Ўзбекистон | 13:06 / 23.11.2022
2808
3 дақиқада ўқилади

30 ноябрдан Тошкентда халқаро туризм ярмаркаси бошланади

Пойтахтда 3 кун давомида 27-халқаро туризм ярмаркаси бўлиб ўтади. Бу йилги тадбир илк маротаба давлат бюджети маблағлари ҳисобидан эмас, хусусий компаниялар билан шериклик асосида ўтказилиши маълум қилинди.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Халқаро туризм ярмаркаси олдидан Туризм ва маданий мерос вазирлигида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда вазир Азиз Абдуҳакимов ва бошқа мутасаддилар иштирок этиб, тадбирнинг ташкилий масалалари ҳақида маълумот беришди.

Қайд этилишича, халқаро ярмарка харажатларини қоплаш мақсадида шу йил март ойида тендер савдолари бўлиб ўтган. Унда 4 та хусусий компания иштирок этиб, фақат биттаси – “SAYS” компанияси билан шартнома тузилган.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

“Биз бунда нафақат нарх жиҳатдан энг арзонини, балки техник вазифаларни максимал равишда талаб даражасида бажара оладиган компанияни танлаб олдик. Кейин шу вақтгача тўплаган тажрибаси ҳам маъқул келгач, у билан Давлат хусусий-шериклик тамойили асосида шартнома туздик”, – деди Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Миллий ПР маркази директори ўринбосари Баҳодир Шокиров.

Қайд этилишича, “Ипак йўлида туризм – 2022” халқаро туризм ярмаркаси биринчи марта марта 1995 йилда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти – ЮНВТОнинг расмий кўмагида ташкил этилган. Ўшандан буён ҳар йили ярмарка дунёнинг турли мамлакатларидан сайёҳлик соҳаси мутахассисларини жамлаб келади.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

“Ярмарка доирасида 15дан ортиқ давлат ўз миллий стендлари билан иштирок этади. Булар орасида Япония ва Франция каби янги иштирокчи давлатлар ҳам бор.

2019 йилда 13 давлатдан 60 га яқин ташкилот қатнашган бўлса, бу йил 15 та мамлакатдан 76 та ташкилот қатнашмоқда”, – деди Азиз Абдуҳакимов.

30 ноябр ва 1-2 декабр кунлари ўтадиган ярмарка учун “UzExpo” марказидан 2 та павильон ажратилган бўлиб, унда етакчи халқаро экспертлар билан форум ва сессиялар, миллий ошпазларнинг маҳорат дарслари, Ўзбекистон ҳунармандлари кўргазмалари ҳамда маҳаллий ва халқаро дизайнерлар иштирокида модалар намойиши бўлиб ўтади. Бундан ташқари, бу йил ярмарка иштирокчилари ўртасида кўплаб B2B учрашувлари ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.

Дилшода Шомирзаева
Тайёрлаган Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид