Ўзбекистон | 13:21 / 17.11.2022
7689
3 дақиқада ўқилади

Сенаторлар Олий суд раиси ўринбосарини сайлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади

Сенат кенгаши навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Сенат раиси Танзила Норбоева олиб борган мажлисда Сенат ўттиз бешинчи ялпи мажлисини шу йил 18 ноябрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Фото: Dunyo

Навбатдаги ялпи мажлисда бир қатор масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган.

МДҲ ПА 2022 йил 27-28 октябрь кунлари Самарқандда ўтказилган кузги сессияси якунлари, «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги, «Корпоратив бошқарув тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Айрим қонун ҳужжатларига маҳкумлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидан.

Навбатдаги ялпи мажлисда «Айрим қонун ҳужжатларига маҳкумлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Измир шартномасини (Измир, 1996 йил 14 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги ҳамда «Ўзбекистон ҳукумати билан Туркия ҳукумати ўртасида ҳарбий ҳадли битимни (Тошкент, 2022 йил 29 март) ратификация қилиш ҳақида»ги қонунларни ҳам кўриб чиқиш режалаштирилган.

2022 йил тўққиз ойи якуни бўйича давлат бюджети ижроси ва 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастури бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботлари кўриб чиқилади.

Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари сенаторлар муҳокамасида бўлади.

Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш атроф-муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилади.

Ялпи мажлис доирасида Олий суд раиси ўринбосарини сайлаш, Сенати кенгаши қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш назарда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид