Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
15 йил кутилган учрашув. Ўзбекистон Қозоғистонга қарши ўйинда 30 йиллик анъанани давом эттира оладими?
Бугун, 16 ноябрь куни тарихий воқеа юз беради – Ўзбекистон ва Қозоғистон миллий жамоалари 15 йиллик танаффусдан кейин ўзаро ўртоқлик баҳсида майдонга тушади. Ҳудудий жиҳатдан қўшни бўлса-да, икки конфедерация аъзоси саналмиш бу жамоалар ўйинида Марказий Осиёнинг норасмий энг кучли жамоаси номига ойдинлик киритилади.
15 йил кутилган, турли сабаблар билан ортга сурилган баҳс
Осиё кубогига тайёргарлик кўраётган миллий жамоамиз учун сўнгги пайтларда ЎФA томонидан кучли спаринг-шериклар танлаб келинмоқда. Қўшниларимиз Европа Миллатлар лигасида муваффақиятли қатнашиб, «В» лига йўлланмасини қўлга киритишди. Минтақамиздаги энг кучли жамоалар баҳси – ўзига хос дерби футбол мухлислари томонидан узоқ кутилган ва катта қизиқиш уйғотадиган воқеага айланиши шубҳасиз.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон ва Қозоғистон миллий жамоалари сўнгги марта 2007 йилда, Чимкент шаҳрида ўтказилган «Алма-ТВ Кубоги» доирасида тўқнаш келишган ва ҳакамлик можароси билан ўтган ўйин 1:1 ҳисобида якунланган эди. Шундан сўнг ҳар қанча уринишлар бўлмасин, турли сабаблар туфайли икки қўшни ўртасидаги учрашув ортга сурилаётганди. Хусусан, 2020 йилда Қозоғистон миллий жамоаси Ўзбекистон билан ўртоқлик ўйини ўтказишдан воз кечган эди. Ўшанда қозоғистонликлар устози, чехиялик мутахассис Михал Билек УЕФА аъзосининг Осиё жамоалари билан ўртоқлик ўйинини ўтказишида маъно йўқлигини айтган ва баҳснинг бекор қилинишига эришганди. Ниҳоят, Қозоғистон Европа Миллатлар лигаси доирасида ўз уйидаги сўнгги икки учрашувда Словакия ва Беларусни мағлуб этиб, «В» лигага йўл олгач, Ўзбекистон билан ўйин ўтказишга қарор қилди.
Катанец кимларни таркибга жалб этган?
Сречко Катанец мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий жамоаси 14 ноябрдан Тошкентда йиғин бошлади. Словениялик 59 ёшли мутахассис таркибга 26 нафар футболчини жалб этган. Чақирув олган ўйинчилардан фақат икки нафар бетоблиги сабабли Қозоғистонга қарши ўйинда майдонга тушмаслиги маълум бўлди. Булар – Жалолиддин Машарипов ва Ойбек Бозоров.
Бугунги баҳсда Сречко Катанец қуйидаги футболчилар хизматидан фойдаланиши мумкин бўлади:

ФИФА рейтингидаги ўрни: Ўзбекистон олдинда
ОФК аъзоси Ўзбекистон миллий жамоаси ФИФА рейтингида 77-ўринда бораётган бўлса, УЕФА аъзоси Қозоғистон халқаро рейтингда 113-поғонадан жой олган.
Ўзбекистон миллий жамоаси сўнгги 3 ўйини:
27 сентябрь, 2022. Ўзбекистон – Коста-Рика – 1:2
23 сентябрь, 2022. Ўзбекистон – Камерун – 2:0
11 июнь, 2022. Ўзбекистон – Мальдив – 4:0.
Қозоғистон миллий жамоаси сўнгги 3 ўйини:
25 сентябрь, 2022. Озарбойжон – Қозоғистон – 3:0
22 сентябрь, 2022. Қозоғистон – Беларус – 2:1
13 июнь, 2022. Қозоғистон – Словакия – 2:1.
Ўзбекистон таркиб жиҳатдан Қозоғистондан қиммат
Ўзбекистон миллий жамоасининг умумий таркиб баҳоси Transfermarkt портали томонидан 27,2 миллион еврога баҳоланган бўлса, Қозоғистон бу борада 15,7 млн евро нархга эга. Шомуродов Ўзбекистоннинг энг қиммат ўйинчиси (7 млн евро) бўлса, қўшниларимизда Элдорнинг собиқ жамоадоши Бахтиёр Зайнутдинов (3,5 млн евро) энг қимматбаҳо ўйинчи саналади.
Таркиблардаги энг қимматбаҳо 3 ўйинчи:
Ўзбекистон миллий жамоаси:
1. Элдор Шомуродов (Рома) – 7 млн евро.
2. Жалолиддин Машарипов (Ан-Насср) – 3 млн евро.
3. Отабек Шукуров (Фотиҳ Карамгумрук) – 2 млн евро.
Қозоғистон миллий жамоаси:
1. Бахтиёр Зайнутдинов (ЦСКА) – 3,5 млн евро
2. Нурали Алип (Зенит) – 1,5 млн евро
3. Бауржан Исламхан (эркин агент) – 1 млн евро.

Ўзаро ўйинларда устунлик Ўзбекистонда
Ўзбекистон миллий жамоаси сўнгги ва ягона марта 30 йил аввал Қозоғистонга мағлуб бўлган. 1992 йилнинг октябрь ойидан буён эса мағлуб бўлмай келмоқда. Бу баҳсда вакилларимиз ушбу анъанани давом эттириши мумкин.
Қўшни мамлакатларнинг бош жамоалари мустақилликдан кейин ўзаро 6 марта ўзаро ўйин ўтказиб, унда Ўзбекистон 2 ғалабага эришган бўлса, 3 ўйинда дуранг қайд этилган, бир ўйинда эса Қозоғистон устун келган. Тўплар нисбати – 8:4, фойдамизга.

Ўзбекистон – Қозоғистон. Ўзаро ўйинлар:
11 март, 2007 йил
АлмаТВ кубоги. Чимкент.
Қозоғистон – Ўзбекистон – 1:1
25 октябрь, 1997 йил.
ЖЧ-1998 саралаши. Тошкент
Ўзбекистон – Қозоғистон – 4:0
20 сентябрь, 1997 йил
ЖЧ-1998 саралаши. Олма-Ота.
Қозоғистон – Ўзбекистон – 1:1
13 апрель, 1994 йил
Мустақиллик кубоги. Тошкент
Ўзбекистон – Қозоғистон – 1:0
14 октябрь, 1992 йил
Марказий Осиё кубоги. Тошкент.
Ўзбекистон – Қозоғистон – 1:1
16 июль, 1992 йил
Марказий Осиё кубоги. Олма-Ота.
Қозоғистон – Ўзбекистон – 1:0.
Анонс. 16 ноябрь (чоршанба)
Ўртоқлик ўйини. Тошкент
Ўзбекистон – Қозоғистон
«Пахтакор» стадиони
Ўйин бошланиш вақти: 18:00
ТВ-трансляция: Спорт телеканали.
Усмон Ибодов
Мавзуга оид
18:34 / 26.05.2025
Ўзбекистон терма жамоасининг тарихий учрашуви 9 қаватли бино баландлигида катта экранда намойиш этилади
21:25 / 25.05.2025
Қозоғистонда Каспий денгизи соҳилидан 100 дан ортиқ ўлик тюлен топилди
21:27 / 23.05.2025
Ўзбекистон ва Қозоғистон 4 та чегара постида юк автомобиллари ҳаракатини йўлга қўймоқчи
20:41 / 23.05.2025