Жаҳон | 08:03 / 18.11.2022
15467
3 дақиқада ўқилади

Олимпия чемпиони Бриттни Грайнер Мордовиядаги колонияда сақланмоқда

Америкалик баскетболчи Бриттни Грайнер Россияда гиёҳванд моддаларни сақлаш ва контрабандада айбланиб, судланган. У Мордовиядаги ИК-2да жазони ўтамоқда, деб аниқлади адвокатлар.

Фото: Getty Images

Россияда гиёҳванд моддаларни сақлаш ва контрабандасида айбланиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинган америкалик баскетболчи Бриттни Грайнер Мордовиядаги ахлоқ тузатиш колониясида сақланмоқда. Бу ҳақда 17 ноябрь, пайшанба куни спортчининг адвокатлари хабар беришди.

«Биз Бриттни Мордовиядаги ИК-2да жазо ўтай бошлаганини тасдиқлаймиз. Шу ҳафта бошида унинг олдига бордик. Бриттни имкон қадар вазиятга дош беряпти, янги шароитларга чидашга ва мослашишга ҳаракат қилмоқда», - дейди адвокатлар Мария Благоволина ва Александр Бойков.

Аввалроқ адвокатлар Грайнер 4 ноябрь куни тергов изоляторидан колонияга ўтказилгани ҳақида хабар берган эди. Октябрь ойи охирида Москва вилоят суди баскетболчига нисбатан август ойида Химки суди томонидан чиқарилган ҳукмни қонуний деб топди. Грайнер контрабанда ва гиёҳванд моддаларни сақлашда айбдор деб топилиб, тўққиз йилга ҳукм қилинди ва бир миллион рубль миқдорида жаримага тортилди. Спортчи ҳибсда бўлган вақт ҳисобга олинса, у саккиз йилни колонияда ўтказиши керак бўлади.

Грайнер февраль ойида Шереметево аэропортида қўлга олинган эди. Тергов маълумотларига кўра, унинг багажидан гашиш мойи бўлган вейп картрижлар топилган. ОАВ маълумотларига кўра, АҚШ президенти маъмурияти Россияга Россияда жосусликда айбланган спортчи ва собиқ денгиз пиёдаси Пол Уиланни АҚШда қурол савдоси билан шуғулланган Россия фуқароси Виктор Бутга алмаштиришни бир неча бор таклиф қилган. CNN телеканали хабар беришича, Москва Қўшма Штатлардан Грайнер ва Уилан алмашинув битимига яна бир россиялик – Германияда Берлинда чеченистонлик собиқ дала қўмондони Зелимхон Ханқошвилини ўлдирганликда айбдор деб топилган Вадим Красиковни қўшишни талаб қилган.

Вашингтонда Москва билан келишув муҳокамаси тафсилотлари ошкор этилмади. Август ойида Оқ уй Россия расмийларидан маҳбуслар алмашинуви таклифи бўйича «хиёнаткор» жавоб олгани ҳақида маълум қилинган ва Қўшма Штатлар бу позицияда музокаралар олиб бормаслигини билдирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид