Жаҳон | 18:57 / 15.11.2022
21673
8 дақиқада ўқилади

«Хитой билан совуқ уруш бўлмайди». АҚШ ва Хитой раҳбарлари G20 саммити арафасида нималар ҳақда гаплашишди?

Индонезиянинг Бали оролида «Катта йигирматалик» саммити очилиши арафасида Жо Байденнинг АҚШ президенти сифатида Хитой компартияси раиси Си Жинпинг билан илк бор учрашув ўтказиши асосий диққат марказида бўлди. Россия президенти Владимир Путиннинг дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари етакчилари музокараларида қатнашмаслиги ҳам эътиборли ҳолат эди.

Байден хитойликлар етакчиси билан мулоқот очиқ ва самимий ўтганини таъкидлади. Си Жинпингни у «доимгидек - чўрткесар ва дангал» деб атади, шу билан бирга айрим масалаларда муросага тайёрлигини эътироф этди.

Журналистларнинг Тайван масаласи туфайли АҚШ ва Хитой ўртасида совуқ уруш келиб чиқиши эҳтимоли тўғрисидаги саволига Байден шундай жавоб қайтарди: «Мен мутлақо аминманки, янги совуқ уруши бўлмайди… Мен Хитой томонидан Тайванга қандайдир босқин бўлиши муқаррар деб ўйламайман».

Байден АҚШнинг Тайван бўйича сиёсати ўзгармаганига ишора қилди ва АҚШ муаммолар тинч йўл билан ҳал этилишини исташини айтди.

«Ишончим комилки, [Си Жинпинг] мен нимани назарда тутганимни аниқ тушунади», дея қўшимча қилди Байден.

Икки етакчи ҳам ядро қуроли қўлланишига йўл қўйилмаслиги, жумладан Украинада бу қуролдан фойдаланишга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлашди. Си Жинпинг урушнинг сўнгги ойларидаги вазиятдан қаттиқ хавотирда эканини айтди. Бунгача Хитой вазминликка чақирган, лекин ўзининг муҳим савдо ҳамкори бўлган Россия босқинини очиқчасига қораламаганди.

«Президент Байден ва раис Си ядро урушини бошлаш керак эмаслиги ва унда ғолиб томон бўлмаслиги, Украинадаги ядровий таҳдидларга тоқат қилмасликлари ҳақида ҳамфикр эканликларини таъкидладилар», дейилади Оқ уйнинг учрашувдан кейин берган хабарида.

Байден - Си: эҳтиёткорона-ижобий учрашув

Жо Байден Балига якшанба куни етиб келди ва душанба куни Си Жинпинг билан уч соатлик музокаралар ўтказди. Бу унинг АҚШ президенти сифатида Хитой раҳбари билан илк бор юзма-юз учрашув ўтказиши эди. Учрашув режалаштирилганидан бир соатга кўпроқ давом этди, саммитда ишлаётган журналистлар фикрича, бу яхши белги бўлиши мумкин - етакчилар барча масалаларни муҳокама қилиб олиш учун вақт ажратишга тайёр бўлишган.

Тайван атрофидаги кескинлик, айниқса август ойи бошида бу ерга АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг ташрифидан кейин кўпчилик АҚШ, Хитой ёки Тайван томонидан қўйиладиган ҳар қанда нотўғри қадам ҳарбий можарога ёки ҳатто очиқ урушга олиб келиши мумкинлигидан хавотирлана бошлаганди. Журналистлар ва экспертлар фикрича, бу учрашув арафасида икки томон ҳам муросага келиш кайфиятида экани сезилиб турган.

Си Жинпинг Хитой-Америка муносабатлари хавотирга солаётганини ва бу айниқса дунё «иккиланиб қолган» маҳалда халқаро ҳамжамият улардан кутаётган нарса эмаслигини тан олган. 

«Биз Хитой-Америка муносабатлари учун тўғри йўналишни белгилашимиз даркор», деган у Байденга.

Байден эса музокаралар якунида АҚШ Хитой билан «кучли рақобатлашиш»ни давом эттириши, аммо бунда рақобат зиддиятлашувга айланиб кетмаслиги кераклигини айтган. У «Хитойнинг Тайванга қарши мажбурлаш ва тобора кучайиб бораётган тажовузкорлик ҳаракатлари»га эътироз билдирган, Россиянинг Украинага босқини масаласини кўтарган ҳамда Шимолий Кореянинг «провокацион» хатти-ҳаракатлари юзасидан хавотир билдирган.

Хитой давлат нашрлари икки етакчи учрашуви қандай ўтганини ўз талқинида тақдим этган. Унга кўра, Си Жинпинг АҚШни Тайван билан боғлиқ вазиятда «қизил чизиқ»ни кесиб ўтмасликдан огоҳлантирган. Орол - ўзини ўзи бошқарувчи демократия, аммо Пекин уни ўзининг ажралиб чиққан провинцияси деб билади ва эртами кечми Хитойнинг материк қисми билан бирлашиши керак деб ҳисоблайди.

Вашингон эса Хитой Шимолий Кореяда ядро синовларининг олдини олишга ҳаракат қилиши шарт деб ҳисоблайди, агар синовлар барибир амалга оширилса, АҚШ Хитойга қарши қаратилмаган, аммо КХДР учун сигнал вазифасини ўтовчи мудофаа характеридаги «маълум ҳаракатлар»ни амалга оширади. Ва бу масалада ҳар қандай англашилмовчиликдан қочиш керак бўлади.

«Мен барча етакчилар билан, айниқса Си Жинпинг билан жуда очиқ гаплашмоқчиман, тушунмовчиликлар юзага келмаслиги учун нима демоқчилигим ва нимани назарда тутганимни айтаман. Менда хавотир уйғотаётган энг катта муаммо - бу томонларнинг ниятлари ёки ҳаракатлари нотўғри тушунилишидир», деган Байден.

Сингапур Миллий университетининг халқаро муносабатлар бўйича эксперти Ян Чонгнинг ҳисоблашича, президент Жо Байден ва Си Жинпингнинг учрашувининг умумий оҳанги ижобий бўлди.

Унинг фикрича, етакчилар давлатлар ўртасида, жумладан озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим ва ядровий урушнинг олдини олиш бўйича умумий фикрлар борлигини тан олган. Қолаверса, улар мулоқотга тайёр эканликларини намойиш этишди. Аммо бунга эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак, чунки АҚШ ва Хитой муносабатларини барқарор деб бўлмайди.

Мисол учун, ўтган йили БМТнинг иқлим бўйича COP26 саммитида мамлакатлар ўртасида қандайдир ўзаро тушуниш пайдо бўлганди, аммо кейинчалик муносабатлар ёмонлашди.

Байден ва Си Жинпинг ўзлари кўриб чиққан мавзулар ўз жамоалари томонидан ҳам муҳокама этилиши давом эттирилиши борасида келишиб олишган, шу мақсадда Хитойга АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг ташрифи амалга оширилади.

Путин келмасликка қарор қилди

Саммитга Россия президенти ҳам келиши масаласи атрофида жуда кўп миш-мишлар тарқалди, фақат ўтган ҳафта охирларида Кремл Индонезияга борадиган Россия делегациясига мамлакат ташқи ишлар вазири Сергей Лавров раҳбарлик қилишини эълон қилди.

Бу бошқа иштирокчилар Путин шу йўл билан ўзини тўғридан тўғри танқид қилишларидан қочишга уринаётганига ишора қилиши учун асос бўлди.

Путин саммитда шахсан иштирок этиши тахмин қилинаётган маҳалда айрим мамлакатлар етакчилари Россиянинг Украинага босқини юзасидан эътирозларини унинг юзига айтмоқчи эканликларини айтишганди.

Масалан, Буюк Британиянинг янги бош вазири Риши Сунак шундай деганди.

«Путиннинг уруши бутун дунё бўйлаб вайронгарчиликка олиб келди, одамлар ҳаётини йўқ қилди ва жаҳон иқтисодиётини тартибсизликка олиб келди. G20’нинг бу саммити одатдагидек бўлмайди - биз Путин режимидан ҳисоб сўраймиз», деганди Сунак Индонезияга йўл олишидан олдин.

Энди, афтидан, бу сўзларни Сергей Лавров эшитишига тўғри келади.

Путин саммитга келмаслиги Германия канцлери Олаф Шольцнинг норозилигини келтириб чиқарди

«Агар президент Путиннинг ўзи G20 саммитига келса яхши бўларди. Тўғри, бу ҳолда у дунёнинг кўплаб давлатларининг барча саволлари ва танқидларига дуч келарди», дея ундан иқтибос келтирган Spiegel.

«Эҳтимол, шу туфайлигина у бу ерда бўлмайди», - дея тахмин қилганди Шольц.

Шу билан бирга, канцлер журналистларни Путиннинг йўқлиги Россиянинг Украинага қарши уруши муҳокамасига таъсир қилмаслигига, бошқа мамлакатлар Москвадан Украинадан қўшинларни олиб чиқиш ва тинчлик музокаралари учун шароит яратишни талаб қилишига ишонтирганди.

«Жаҳон ҳамжамияти Кремлга «ҳарбий кучайишга йўл қўйиб бўлмаслиги ва тинчликни таъминловчи таклифлар бўйича, шу жумладан, Россия расмийлари, Россия президенти томонидан қадамлар қўйилиши керак»лигини очиқ айтди. Шунинг учун биз халқаро қоидаларга риоя қилиш, қонун кучдан устун туриши кераклигини аниқ кўрсатувчи фикрни шакллантириш устида қаттиқ ишлаяпмиз», — деганди канцлер.

Ўз навбатида, Украина ҳукумати Индонезиядаги саммит вақтида Россияни G20 аъзолигидан чиқаришни талаб этишини билдирганди. Олий рада депутатлари форумга аъзо мамлакатларга шундай сўров билан мурожаат қилмоқчи эди.

Аввалроқ Индонезия президенти Жоко Видодо ва бошқа индонезиялик сиёсатчилар Россия саммит якунида имзоланадиган коммюникени блоклаб қўймаслиги учун учрашувлар вақтида Кремлга нисбатан танқидларни юмшатишга чақирганди.

Мавзуга оид