Ўзбекистон | 11:04 / 15.11.2022
34206
7 дақиқада ўқилади

“Халқ ғазабини қўзғатишни бас қилинг!” – Учтепа ҳокими матбуот котиби газ муаммосини кўтарган журналистни койиб берди

Журналист Азиза Қурбонова Facebook’даги саҳифасида ўзи яшайдиган маҳаллада газ босими жуда пасайиб кетганига жамоатчилик диққатини қаратганди. Ушбу пост ортидан у Учтепа тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Тўрабек Тўраевнинг таъна-дашномларига қолди.

Тўрабек Тўраев ва Азиза Қурбонова / коллаж / kun.uz

“Салом, менинг номим – газ. Лекин бунга шубҳам бор. Кучим фақат милтиллашга етади. 20 минутдан бери чой ҳам қайнатолмайман.

Эгаларим ўтмишим-ўчоққа қайтишган. Ҳа, шунақа. Манзилим: Учтепа тумани Чўпонота маҳалласи”, дейилади постда.

Фото: Facebook / Азиза Қурбонова

Азиза Қурбонова ушбу постга Учтепа тумани ҳокимлиги ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Учтепа тумани бўлимини тэг қилган.

Постга «Учтепа тумани ҳокимлиги» номи билан рўйхатдан ўтган профилдан муносабат билдирилган.

“Бўлди-да, Азизахон, нима қиласиз оловга ёғ сепиб? Ҳамма нарса назоратга олинган. Қани, бир кун келиб Учтепада ишланг-чи, кўраман. Бас қилинг халқ ғазабини қўзғатишни.

Сиз нима қилиб бердингиз Учтепага? Тепада ўтириб, ақллилик қилиш нечоғлик осон-а? Мен ҳам сиз ўтирган жойда анчагина ўтирганман, лекин бунақанги катталик қилиб, бировнинг ғазабини келтирмаганман, Аллоҳга шукур”, дейилади изоҳда.

Фото: Telegram / Микрофон кўтарган аёл

Азиза Қурбонова туман ҳокимлиги профилидан унга дашном бераётган шахсдан ўзини таништиришни сўраган.

“Менинг исмим — Учтепа тумани ҳокимлиги ва мен халқимнинг оғир ва енгил кунларида ҳам бирга бўлиб, улар нафас олаётган ҳаводан нафас оламан, улар юрган йўллардан юраман, уларнинг дарди билан яшайман. Мана мен кимман, Азизабону. Ва сизга ҳам шуни тавсия қиламан. Ўзингиздан катталарга ҳурмат билан ёндашишни тавсия қиламан”, деб жавоб қилган «Учтепа тумани ҳокимлиги» профилини юритаётган шахс журналистнинг саволига жавобан.

Саволига жавоб ололмаган Азиза Қурбонова ўзи билан ёзишаётган шахс туман ҳокимининг матбуот котиби Тўрабек Тўраев эканини тахмин қилган. Суҳбатдош буни на тасдиқлаган ва на инкор қилган. Аксинча “Тўрабек Тўраев сиздан анчагина ёши улуғ, у сизнинг тенгдошингиз эмас” дея журналистдан ҳурмат талаб қилган.

Азиза Қурбонова Фото: Facebook / Азиза Қурбонова

Азиза Қурбонова ушбу ёзишмалардан сўнг скриншотларни илова қилган ҳолда саҳифасига янги пост жойлаган ва унда мутасаддиларни халқ билан мулоқот қилишга чорлаган Davletov.uz телеграм-каналида эълон қилинган мулоҳазаларга ишора қилган.

“Коммуникация сўраганмидинглар? Мана у.

Газ ҳақидаги постимга Учтепа туман ҳокимлигининг фейсбукдаги аккаунти шундай жавоб берибди. Кўп эҳтимол билан бу матбуот хизмати бошлиғининг гаплари. "Тўрабек Тўраев?" деган саволимга жавоб ҳам бермади ва инкор ҳам этмади. Классик жавоб берилган-а, нима дедингиз?

Яшасин, "нолийверма, cен ўзинг давлатга нима қилиб қўйдинг" клишеси. Яшасин, ахборот хизматининг савияси.

Яшасин, халқининг оғир ва енгил кунларида бирга шу ҳаводан нафас олган ва олаётган, қачондир тепада (қайси тепалигига аниқлик киритилмаган) ишлаганида бировни ғазаблантирмаган ва "ақ(и)ллилик" қилмаган Учтепа тумани ҳокимлиги аккаунти.

Яшасин, оловга (қани ўша олов-2 cоатдан бери тефтель шўрвам қайнамайди) ёғ сепадиган ва ўзи туманга ҳеч нарса қилиб бермаган, катталарни ҳурмат қилмайдиган, Учтепа тумани ҳокимлиги аккаунти аввал ўтириб кўрган тепада ўтирадиган (қайси тепа экан, борардим ўшатга) ғаламис Азизабону.

Мана ўзбекча crisis communication ва public relations’дан маҳорат дарси. Ўрганинглар. Эссиз!” деб ёзган журналист.

Учтепа тумани ҳокими матбуот котиби Тўрабек Тўраев бу сафар ўз номидаги профилдан журналист билан баҳсга киришган. Интернет фойдаланувчилари изоҳларда биринчи постда унинг туман ҳокимлиги ва шахсий профилини алмаштириб юборишганини тахмин қилишган.

Чироқсиз хонадон Фото: Facebook / Жонтемир Жондор

Оддийгина тушунтириш билан вазиятни ижобий томонга ўзгартириш мумкин бўлган жойда туман ҳокимлиги мутасаддисининг фуқаронинг танқидий чиқишига ғазабнок муносабатда бўлиши, уни халқни ғазаблантиришда айблаши ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг танқидларига сабаб бўлган.

“Халқнинг ғазабини ҳаққини талаб қилган фуқаро қўзғаяптими ё сизларми? Аниқлаштириб олиш керакми дейман? Фуқаро солиқ тўлаб қўйган мана нима қилди ватан учун. Солиғидан сиз ойлик оласиз сиз нима қилдингиз фуқаро учун?” деб ёзган Илҳом Рўзиев.

“Амалдор одам шунақа фикрлаяптими? Аслида давлат идораси аҳолига хизмат қилиши керак-ку”, деган Жамшид Ҳакимов.

“Ҳурмат билан ёзди-ку, Азиза. Аслида сиз нотўғри муносабатда бўляпсиз. Кечирасиз-у, ҳокимият шунақа муносабат қилиб турса, халқ дардини кимга айтади? Сиздай ходимлар борлигига ачинаман.

Азиза бу постни бир фуқаро сифатида ёзганлиги шундоқ кўриниб турибди. Агар у ростдан ҳам “тепада ўтирволиб ақл ўргатаётган” бўлганида, менимча, бу постни қўйиб ҳам ўтирмасди. Керакли жойга керакли пайтда айтиб қўя қоларди. Бу постни қўйиш билан халқни дардини ёзяпти, муносабатингизни қаранг-у.

Одатда ҳокимиятдан бошқача муносабат кутиларди бундай постларга, лекин сиз гап талашиб, тортишиб ўтиришни яхши кўрасиз шекилли”, дея фикр билдирган Ирода Бакирова.

Тўрабек Тўраев дастлаб “Ёшлар” телеканали муҳаррири, кейинчалик айни Давлат солиқ қўмитаси, Адлия, Меҳнат, боғча вазирликларининг матбуот хизмати раҳбари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати координатори бўлиб ишлаган. У 2021 йилдан буён Учтепа тумани ҳокимининг матбуот котиби сифатида фаолият юритмоқда.

Тўрабек Тўраев Фото: Facebook / Тўраев Тўра

Учтепа тумани ҳокимлиги телеграм каналида туман газ таъминоти корхонаси раҳбари Дилмурод Қориевнинг Азиза Қурбонова кўтарган муаммо юзасидан видеобаёноти эълон қилинган. Видеода мутасадди бугунги кунда газ таъминотида узилишлар бўлиб турганини тан олган ва икки кун ичида газ босими меъёрига келтирилишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Энергетика вазирлиги кунлар кескин совий бошлагани ортидан магистрал газ қувурлари ва тармоқларида табиий газ босими ҳам кескин пасайиши кузатилаётганини маълум қилган, шу сабабли истеъмолчиларни электр ва газ таъминотидаги муаммоларни тўғри тушунишга чақирган эди.

Вазирлик изоҳида, шунингдек, йирик аварияларнинг олдини олиш мақсадида электр таъминотида қисқа муддатли чекловлар киритилаётгани таъкидланган. «Миллий диспетчерлик маркази» давлат унитар корхонаси томонидан барча ҳудудий электр тармоқлари корхоналари раҳбарларига юборилган хатда энергетика тизимида оғир оқибатли йирик фавқулодда авария ҳолатлари (блэкаут) юзага келишининг олдини олиш учун соатлик электр энергияси истеъмоли топшириғини қатъий равишда бажариш сўралган. Таъминотдаги муаммолар туфайли Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни тўхтатганди.

Жамоатчилик фаоллари аввалги йиллардан фарқли равишда ҳали изғирин совуқ бошланмай туриб энергия таъминотида жиддий муаммолар кузатилаётганидан хавотирларини билдиришганди.

Мавзуга оид