Ўзбекистон | 15:21 / 14.11.2022
15104
12 дақиқада ўқилади

Фермерда нима бор, фермерда нима йўқ... Бизда таклиф бор

Ўзбекистонда 92 мингга яқин фермер бор, лекин улар иштирокида январ-сентябр ойларида судларда кўрилган низоларнинг сони 40 мингдан ошади. 91 фоиз судларда фермерлар жавобгар сифатида қатнашган. Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси Нуриддин Муродов ҳуқуқи топталаётган фермерларни ҳимоялашга судларни кенгроқ жалб этиш бўйича иккита таклифни илгари сурди.

Фото: Kun.uz

Cуд мажлиси...

“Тўғри, мен фермер хўжалиги ишларини хат-ҳужжат бўйича нотўғри, рисоладагидай қилмагандирман, лекин шу белгиланган намуна шартномаларга ўқиб-ўқимай, тушуниб-тушунмай имзо қўйдим, ҳоким бобонинг топшириқларини бажардим, агрохизматнинг, нефтбазанинг, банкнинг, суғурта ташкилотининг айтганини қилдим, шундай бўлса-да, режадаги ҳосилни минг азобда етиштирдим ёки буларнинг айби билан – суғурта ҳодисаси бўлди ё банк кредитни вақтида бермади ёхуд ёқилғи вақтида берилмади, ўғитни-ку гапирманг, шартномада кўрсатилган ўғитнинг ярмини ҳам олганим йўқ, “ведомост”га тўлиқ олдим, деб имзо қўйганман, менга берилган ерни мана шунча қисми аллақачон бошқага ўтиб кетган, шунинг учун белгиланган ҳосилни етиштира олмадим.

Кадастрга бордим, кластерга бордим, ҳокимга бордим, қуруқ гап, натижа йўқ... Судга бердим, беришди (фермер даъвогар бўлса, бошқа ташкилотларни судга берган, фермер жавобгар бўлса, уни бошқа ташкилотлар судга беришган).

Қози бобо, мана, суғурта билан судлашяпман, ҳамма яхши билади, бирор марта суғурта ўз ихтиёрий билан суғурта товонини тўлаб берганми? Тўламайди, шартномада ундай жойи бор, бундай жойи бор, имзолагансиз, дейди. Имзолаган бўлсам, майли, лекин суғурта ҳодисаси бўлдими, экинларимни шамол учириб кетдими, нобуд қилдими, яна нима керак суғурта ҳодисаси бўлиши учун? Далолатнома дейди, бало дейди, ҳамма билган ҳодиса, шамол нафақат экинларни, балки шу ҳудуддаги аҳоли уйининг томларини ҳам учириб кетди-ку, шу ҳолатда ҳам далолатнома тузмаганим, хулоса олмаганим, суғурта оладиганлар рўйхатида бўлмаганим менинг айбимми?..

“Томчилатиб суғор”, дейди. Мажбурлаб кредит шартнома қилдирди, тендерда ютган бир ташкилот томчилатиб суғориш учун зарур ускуналарни олиб келиб ташлади, мен энди кредит тўлашим керак. Ахир томчилатиб суғорадиган ускунани ишлатмадим-ку, ускуналарни улаш учун сув манбайи ҳам йўқ-ку, буни ким эътиборга олади.

“Шартнома туз, бўлмаса, ерни топшир”, деди, шартнома туздим, томчилатиб суғоришни йўлга қўйганимда ҳам алам қилмасди, буни йўлга қўйиш менинг қўлимдамас-ку, сув манбайига улаб беришмаяпти, сув йўқ, демак, шартномани мен бузмаганман, нима учун мен кредит тўлашим керак?

Қози бобо, мен тушунмадим, шартномага имзо қўйган бўлсам, вояга етган бўлсам, юқорида айтганимдай, “хат-ҳужжат”га нўноқ бўлсам, бу қоғоз ишини тўғри қилмаган бўлсам... Кредит ол, кредитга кафил бўл, дейишди, кредит олдим, кафил бўлдим, лекин бировнинг пулини емадим, ҳалол ишлаб оила боқяпман, ҳамқишлоқларни иш билан таъминлаганман, сайёр суд қилиб кўринглар, ҳақиқатан ҳам совуқни-совуқ, иссиқни-иссиқ, демай ишлаганман, “катталар” нима деса хўп деганман, йўқ демаганман, ҳомийлик ҳам қилганман керак бўлса, лекин зарарни ҳам мен тўлайми, дардимни суд бўлиб сизлар эшитмасангиз, ким эшитади?

Адолат дегани шу шартномаларга имзо қўйганим, қонунни билмаганим, кимнингдир айтганини қилганим, топшириқни бажарганимга қараб қолмагандир. Мен ҳақман, билиб турибсизлар, суд сизлар, адолатни тиклаб беринглар, деб келдим”.

Суд мажлиси залларидаги мана шу каби сўзларни бевосита ўзи ёки бевосита бўлмаса ҳам таниш-билишларидан бўлса-да, эшитганлар борми? Бор албатта...

40 304 та низо...

Статистик маълумотларга кўра, юртимизда 91 832 та фермер хўжалиги фаолият юритади.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида республика иқтисодий судлар томонидан фермер хўжаликлари иштирокида 40 304 та низо кўриб чиқилган.

Демак, 9 ойда деярли ҳар икки фермернинг бирида иқтисодий низо бор, йил охиригача ва йил якуни сарҳисобидан сўнг бу кўрсаткич янада ортиши тайин.

Эътиборлиси эса ушбу низоларнинг 36 524 тасида фермер хўжаликлар жавобгар, 3780 тасида фермер хўжаликлар даъвогар сифатида иштирок этган.

Фермер хўжаликларига нисбатан берилган даъволарнинг 32 573 (89%) таси қаноатлантирилган. Судга мурожаат қилган фермер хўжаликларининг эса 2 965 (78%) та даъвоси қаноатлантирилган.

Судлар томонидан 9 ойда 40 304 та низода фермер хўжаликларидан даъвогарлар фойдасига 1 триллион сўм атрофидаги маблағ ундирилиши белгиланган.

Айтиш лозимки, Тошкент шаҳрида фермер хўжаликлари йўқ, Тошкент туманлараро судида ҳам фермер хўжаликлари иштирокида низо кўриладими, деган ҳақли савол ҳам бўлиши мумкин.

Гап шундаки, банк, суғурта ва маҳсулот етказиб берувчи, маҳсулотни қабул қилувчи тарафлар ёки улардан бири Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган ёки улар ўртасидаги шартномаларда низо Тошкент туманлараро иқтисодий судида кўрилиши белгиланган ҳолатлар ҳам афсуски кўп. Шу боис Тошкент шаҳрида ҳам фермер хўжаликлари ва бошқа ташкилотлар ўртасидаги низолар кўриб чиқилади.

Таҳлил

Энди фермер хўжаликлари иштирокидаги низоларни таҳлил этиб, асосий масалага қайтсак, яъни фермерда нима бор, фермерда нима йўқ, бизда таклиф бор...

Шу ўринда Имом Ғаззолий ҳазратларининг қуйидаги ибратли сўзларини ёдга олиш мақсадга мувофиқ: “Фикр билдирганда, мунозарага киришганда, менимча, менинг фикримча”, деб бошланг.

Албатта, менинг шахсий таҳлилларимга кўра, фермерда нима бор?

Фермерда “Фермер хўжаликлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ер, Фуқаролик каби Ўзбекистон Республикаси кодекслари ва бошқа қонунлар бор.

Фермерда улар фаолиятига тўғридан тўғри дахлдор, лекин доим ўзгариб турадиган, фермерлардан сўраб-сўралмай қабул қилинаверадиган қонуности ҳужжатлар ва турли дастурлар бор.

Фермерда намуна шартномалари, улар манфаатини тўла ифодаламайдиган контратакция, кредит, лизинг, суғурта шартномалари, шунингдек, нархи фермердан сўраб ўтирилмайдиган ўғит, ёқилғи, уруғлик, суғориш ускуналарига оид ва бошқа шартномалар бор.

Фермерда айрим мажбурий ихтиёрий кредит ва суғурта шартномалари бор.

Фермерда ҳокимлик бор, уларга ёрдам берадиган ё улар ишига аралашиб, шартномавий эркинлигини бузадиган ёки йиғим-терим пайти фермерларга топшириқ берадиган, ерни топширишга ариза ёздириб оладиган.

Фермерда қози бор, шартноманинг бир томонини имзолаган ҳокимни ё бошқа бир мутасаддини бирор марта судга келтирмаган.

Шу билан бирга, фермерда отнинг калласидек кредит бор. Шунга яраша кредитни ёпмай туриб, тўй қилиб, минг кишига ош берадиган, фарзандини оширилган контрактда ўқитадиган масъулият бор.

Алқисса, фермерда тоза юрак, самимий муносабат, машаққатли меҳнат бор, асосийси, кўп ҳосил оламан, озиқ-овқатни кўпайтираман, иш ўрнини ошираман, ҳоким бобонинг кўнглига йўл топаман, ерни ўзимда сақлаб қоламан, халқнинг турмушини яхшилайман, юрт равнақига ҳисса қўшаман, деган эзгу ният, аниқ мақсад бор.

Фермерда нима йўқ?

Фермер шартномаларида тўла тенг ҳуқуқлилик, эркинлик йўқ, рақобат йўқ, шартномада фермерга ҳуқуқдан кўра, мажбурият ва шарт кўп.

Фермерда шундай бир суғурта ташкилоти йўқ: мард бўлиб, суғурта товонини ортиқча оворагарчиликсиз тўласа.

Фермерда шундай бир кафолат йўқ, у олдиндан белгиланган ва томчилатиб суғориш ускуналарини етказиб берувчи ҳамда тендерда ютган ташкилот ва банк билан уч томонлама кредит келишувини имзолаб, аслида уланиш учун сув манбайи аниқ бўлмаган ускуналар учун кредит тўламаса.

Фермерда ҳоким йўқ – унга топшириқ бермайдиган, уни мажлисларга чақирмайдиган, ваколати бўлмаса-да, маъмурий йўл билан унинг шартномаларини йиғилишларда муҳокама қилмайдиган.

Фермерда унинг фаолиятига оид қонунларда шундай бир қатъий норма йўқ – фермер фаолиятига аралашган раҳбар ва масъулларни тўғридан тўғри жазолайдиган.

Фермерда қози йўқ, фақатгина қонунни қўллаш билангина чекланиб қолмайдиган, айбдорларни жазолаш чораларини кўрадиган.

Фермерда шундай бир катта институт йўқки, унинг фаолиятини ипидан-игнасигача, иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, сиёсий жиҳатдан илмий асослантирилган тарзда таҳлил этадиган, профессионал тарзда мониторинг ва албатта натижа қиладиган.

Таклиф

Биласизми, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 2-моддасида иқтисодий суд ишларини юритишнинг 3 та вазифаси белгиланган.

Аммо, яна бир муҳим вазифа ва мақсад борки, бу аввало, арбитраж, хўжалик судлари, ундан кейин иқтисодий судларнинг ташкил этилишидаги кўзланган асосий мақсад – жамиятда иқтисодий низоларни ечиш, ҳал этиш билан бирга, ана шу низолар юзага келишидаги омилларни бартараф этиш, иқтисодиёт ривожига, хусусий мулк, тадбиркорликнинг тараққийсига тўсиқ бўлаётган, пировардида давлат иқтисодий тараққиётига салбий таъсир этаётган ғов-тўсиқларни бартараф этишдир.

Шундай экан, нафақат фермер хўжаликлари ўртасидаги низоларни, балки ҳар бир тоифа низоларни судларда назарий, илмий-таҳлилий, амалий-илмий таҳлилий жиҳатдан умумлаштириш ва тайёрланган умумлашмани Олий суд Пленуми муҳокамасига киритиш ҳамда унинг натижаси ўлароқ умумлашмани норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳолатига келтириб, ушбу ҳужжат билан ҳукумат ва бошқа ташкилотларни ҳисоблашадиган янги тизим институтини шакллантириш мақсадга мувофиқ.

Чунки низо келиб чиқиш сабаби, бунга таъсир этувчи омилларни, уларни бартараф этиш чораларини ҳам, улар юзасида тавсияларни ҳам албатта суд билади.

Демак, икки таклиф. Бири – Судьялар мактаби фаолиятини такомиллаштириш замирида Суд тадқиқот институтини қайтариш мақсадга мувофиқ.

Иккинчиси, суд умумлашмаларига норматив-ҳуқуқий ҳужжат мақомини бериш орқали, иқтисодий низолар ва уларни юзага келтираётган омилларни бартараф этиш юзасидан ҳукумат ва бошқа ташкилотларга кўриб чиқиши мажбурий бўлган тавсиялар бериш ҳамда қонунларга тузатишлар киритиш масаласида ҳукумат ва парламентга ахборот киритишни “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида мустаҳкамлаб қўйишдан иборат.

Албатта, юқоридагилар фикрлардан фермерлар фаолияти соҳаси фақатгина муаммолардан иборат экан, деган хулоса келиб чиқмаслиги лозим.

Негаки, бу соҳада амалга оширилган тизимли ва кенг қамровли ислоҳотлар, жумладан, деҳқон хўжалиги, фермер хўжалигини шакллантириш, улар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиш, моддий-техник база, давлат кўмаги, давлат кафолати, кооперацияларни ташкил этиш, кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш, кўп тармоқли фермерлар синфини шакллантириш, уларни озиқ-овқат маҳсулотларини яратувчи улкан кучга айланишигача бўлган даврдаги ислоҳотлардан ҳар биримиз бохабармиз.

Бу ислоҳотлар ва уларнинг натижаси бўлган ютуқларимиз ўзимизники, уларни инкор этиб бўлмайди, лекин мавзу доирасидаги масаланинг моҳияти – фермерлар фаолиятида юзага келаётган ва судларда кўрилаётган низоларнинг олдини олиш, ҳал этиш, ечимининг самарали, тизимли механизмларини ҳаётга татбиқ этиш орқали, иқтисодиёт ривожланишига таъсир этувчи омилларни бартараф қилиш борасида, холос.

Нуриддин Муродов,
Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси

Мавзуга оид