“30 йилдан бери ечилмас муаммо” – фаоллар газ-свет муаммоси ҳақида
Сўнгги вақтда республиканинг турли ҳудудларида энергия таъминотида узоқ муддатли узилишлар кузатилмоқда. Ижтимоий тармоқларда оғир аҳволдаги беморлар даволанаётган шифохона, давлат хизматлари марказлари, банклар, маҳаллий ҳокимликлар электрсиз қолгани ҳақида хабарлар бор. Жамоатчилик фаоллари аввалги йиллардан фарқли равишда ҳали изғирин совуқ бошланмай туриб энергия таъминотида жиддий муаммолар кузатилаётганидан хавотирга тушишмоқда.
Кунлар кескин совий бошлагандан сўнг истеъмолчиларнинг электр энергияси ва газга бўлган талаби ҳам ортиши янгилик эмас. Энергетика вазирлигига кўра, совуқ кунларда магистрал газ қувурлари ва тармоқларида табиий газ босими ҳам кескин пасайиши кузатилмоқда. Вазирлик изоҳида, шунингдек, айрим иссиқлик электр станцияларига белгиланган ҳажмлардан кам миқдорда табиий газ етиб бораётгани, бу эса, ўз навбатида, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми пасайишига олиб келаётгани, йирик аварияларнинг олдини олиш мақсадида электр таъминотида қисқа муддатли чекловлар киритилаётгани таъкидланган.
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Миллий диспетчерлик маркази» давлат унитар корхонаси барча ҳудудий электр тармоқлари корхоналари раҳбарларига ИЭСларнинг ёқилғи таъминоти билан боғлиқ оғир ҳолат вужудга келгани ҳақида хат чиқарган. Хатда энергетика тизимида оғир оқибатли йирик фавқулодда авария ҳолатлари (блэкаут) юзага келишининг олдини олиш учун соатлик электр энергияси истеъмоли топшириғини қатъий равишда бажариш сўралган. Таъминотдаги муаммолар туфайли Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни тўхтатди.
“Йўқ нарсани арзонга ишлатгандан кўра бор нарсани қимматга ишлатган маъқул-ку”
Таниқли диний уламо Мубашшир Аҳмад фуқаролар учун электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ тарифлари ўзгармай қолганига эътибор қаратиб, агар барча муаммо шу масалага бориб тақалса, йўқ нарсани арзонга ишлатгандан кўра бор нарсани қимматга ишлатган маъқул эканини таъкидлаган.
– Электр ва газ бизда 30 йилдан бери ечилмас муаммо. Лекин нега шундай қийинчилик ва муаммода эканимизни билмайман. Қанча газ ёки электр керагу, ҳукумат нега булар билан таъминлай олмаётганини тушунмайман. Кичик ва ночор бир рўзғорда ҳам муаммолар аста-секин ечилади. Лекин катта ва энергия ресурсларига бой мамлакатда бир неча ўн йиллардан бери бу масала нега ҳал этиб бўлмаётганини англамайман.
Совуқ хонада тонг оттириш нима эканини эса биламан. Тана ҳолсизланиб, совийдиган, шу сабабли ташқаридан иссиқликка муҳтож бўлган қари ва хасталарнинг ҳолларини яхши тушунаман. Қоронғида дарс тайёрлай олмаётган авлод келажагини, метангаз заправкаларида вақтлари увол бўлаётган аҳоли дардларини яхши ҳис қиламан. Буларни шунинг учун ёзяпман.
Демакки, муаммо бор, ечим йўқ экан (ҳукуматда), келинглар масалани оммага ошкор қилайлик. “Аҳолимизга қанча газ ва қанча электр керак, шундан қанчасини ҳукумат етказа олади ва қолганини қай йўл билан ҳосил қилиш мумкин?” Шу каби саволларга жавобларни ҳамма билсин ва ҳамма бош қотирсин. Чунки нон каби зарур бу эҳтиёжларни халқ ҳар йили умид билан кутади.
Ёлғон ваъдаларга ишонади ва катта қисми совуқ ва зулматдан қийналиб қиш ўтказса, оз бир қисми ис газидан заҳарланади ва бир неча ўнлаби ўлиб кетади. Қишда машинасини ҳайдай олмайди, қоронғи ва совуқда болалари дарс тайёрлай олмайди. Касал, заиф ва қарилари совуқ ва қоронғиликдан туни билан инграб чиқади.
Муаммо ҳамманики экан, ҳамма бош қотирсин. Уларнинг ечилмас эканини билса, англаса сабр қилсин ва ваъдаларга суянмасин. Кўмирини, тезагини ғамласин, ёқиб-битирилган дарахтзорлар ўрнини тўлдирсин, кейинги ўн йилликлардаги қишларга тайёрлансин. Ҳар кузда дардини достон қилавермасин.
Агар газ ва электр муаммосига шу сабаб бўлса, нархни кўтарган яхши эмасми? Йўқ нарсани арзонга ишлатгандан кўра бор нарсани қимматга ишлатган маъқул-ку. Имкони йўқлар имкони қадар иқтисод қилиб ишлатар эди.
Европа қитъаси уруш гирдобида. Мамлакатларнинг асосий ғами ва бош оғриғи – аҳолини иссиқ ва ёруғликда қишдан олиб чиқиш бўлиб қолган. Россия газидан узилган иқтисодлар олти ой ўтмай энергиянинг янги манбаларини излади, уланди, келтирди ва масалани ҳал қилди. Аҳолисининг энергия таъминотини ечди. Ҳатто урушнинг маркази – Украина учун ҳам босқинчиларга қарши жанглардан кейинги ўринда аҳолини газ ва электр билан таъминлаш асосий масала бўлиб турибди. Рус қўшини электр манбаларига ракета зарбаси берганда, яксон бўлган электрлинияларни тезкор янгилаш ёки таъмирлашга ҳаракат қиляпти. Қўшни давлатлар бу борада ҳамкорлик қиляпти.
Тўғри, бизда ҳам қуёш ва шамол энергиясини ҳосил қилувчи улкан лойиҳалар амалга оширилмоқда. Янги газ конлари очилаётгани ҳақида тез-тез ўқиб турибмиз. Лекин ҳар куз муаммо ўша-ўша-ку. Нега бундай бўлмоқда? Нега оз бўлса-да ҳолат яхшиланмаяпти? Ўзи энергия муаммоси қачон батамом ҳал бўлади?
Қишда уйи иссиқ ва ёруғ бўлиши ҳамманинг эҳтиёжи ва ҳаққи. Бу ҳақ омматан бера олинмаса ва ҳал қила олинмаса, жуда бўлмаганда муаммо нимада эканини айтиб, ҳисоб-китобни маълум қилиш лозим. Халқнинг ўзи билан маслаҳатлашиш керак. Балки яхши ечим ва таклифлар бўлиб қолар, балки ҳақиқат юзага чиқса, қишга олдинроқдан ўзи тайёргарлик кўрар ёки ҳеч қандай имкони бўлмаса, сабр қилиш учун халқ сабабга эга бўлар.
Лекин нима бўлганда ҳам муаммодан кўз юммаслик керак. Ваъда ва режалар билан аллаламаслик керак. Ҳақиқатнинг юзига тик қараш керак. Ечим бўлса ечиш, бўлмаса изланиш керак. Аммо булардан ноласи осмонга ўрлаётганлар хабардор бўлиши керак. Шояд уларнинг қарғишлари дуога, норозиликлари тушунишга ва энг асосийси муаммолари ечимга айланса!
“Бу ҳали ҳолваси бўлиши мумкин”
Иқтисодчи Отабек Бакиров энергетика соҳасидаги иқтисодий популизмнинг салбий оқибатлари ҳақида сўз юритган.
– Чунки биз охирги қизил чизиқни шу йил ёзда, ҳатто компромисс қарор қабул қилиб, кейин ярим тунда ортга қайтганимизда ўтказиб юбордик, назаримда.
Ҳали қор тушмади, ҳали ҳарорат мусбат, олдинда қаҳратон қиш.
Тармоқларда ёзилганидек, свет йўқ, чунки газ йўқ, газ йўқ, чунки свет йўқ.
Энергетикадаги иқтисодий популизм туфайли ўзимиз билмай соҳада Венесуэла яратиб қўйдик. Газ қазиб олишга рағбат йўқ, транспортировкага рағбат йўқ, электр ишлаб чиқаришга рағбат йўқ. Чунки бозор йўқ.
Агар охирги тўқ йил, сабримиз узун ва қалин бўлган 2019 йилда қарор қабул қилинганида ҳозир балки энергобаланс мувозанатга етган, таклиф талабга етиб олган бўларди.
Бугун бошласак анча узоқ муддат кетади, аммо сабр ҳам юпқалашган. Лекин бу ишни эртага қолдирсак, бу аниқ - свет ҳам бўлмайди, газ ҳам бўлмайди. Жисмонан бўлмайди, шунчаки ҳеч кимга бўлмайди. Популизмга ҳам ҳожат қолмайди.
“Коммуникация керак”
Davletov.uz канали на Энергетика вазирлиги, на ҳукуматнинг бошқа масъуллари халққа нима бўлаётганини тўғри ва содда қилиб тушунтира олмаётганига эътибор қаратган.
– Неча кунки, ижтимоий тармоқларнинг асосий мавзуси — ҳар соатда ўчаётган электр энергияси, соатлаб совуқда ўтирган одамлар, километрлик навбатда турган ҳайдовчилар, ҳатто шаҳарларда пасайиб кетган газ босими бўлмоқда. Оддий норозиликдан қарғишгача янграмоқда. Каналимиз орқали ўтказилган сўровномада ҳам қарийб 60 минг киши овоз бериб, уларнинг 84 фоизи газ ва электр энергияси муаммосига дуч келаётгани ҳақида билдирган.
Лекин на Энергетика вазирлиги, на ҳукуматнинг бошқа масъуллари халққа нима бўлаётганини тўғри ва содда қилиб тушунтироляпти, қанақадир тушунарсиз баёнотлар, тушунарсиз носозликлар ҳақида гапириляпти, лекин ҳеч ким ҳеч нарсани тушунмаяпти. Қаҳрга тўла саволлар ҳавода муаллақ турибди: нега, нега айнан ҳозир ва нега шу ҳолатга келиб қолди? Май ойидан куз-қишга тайёргарлик ҳақида гапириладию, лекин ҳали қиш келмасдан, тузукроқ қор ёғмасдан бутун мамлакат тақдир ҳукмига ташлаб қўйилмоқда?
Халқ билан сифатли коммуникация керак. Халқ дардига кимгадир фойдали пайти қулоқ тутиш керак эмас, балки ҳар куни, ҳар соатда манзилли гапирилмас экан, халқнинг давлатга ишончини, агар қолган бўлса, борини ҳам йўқотиш мумкин. Энергетика тизими дабдаласи чиққан бўлса — гапирилсин, ким дабдала қилган бўлса — жазосини олсин. Халқ билсин, нега бундай бўлаётганини. Одамларни ўз дарди билан ёлғиз қолдиришнинг бадали қиммат бўлади.
Мавзуга оид
20:55 / 02.11.2024
Ўзбекистонда электр энергияси ва метан гази олиш учун 8 та чиқинди ёқиш заводи, 1 та чиқинди полигони қурилади
10:20 / 30.10.2024
Зангиотада газдан ноқонуний фойдаланган шахслар ушланди
21:29 / 29.10.2024
Жиззахда 8,6 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган “метан заправка” аниқланди
15:54 / 29.10.2024