Спорт | 23:10 / 18.11.2022
11282
2 дақиқада ўқилади

ФИФА Қатардаги жаҳон чемпионатида VAR тезроқ қарор чиқаришига ваъда бермоқда 

ФИФА Қатарда ўтказиладиган жаҳон чемпионатида биринчи марта «Ярим автоматик офсайд технологияси»дан фойдаланади. Бу тизим офсайдни аниқроқ ва тезроқ қайд этишга ёрдам бериши кутилмоқда. 

Фото: Reuters

Бу ҳақда собиқ ҳакам Перлуиджи Коллина Қатарда ўтказилган брифингда хабар берди. 

«ФИФА томонидан сўнгги уч йил ичида ишлаб чиқилган янги технология жорий этилгандан сўнг, жаҳон чемпионатида VAR бўйича қарорлар тезроқ ва аниқроқ бўлади», деди у. 

«Ярим автоматик офсайд технологияси» олдинги тизимга қараганда энг қийин офсайд қарорларини ҳам тезроқ қабул қилади. Шунингдек, вазиятнинг 3D анимацияси стадион ва телевизорда мухлисларга намойиш этилади. Бир нарсани таъкидламоқчиманки, якуний қарор ҳар доим ўйин ҳакамига тегишли. VAR — ҳакамнинг ёрдамчиси холос», деди Коллина. 

Янги технологияга кўра, стадиондаги ўн иккита камера ҳар бир футболчининг танасидаги 29 та нуқтани кузатиб боради ва тўп ичидаги сенсор VAR операциялари хонасига секундига 500 марта маълумот узатади. Бу тизим аллақачон ФИФА томонидан синовдан ўтказилган. 

«Биз маълумотларни таҳлил қилдик ва натижа жуда ижобий бўлди», деди ФИФА технология ва инновациялар бўйича директори Йоҳаннес Холцмюллер. «Бу офсайдни аниқлаш бўйича айни дамдаги энг аниқ тизимдир», деди у. 

Жаҳон чемпионати ўйинлари 20 ноябр куни старт олади ва 18 декабргача давом этади. 

Мавзуга оид