Ўзбекистон | 12:36 / 18.11.2022
4316
2 дақиқада ўқилади

80 трлн сўмдан ортиқ маблағ ижтимоий соҳага йўналтирилган

2022 йилнинг сўнгги 9 ойида давлат дастури ижроси учун жами бюджетдан 162,4 трлн сўм сарфланган. Бу ҳақда Сенатнинг 35-ялпи мажлисида Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров маълумот берди.

Фото: AP

Унинг қайд этишича, давлат бюджетининг 83,3 трлн сўми ижтимоий соҳаларга йўналтирилган бўлиб, бу харажатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24,7 фоизга ошган.

Ҳисобот даврида 1,9 млн нафар фуқаронинг даромадли меҳнат билан бандлиги таъминланган.

Хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича 69 минг 300 дан зиёд янги савдо ва сервис объектлари ишга туширилган, уларда минг нафардан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланган.

“Яшил иқтисодиёт” технологияларини жорий этиш мақсадида 700 млн доллардан ортиқ бўлган хорижий инвестициялар жалб қилинган ва шунинг ҳисобига Тошкент, Бухоро ва Хоразм вилоятларида қуввати 1 минг 154 МВтга тенг 5 та электр станциялари ишга туширилган.

Йўл-транспорт коммуникацияларини янада ривожлантириш мақсадида 5,8 трлн маблағлар ҳисобига жами 15 минг 95 км автомобил йўллари ҳамда 104 та кўприк таъмирланган.

Шунингдек, Қўчқоровнинг таъкидлашича, дастур доирасида 2 минг 762 та объект учун 23,8 трлн сўм маблағ ажратилган, ҳисобот даврида 466 та мактаб, 163 та мактабгача таълим, 63 та тиббиёт, 11 та спорт мажмуалари фойдаланишга топширилган.

Бирламчи тиббий санитария ёрдами тизимида 19,5 минг кундузги шифо ўринлари ташкил қилиниши ва уларнинг иш фаолияти 20:00 гача узайтирилиши натижасида поликлиникаларга мурожаатлар сони 191 млн тани ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 млнга ортганини кўрсатмоқда.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг 182 минг 600 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилиб, 135 минг 400 нафари ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватланган.

 

Мавзуга оид