Ўзбекистон | 17:33 / 21.11.2022
10538
2 дақиқада ўқилади

Бировнинг пластигини топиб олган опа-сингил ундаги қарийб 60 млн сўмни ечиб олди

Банк пластик картасига жуда осон парол қўйилгани қонунбузарларга қўл келгани айтилмоқда.

Фото: AP

Тергов департаментининг хабар беришича, ҳодиса шу йил 8 ноябрь куни Тошкент шаҳрида содир бўлган. Пойтахтнинг Юнусобод туманида яшовчи 21 яшар шахс туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, 7 ноябрь куни унга тегишли бўлган пластик картадан 58 млн 984 минг сўм пул номаълум шахс томонидан ечиб олинганлигини маълум қилган ҳамда уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

“Олиб борилган тезкор-қидирув ишлари натижасида, ушбу жиноят опа-сингиллар, 27 ёшли З.Д. ва 18 ёшли З.М.лар томонидан содир этилганлиги аниқланган”, дейилади расмий хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан опа-сингилларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б” ва “г” бандлари (Ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Сўроқ пайтида З.Д. пластик картани ўзи оператор бўлиб ишлайдиган “Малика” савдо мажмуасидаги дўконларнинг биридан топиб олганини, бу ҳақда синглиси З.М.га хабар берганини айтган. Сўнгра икковлон бирга банкоматга боришади. Аёллар пластик картанинг ҳимоя коди сўралганда таваккал қилиб “7777” рақамини теришади ва парол мос келади. Шу тариқа улар пластик картадаги барча пулни ечиб олишади.

Қайд этилишича, ушбу жиноят айни пайтда тергов қилинмоқда.

Тергов департаменти фуқароларни банк пластик картасига оддий парол кўймаслик ва жиноятчиларнинг ишини осонлаштирмасликка чақирган.

Аввалроқ 16 ёшли мактаб ўқувчиси Теlegram’да сохта автокредит гуруҳи очиб, фуқаронинг пулини ўзлаштиргани маълум бўлганди.

Қашқадарёда талаба “фоизсиз онлайн кредит” ниқоби остида фуқароларнинг пластик картасидаги пулларни ечиб олганди.

Мавзуга оид