«Бундай риёкорлик ва дабдабалар динимизда тақиқланган» – муфтий зиёратдан қайтишини «нишонлаётганлар» ҳақида
Муфтий Нуриддин Холиқназаров Ҳаж ёки умра сафаридан қайтган инсонларни амалларини холис Аллоҳ учун қилишга ва риё қилмасликка чақирди. Шунингдек, у мусулмонларни кимўзарга дабдабали тадбирлар қилиш ва исрофгарчиликнинг гуноҳидан огоҳлантирди.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган Умрадан қайтишини маросимга айлантириб, турли хил «байрамлар» ўйлаб топаётганларга мурожаат қилди.
«Ҳаж ёки умра сафаридан қайтган инсонлар савобли ва хайрли ишларда ибрат, тежамкорликда бошқаларга намуна бўлиш ўрнига кутиб олишдан бошланган харажатлар ва исрофгарчиликлар билан ҳаммани ҳайратга соляпти. Қимматбаҳо автоуловларда кутиб олиш, маҳалланинг бошидан узундан узун пойандозлар тўшаш, катта пул сарф қилиб маросимларни тўйларга, баъзан эса Аллоҳ бизни кечирсин, шоуларга айлантириб юбориш ҳолатлари кўпаймоқда. Умра зиёратидан келганлар то бир километр узоқликдан оёқлари остига гиламлар солганининг гувоҳи бўляпмиз.
Биласизми, энг ачинарлиси нима, кимдир Аллоҳ насиб қилиб онасини ҳажга ёки умрага юборибди. У ҳаммага хўжакўрсин қилиб, риё қилиб онасини кутиб олаётган бир пайтда ундан бир неча эшик узоқда кимдир бемор онасига дори топаман деб, мардикорлик қилиб йиғлаётганини, шифохонада онасини маҳкам бағрига босиб йиғлаётган бир фақир инсонни кўз олдимизга келтирайлик.
Унинг ўрнига умрадан келаётган инсон – борганимдан кейин мен Аллоҳни байтини кўрганимнинг шукронасига, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга салом ва саловатлар айтишимга Аллоҳ таоло мушарраф қилгани эвазига маҳалламдаги камбағал ва етим-есирларнинг бошини силайман, дея ўзига-ўзи қасд қилиши керак эмасми?
Бу риёкорлик, бу қилинаётган дабдаба-ю асасаларнинг ҳаммаси динимизда тақиқланган. Динимиз қайтарган амаллардир. Яна ачинарлиси, қайтиб келганидан кейин бу шоуларга, дабдабаларга уланиб кетадиган ҳожи ўтиришлар каби ўтиришлар ташкил қилиняпти. Биргина ҳожи ўтиришни ташкил қилиш учун бир камбағал одам фарзандини тўйига сарфлайдиган сарф-харажатни ишлатишяпти.
Бундан ташқари, қилган амалингизни бошқалар кўрсин деб қилинадиган амал бу – риё. Яъни бизнинг тилимизда хўжакўрсинлик, бошқалар эшитиб қўйсин дейиш бу сумъа.
Ҳар иккиси ҳам катта гуноҳ бўлиб қилинган ўша амалнинг савобини ювиб ташлайди. Қиёмат қойим бўлганда риё учун қилинган амалга ҳеч қандай савоб берилмас экан. Маҳмуд ибн Лабид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан қўрқадиган нарсаларимнинг энг қўрқинчлиси кичкина ширк», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, кичик ширк нима?» дейишди. У зот: “(Кичик ширк) Риёдир, инсонлар амалларига яраша жазо ёки мукофот оладиган кунда Аллоҳ таоло риёкорларга: «Дунёда кимлар учун риё қилган бўлсангиз, ўшаларга боринглар. Қаранглар-чи, уларнинг ҳузурида бирон мукофот топармикансизлар?!» дейди», дедилар». (Имом Аҳмад ривоят қилган).
Мана бу гапни Расулимиз алайҳиссалом айтдилар. Демак азизлар бугун онамизга ёки отамизга хизмат қиляпман, деб уни риё қилсак, хўжакўрсинга қилаётган бўлсак қиёматда бу амалимизга асло савоб бўлмайди. Шунинг учун ҳам сиз азизлардан бундай ҳолатлардан сақланишга ва албатта қилаётган амалимизни Аллоҳ учун қилишга ҳаракат қилмоғимиз керак. Бу тадбирларда яна иккинчи катта гуноҳлардан бири бу исроф қилишдир. Чунки бунда исроф бор, Аллоҳ Қуръони каримда айтадики:
«Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят).
Ҳатто умрага боргандан кейин қайтиб келаётганда ҳам ҳали унга совға беришим керак деб ҳали бунга ҳадя беришим керак деб, бор-йўғи 10-12 кунга зиёратга борган зиёратчи ярим кунини бозорда ўтказяпти. Аллоҳнинг байтида ибодат қилишдан кўра бу ёқдаги одамларни кўнглини олишга вақт сарфлаши энг ачинарлисидир. Мадинаи мунавварада Пайғамбаримиз алайҳиссаломга салавот-салом айтиш бахти ва Каъбатуллоҳда Ҳажарул-асвадни рўпарасида ёки мақоми Иброҳимда намоз ўқиш бахтидан ҳам кўра бошқаларнинг кўнглини олишга вақт ажратиляпти. Бу нарса ачинарли эмасми? Бу исроф эмасми?
Умрага бораётган азизларимиз хонадонларига олиб келадиган биргина совғани тавсия қилган бўлар эдик. Биласизми нима олиб келиш керак. Энг катта совға сиз Каъбани олдида туриб ўша севган қўшнингиз, қариндошингиз, қудангиз ёки фарзандингиз ҳаққига дуо қилинг. "Каъбатуллоҳда қилинган дуо мустажоб экан, сиз қадрдонимнинг номини тилимга олиб Аллоҳдан сизнинг гуноҳларингизни кечиришини сўрадим, бу дуоларим сизга ҳадя бўлсин", денг. Мана бу совға бўлади", - дейди муфтий ўз мурожаатида.
Мавзуга оид
13:56 / 02.07.2024
“Болаларимизни илмга, маърифатга ўргатишимиз керак” – муфтий Нуриддин Холиқназар
22:23 / 23.04.2024
Муфтий Нуриддин Холиқназаров Ислом олами уюшмаси Олий Кенгашига қабул қилинди
16:05 / 21.04.2024
Муфтий Нуриддин Холиқназаров Исломий фиқҳ академияси аъзолигига қабул қилинди
12:44 / 14.03.2024