олган.
«Верстка» рўйхатида санаб ўтилган депутатлардан беш нафари, биринчи навбатда, уруш, сафарбарлик ва фронт хавфсизлиги ҳақидаги фикрлари туфайли «заҳарли депутатлар рўйхатига» кирди. «Сафарбарлик бошланганидан кейин, умуман, февраль ойидан бери ҳокимиятнинг ахборот стратегияси ишлаб чиқилмаган. Ҳамма ҳар хил мавзуда изоҳ берди, Кремль кўрсатма беришга улгурмаётганди», деб тушунтирди нашр манбаси.
Унинг сўзларига кўра, «бир қатор депутатлар» президент маъмурияти учун ниҳоятда ёқимсиз баёнотлар билан чиқишга, шунингдек, «ўзлари билмаган ва ўзларига тааллуқли бўлмаган нарсаларни изоҳлаш»га муваффақ бўлган. Кремлнинг фикрича, бундай «салбий ахборот» федерал ҳокимият органларига катта зарар етказди, чунки одамлар оммавий ахборот воситаларидаги кўплаб баёнотларга «жуда кескин муносабатда бўла бошладилар». «Верстка» манбаси «заҳарли» парламентарийлар рўйхати келажакда кенгайтирилиши мумкинлигини инкор этмади.
Мисол тариқасида «Верстка» суҳбатдоши Давлат думаси мудофаа қўмитаси раҳбари, аввалроқ мудофаа вазири ўринбосари лавозимини эгаллаб келган Андрей Картаполовнинг нутқини келтирди. РБК'га берган изоҳида у сафарбар қилинганларнинг шикоятлари туфайли «кадрлар бўйича қарор» қабул қилинишини эълон қилди.
Картаполов бундай баёнотлар бериш ҳуқуқига эга эмас ва унинг сўзлари «тахминлар ва ўзининг баъзи ҳис-туйғулари»дир, деб тушунтирди «Верстка» манбаси. Кадрлар бўйича қарорлар қабул қилиш Кремль ва ҳукуматнинг ваколатидир, бу «стоп рўйхатига киритилган депутатга тааллуқли нарса эмас», деди манба.
Депутат Андрей Гурулев «Лиман бой берилганидан кейин Мудофаа вазирлигини очиқчасига қоралай бошлади» ва «сўнгги пайтларда ҳаддан ташқари ошириб юбориб», ҳарбий раҳбариятга жуда кескин қаршилик кўрсата бошлади, деб таъкидлади «Верстка» манбаси.
Думанинг Хотин-қизлар ишлари бўйича қўмитаси раҳбари Нина Останина «негадир» сафарбарлик ҳақида изоҳ бера бошлаганидан сўнг, Кремлни ғазаблантирди. «Ҳеч ким ундан сўрамаётганди, у оила қўмитасида, бу унинг мавзуси эмас», деди «Верстка»га қуйи палатага яқин манба.
Депутат Заварзин Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг ўғилларини уруш ҳудудига жўнатиш ғоясини танқид қилгани учун «стоп рўйхат»га киритилди. Қодиров депутатни «бошқаларнинг ишига аралашишни бошлади», деб ҳисоблади, дейди «Верстка»манбаси.
Мавзуга оид
15:25 / 19.11.2024
Кремл АҚШнинг РФга ATACMS зарбалари ҳақидаги қарорига муносабат билдирди
09:10 / 29.10.2024
Кремл Гуржистондаги сайловларга аралашгани бўйича айбловларни рад этди
11:50 / 05.10.2024
Кремлга яқин VK'да оммавий ишдан бўшатишлар кузатиляпти
23:50 / 30.09.2024