Немисларнинг оғзи ёпилиши, турнирнинг энг йирик ҳисоби, энг зерикарли ўйини ва энг шубҳали ҳакамлик қарори
Қатардаги жаҳон чемпионатининг тўртинчи кунидаги асосий воқеалар, голлар ва гуруҳларда юзага келган вазият.
ЖЧ-2022 турнирида яна бир сенсация қайд этилди, бундеслигадаги японлар Германияни нокаутга учратди
ЖЧ-2022. 1-тур. E гуруҳи
Германия – Япония 1:2
Голлар: 1:0 – 33, пенальти Гундўған, 1:1 – 75 Доан, 1:2 – 83 Асано.
Германия – Нойер, Зюле, Рюдигер, Шлоттербек, Раум, Гундўған (Горетцка, 67), Киммиҳ, Ҳавертц (Фюллькруг, 79), Мюллер (Ҳофманн, 67), Гнабри (Мукоко, 90), Мусиала (Гётце, 79).
Япония – Гонда, Сакаи (Минамино, 74), Йосида, Итакура, Нагатомо (Митома, 57), Эндо, Камада, Кубо (Томиясу, 46), Танака (Доан, 71), Ито, Маэда (Асано, 57).
Немисча жумбоқ
Ҳозирги Германия миллий жамоаси ҳамон жумбоқлигича қолмоқда. Биринчиси — Ҳанси Флик саралаш циклини ғалаба марши билан бошлади. Тўғри, у ерда рақиблар Арманистон, Лихтенштейн, Исландия, Руминия ва Йоахим Лёвнинг даври якунланишига сабаб бўлган Македония эди.
Иккинчи вариант эса «немис машинаси» таърифига мутлақо мос тушмайди. Миллатлар Лигасида бу режим фақат Италия тор-мор этилган (5:2) кунда ёқилди. Қолган беш ўйинда — тўрт дуранг ва уйда Венгриядан мағлубият. Бундай натижалардан кейин жамоага оптимизм сусайди, терма жамоада яхши ўйнай бошлаган Вернер жароҳат олгач эса, позитивлик янада камайди.
Аввалги замонларда эса Германия деганда хаёлда дастлаб юқори савияли марказий ҳужумчилар гавдаланарди. Герд Мюллер, Румменигге, Клинсман, Феллер, Бирҳофф, Клозе... Ҳозир эса заявкада биргина классик марказий форвард бор — шошилинч равишда таркибга жалб қилинган Мукоко, у чемпионат очилиш куни 18 ёшга кирди. Табиийки, гуруҳнинг биринчи ўйинида дортмундлик вундеркинд бошланғич таркибдан жой олмади, страйкер вазифаси «Челси»да Томас Тухел даврида бу ишни яхши уддалаган Ҳаверцга топширилди.
Футболчидаги универсализм ва ҳужум чизиғида кучли ижрочилар кўплиги инобатга олинганда, бу энг ёмон вариант эмас. Сане жароҳат олиб сафдан чиққан бўлса-да, бу ҳужум чизиғида танлов катта, Флик эса Мюллер, Мусиала ва Гнабрини танлади. Захирада эса яна бир қанча ҳужумкор футболчилар, жумладан ЖЧ-2014 финалидаги олтин гол муаллифи Гётце қолди.
Ярим бўлим давом этган карахтлик
Қоғозда немислар рақибнинг бошини айлантириб ташлайдигандек кўринган бўлса-да, амалда уларнинг хаёли ўйиндан олдин ФИФАнинг алоҳида сардорлик боғичи тақишга қўйган тақиқига акция ўтказиш билан банд эди. Немис футболчилари жамоавий фотосуратга тушиш вақтида оғизларини ёпиб олишди ва биринчи бўлим ўрталарига қадар майдонда ҳам жим юришди.
Ўйиннинг бу қисмида жаҳоннинг тўрт карра чемпиони бўлган жамоа жуда паст суръатда футбол намойиш этди, ҳужумдаги кескинликлар жуда кам эди ва майдон маркази вакиллари, хусусан Гундўған тушунарсиз паслар амалга оширди. Итонинг ўнг қанотдан узатмасига отилган Маэда тўпни дарвозага жойлаганида Германиянинг омади келди, ҳакам бу вазиятда офсайд қайд этди.
Японлар эса жиддий ўйинга тўлиқ тайёр кўринишда эди. Таъкидлаш керакки, уларда турнирдаги энг тажрибали таркиблардан бири жамланган. Қолаверса, «кўк самурайлар»нинг бошланғич таркибда тушган футболчиларидан олти нафари Германияда ўйнайди ёки Сакаи каби аввал у ерда тўп сурган. Аммо немислар аста-секин уйғона бошлади ва босимни кучайтирди. Рақиб эса ўз ҳудудида зич жойлашиб, барча зоналарни ёпишга улгурмай қолди.
Фликнинг «Бавария»даги олтин мавсумига хос тарзда уюштирилган ҳужум муваффақият келтирди - бу ўз жарима майдонида қамалиб олган рақиб бироз бўшашганда мудофаа чизиғини ёриб ўтувчи тезкор ҳужум. Чоршанба куни жамоанинг энг зукко футболчиси Киммиҳ бундай ҳужум йўналишини диагонал пас билан белгилаб берди, чап қанот вакили Раум эса японлар посбони Гондани аҳмоқона фол ишлатишга мажбур қилди ва ҳакам пенальти белгилади. Гундўған терма жамоада ҳеч қачон «нуқта»дан хато қилмаган — у барча етти уринишдан гол урган.
Японлар ўйинининг қайта қурилиши
Японларнинг мураббийлар штаби бўлимлар орасидаги танаффусда жамоа ўйинини қайтадан қуришга ҳаракат қилди, енгил вазнли технар Кубо ўрнига «Арсенал» ҳимоячиси Томиясу туширилди. Натижада стартдаги 4-2-3-1 схемаси 3-4-3 га трансформация бўлди, аммо узоқ вақтгача ўйинда бурилиш ясалмади. Аксинча, немислар ўз ўйинини топиб олгандек кўринди — фақат қотиллик инстинктига эга бўлган юқори савияли финишер етишмади.
Гнабри қулай вазиятда юқорироққа тепди. Шунга ўхшаш вазият Мусиала зарба берганида кузатилди. Шу куни жаҳон чемпионатлари тарихида 1958 йилдан буён майдонга тушган энг ёш футболчи бўлган ушбу яримҳимоячи бу вазиятда жуда чиройли рейд амалга оширганди. У бу мақомни ўйин охирида Мукоко майдонга тушгунича ўзида сақлаб турди.
Yeah, that just happened 😯#FIFAWorldCup | #Qatar2022
— FIFA World Cup (@FIFAWorldCup) November 23, 2022
Гундўғаннинг зарбаси устунга текканида, японлар дарвозасига иккинчи гол урилиши — вақт масаласи бўлиб кўринаётганди. Аммо Гонда биринчи бўлимдаги хатосини тўла тузатди, Ҳофманн ва Гнабри билан яккама-якка вазиятларда устун келди.
Японлар бош мураббийи захира билан ўйинни кучайтиргач, 70 дақиқа давомида зерикиб қолган Нойер бир неча метр масофадан йўлланган хавфли зарбани тўсишига тўғри келди, кейинги ҳужумда эса у «Фрайбург» вингери Доэннинг оёғига ташланиб, хавфни бартараф этди. Айтиш керакки, Хадзимэ Мориясу иккинчи бўлим давомидаги ўйинчи алмаштиришлари билан Фликни мағлуб этди, биринчи голли ҳужум захирадан тушган жуфтлик — Митома ва Минамино ижросида амалга оширилди.
Немислар ҳимоясида парокандалик юзага келди ва биринчиси ортидан иккинчи гол ҳам ўтказилди. Мудофаадаги бундай хатони шунчаки тушуниб бўлмайди. Бу вазиятда Итакура ўз жамоаси жарима майдони яқинида туриб жарима зарбасини ижро этган ва немис ҳимоячилари бу тўпни қабул қилишга тайёр туриши керак эди. Аммо Раум қўпол хатога йўл қўйди ва «Боруссия» М ҳимоячисининг юқорилатиб узатган тўпига эга чиққан «Боҳум» форварди Асано яқин бурчакка кучли зарба йўллади.
Германияни бундеслигада ўйновчи японлар нокаутга учратди. Бу жаҳон чемпионати тарихга кириши аниқ.
7:0 — Испания Коста-Рикани тор-мор этди. «Қизил фурия» афсонавий дарвозабон Кейлор Навасни аямади.
ЖЧ-2022. E гуруҳи. 1-тур
Испания – Коста-Рика 7:0 (3:0, 4:0)
Голлар: 1:0 – 11 Ольмо, 2:0 – 21 Асенсио, 3:0 – 31, пенальти Ферран Торрес, 4:0 – 54 Ферран Торрес, 5:0 – 74 Гави, 6:0 – 89 Солер, 7:0 – 90+2 Мората.
Испания – Унаи Симон, Аспиликуэта, Лапорт, Родри, Альба (Бальде, 64), Бускетс (Коке, 64), Педри (Солер, 57), Гави, Ольмо, Асенсио (Уильямс, 69), Ферран Торрес (Мората, 57).
Коста-Рика – Навас, Фуллер, Мартинес (Уостон, 46), Дуарте, Кальво, Овьедо (Матаррита, 82), Борхес (Агилера, 72), Техеда, Кэмпбелл, Контрерас (Самора, 61), Беннетте (Руис, 61).
Огоҳлантиришлар: Кальво (68), Кэмпбелл (90).
Коста-Рика саккиз йил муқаддам Бразилияда мухлислар қалбини забт этганди. Ўшанда Лотин Америкаси вакиллари аввалига Италия, Англия ва Уругвай билан бир гуруҳдан иккинчи ўрин билан чиқишган, кейин 1/8 финалда пенальтилар сериясида Грецияни мағлуб этишган, чоракфиналда эса 11 метрдан зарбалар сериясида Нидерландияга ютқазишган, ўшанда Луи ван Гаал дарвозабон алмаштириш трюки билан машҳур бўлганди.
Ўша мундиалдаги ҳаракатларидан кейин Кейлор Навас «Реал»га ўтди, жамоа у билан уч бор Чемпионлар лигаси ғолиблигини қўлга киритди (2016, 2017, 2018), бу турнирларнинг ҳар бирида ғалаба ижодкорлари қаторида плей-офф ўйинларида ақл бовар қилмас ҳаракатлар амалга оширган дарвозабон ҳам бор эди. Шу туфайли Мадрид ва испан футболига бефарқ бўлмаганлар ушбу дарвозабон аввалига захира ўриндиғига ўтириши, кейин эса Тибо Куртуа туфайли «Реал»ни тарк этишидан ранжишди. Унга «ПСЖ»да ҳам яхши муомала қилишмади, бу ерда Навас аввалига Жанлуиджи Доннаруммадан рақобатда устун келганди, аммо бу мавсумда у умуман ўйнамаяпти.
Аммо терма жамоа — алоҳида тарих. Навас бу жиҳатдан Гильермо Очоага ўхшайди, у ҳам ЖЧ-2014 турнирида порлаганди. Бу дарвозабонларнинг клубдаги ишлари қандай кетишидан қатъи назар, миллий жамоаларда улар доим биринчи рақамли кишилар. ЖЧ-2018 турнирида Коста-Рика гуруҳда сўнгги ўринни эгаллади, аммо Бразилияга қарши ўйинда Кейлор дарвозаси дахлсизлигини охирига қадар сақлаб қолган — «Селесао» унга фақат қўшимча дақиқаларда гол ура олганди.
Очоа ЖЧ-2022 турнирида Роберт Левандовскининг пеналтидан берган зарбасини қайтариб, ўз магиясини намойиш этишга улгурди. Навас учун эса Испанияга қарши ўйин қўрқинчли тушга айланди, у ўйиннинг дастлабки ярим соатида уч гол ўтказди. Қолаверса, «Қизил фурия»нинг дарвоза соҳаси томон аниқ йўллаган барча уч зарбаси голга айланди, гарчи улардан бири пенальтидан тепилган бўлса ҳам. Дарвозабонга алоҳида эътироз йўқ, лекин Навас шунчаки халоскор бўла олмади. Аммо гап шундаки, Коста-Рика типидаги жамоалар учун дарвозабоннинг қаҳрамонликлари ўта муҳим.
Албатта, майдондаги ўйинчиларга ва бош мураббий Луис Суаресга ҳам саволлар кўп. Коста-Рика 4-4-2 схемаси бўйича сафланди, лекин қанот яримҳимоячилари ҳимоячиларга умуман ёрдамга келишмади, бундан ташқари, «Тикос» ўйинига ихчамлик етишмади. Ўрта чизиқ ва мудофаа орасида жарлик юзага келди, Испания эса бу бўшлиқдан унумли фойдаланди. Бу айниқса иккинчи гол урилганда яққол кўринди, Марко Асенсионинг атрофида бир неча метр кенглик бор эди, шундан кейингина костарикаликлар ҳавбеклари ортга қайта бошлади.
Ҳисоб 0:3 кўринишига келганида ўйинни ўнг қанот ҳавбеки сифатида бошлаган Кейшер Фуллер орқа чизиққа ўтди ва мудофаа чизиғининг бешинчи вакилига айланди, орқа чизиқда тиғизлик ва ихчамлик бироз ортди, аммо ўйин масаласи амалда ҳал бўлиб улгурганди. Испанлар ҳам тинчланиб, олдинга ташланишдан тўхтаб, кескин вазиятлар камайди.
🇪🇸 Spain looked unstoppable against Costa Rica#FIFAWorldCup | #Qatar2022
— FIFA World Cup (@FIFAWorldCup) November 23, 2022
Испания ярим соат ичида уч гол уришини барибир кўпчилик кутмаганди. Улар ўйиннинг 80 фоиз вақтида тўпга эгалик қилиши ва 1000 га яқин узатмалар бериши олдиндан маълум эди. Аммо бир ярим йил олдин Швецияга қарши ўйинда ҳам тўпга эгалик қилиш бўйича кўрсаткичлар шунга яқин эди ва ўйинда ҳисоб очилмаганди. Тўғри, бу сафар Коста-Рика дастлабки ярим соатда жуда ёмон ҳолатда эди, кейин эса ўйин ўртоқлик учрашуви мақомига тушиб қолди, аммо «Қизил фурия» футболчилари бу ўйинда кўзи ёниб ҳаракат қилгани кўриниб турарди.
Spain have arrived at the #FIFAWorldCup 🔥#FIFAWorldCup | #Qatar2022
— FIFA World Cup (@FIFAWorldCup) November 23, 2022
Тўп шунчаки маъносиз тарзда олиб юрилмади ва ҳисобдаги устунлик эвазига ўйинни қуритишга ҳаракат қилинмади, кўпчилик 2000-2010-йиллар оралиғидаги испанларни шундай ҳаракатлар туфайли ҳам унчалик ёқтирмасди. Бу ўйинда эса динамика иккинчи бўлим давомида Коста-Рика дарвозасига бирин-кетин голлар ёғдирилганида ҳам тўхтаб қолмади (иккинчи бўлимда Навас ҳам жуда ёмон ҳаракат қилди, у шу куни дарвоза соҳаси томон келган саккиз зарбадан еттитасини ўтказиб юборди).
Ҳа, бу турнирдан олдин ҳам энг кучсиз жамоалар қаторида қайд этилган Коста-Рика. Аммо бу жамоа устидан қозонилган ғалабадан кейин Испания гуруҳ босқичидаги кераксиз асабийликдан халос бўлиб олди ва Германия ҳамда Японияга қарши ўйинларга хотиржамлик билан тайёрланадиган бўлди.
Жаҳон чемпионатидаги энг баҳсли ҳакамлик. Бельгияни арбитр ва Куртуа қутқариб қолди
ЖЧ-2022. 1-тур. F гуруҳи
Бельгия — Канада 1:0 (1:0, 0:0)
Гол: Батшуайи (44).
Аниқ ижро этилмаган пенальти: Дэвис (11).
Бельгия – Куртуа, Кастань, Вертонген, Алдервейрелд, Дендонкер, Карраско (Менье, 46), Витцель, де Брюйне, Тилеманс (Онана, 46), Азар (Троссар, 62), Батшуайи (Опенда, 78).
Канада – Борян, Ларейя (Адекугбе, 74), Витория, Миллер, Жонстон, Ҳатчинсон (Коне, 58), Эуштакиу (Осорио, 81), Ҳойлетт (Ларин, 58), Дэвид, Бьюкенен (Миллар, 81), Дэвис.
Огоҳлантиришлар: Карраско (9), Менье (53), Онана (56), Дэвис (81), Жонстон (83).
Канада термаси биринчи бўлимда қатор имкониятларни кўкка совурди ва ҳакамнинг лаёқатсизлиги туфайли фаворитга ютқазди.
Бу ўйинга қадар жаҳон чемпионатида ҳакамлик билан боғлиқ йирик можаро рўй бермаганди. Белгия ва Канада ўйини олдидан ижтимоий тармоқларда ўйинга тайинланган бош ҳакам — замбиялик Жанни Сиказве кулги остига олиниб муҳокама қилинди. У январ ойидаги Африка Миллатлар Кубогидаги ҳаракати билан машҳур бўлганди, у ўшанда Тунис — Мали учрашувида икки бор муддатидан олдин ўйин якунлангани ҳақида ҳуштак чалиб юборганди. Ўшанда бу қарор қизғин реакцияларга сабаб бўлганди: хатосини тушунгач, Сиказве ўйин якунланганидан ярим соат ўтиб жамоаларни майдонга қайтармоқчи бўлган, аммо Тунис майдонга чиқишдан бош тортган ва мағлубиятга кўнганди.
Ҳозир Сиказвени бу турнирда бўлимларга аномал даражада кўп вақт қўшиб берилаётгани фонида муҳокама қилишмоқда. Кўпчилик бу ҳакам трендга қўшилмаслиги ва ўйинни барибир муддатидан олдин якунланишини айтиб ҳазил қилди. Аммо кўпчилик у танаффусгача ўйиннинг бош қаҳрамони бўлишини тахмин қилмаганди.
Биринчи бўлимда Канада учта пенальти тепиши мумкин эди, аммо фақат бир бор бу ҳуқуқни қўлга киритди, унда ҳам Сиказве видеотакрорни кўрганидан кейингина 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Иккинчи эпизод — жуда ҳайратланарли: 13-дақиқада ҳам Бьюкененга ишлатилган фол учун пеналти белгилаш ўрнига, офсайд қайд этди — ҳолбуки канадалик Эден Азарнинг тушунарсиз тарзда ортга пас беришидан кейин уни қабул қилиб олган, кейин эса Вертонген томонидан йиқитилганди. Учинчи эпизод — 38-дақиқада рўй берди, бу вазиятда Ларейя рақиб жарима майдони ичида Витсел билан контактдан кейин йиқилди. Икки ҳолатда ҳам Сиказве вазият такрорини кўриш учун мониторга бормасликка қарор қилди.
Бу ўйинда чиндан ҳам арбитрларнинг ҳаракатлари майдондаги воқеаларни сояда қолдирди. Аслида майдонда кўплаб қизиқарли воқеалар рўй берди. Белгиланган ягона пенальтидан Канада гол ура олмади — Куртуа Дэвис ижросидаги зарбани қайтарди, такрорий зарба беришни ҳам шимолий америкаликлар уддалай олишмади.
Канадаликлар биринчи бўлим давомида беҳисоб хавфли ҳужумлар уюштириб ҳам гол ура олишмади. Жон Ҳердман жамоаси дастлабки 45 дақиқаликда гранд рақибни нафақат зарбалар сони бўйича (14:4), балки сифат борасида ҳам ортда қолдирди (2,3 xG). Аммо ҳисоб Белгия фойдасига 1:0 бўлди.
Роберто Мартинесга жароҳат туфайли ўйнамаган Лукаку етишмади, аммо ўйин картинасидан келиб чиқиб айтилса, бу ўйинда «Интер» форварди ҳам ёрдам беролмаган бўларди. Де Брюйне бўлимни кучли ўтказмади, унинг аҳён-аҳёндаги паслари нотўғри жойга ва ноўрин берилди. Жамоа етакчисининг ўйини чиқмаганда эса бутун жамоа ўйини ўхшамайди. Бельгиянинг ўйини рангсиз эди, жамоа умуман ўзига ўхшамасди, аммо кутилмаганда ҳисобда олдинга чиқиб олди— 44-дақиқада Алдервейрелд намунали тарзда Батшуайи томон узун пас берди ва ҳужумчи ҳисобни очди.
Batshuayi gets Belgium up and running with a superb finish! 🦇#LetItFly with @qatarairways pic.twitter.com/AzDhze6sMZ
— FIFA World Cup (@FIFAWorldCup) November 24, 2022
Одатда бундай ҳолатларда савия ўз сўзини айтгани ҳамда топ-жамоа ва ўртамиёна ўртасидаги фарқ ҳақида гапиришади. Бўлиши мумкин, аммо Бельгияни жуда ёмон ўтган бўлимда урилган гол эмас, мавжуд вазиятга кўрсатилган реакция ғолиб қилди. Бўлим охирида Мартинес жамоа схемасини классик 3-4-3 дан Азар ва Батшуайи форвард вазифасини бажарадиган 3-5-2 схемасига ўтказди, бунинг эвазига Бельгия майдон ўртасида устунликка эга бўлди. Танаффусда эса мураббий ўйин суръатидан ортда қолиб кетаётган Карраско ва Тилемансни захирага олди.
Шундан кейин гранд жамоа ҳудудида хотиржамлик ҳукм сура бошлади. Витсель ва ўйинга захирадан қўшилган туғма таянч яримҳимоячиси Онана майдон марказида Эуштакиу ҳамда 39 ёшли Ҳатчинсонга имконият қолдиришмади, Канаданинг қанотлари ҳам ёпиб қўйилди. Шимолий америкаликлар таркибда «Бавария»нинг асосий вингери Дэвис бўлатуриб ҳам қанотдан ҳужум қилишга қийналишди.
Биринчи бўлимда канадаликлар осон ҳаракатланишганди ва ҳатто жарима майдони ичидан кўплаб зарбалар беришганди — бу эса жуда муҳим кўрсаткич. Аммо вазиятлардан фойдаланилмади, ҳатто 11 метрлик нуқтадан гол урилмади, бу эса Канада 36 йилдан буён жаҳон чемпионатларида иштирок этмаганини сездириб қўйди. Канадаликлар сайёранинг асосий турнирида ҳеч қачон гол уришмаганди ва бу ўйинда бу голни уришга жуда яқин келишди. Аммо — биринчи бўлимда рақиб жарима майдони ҳудудида ожиз кўринишди, иккинчи бўлимда эса майдон марказида муваффақиятсизликка учрашди.
🇨🇦 Canada came flying out of the gates against Belgium#FIFAWorldCup | #Qatar2022
— FIFA World Cup (@FIFAWorldCup) November 23, 2022
Вазиятлар бўлди. Масалан, ўйин якунланиши арафасида Куртуа Лариннинг зарбасини тўсишига тўғри келди. «Реал» посбони Канаданинг бошқа футболчилари гол уришига ҳам қаршилик қилди ва ҳақли равишда ўйиннинг энг яхши футболчиси сифатида тақдирланди. Агар Дэвис пенальтидан гол урганида воқеалар ривожи қандай кечган бўлишини тахмин қилиш қийин — Канада ташаббусни қўлга олиб, муваффақиятини ривожлантириши ҳам мумкин эди ва биз яна бир фаворитнинг муваффақиятсизлигини муҳокама қилаётган бўлардик. Лекин европаликлар ишончсиз ўйин билан ҳам жуда ёмон ҳакамлик эвазига уч очко олди ва F гуруҳида биринчи бўлиб олди. Аммо Мартинес хатолар устида жиддий ишлаши керак бўлади.
ЖЧ-2022 турнирида энг ёмон ўйин. Хорватия ва Марокаш ҳуштакбозликка муносиб
ЖЧ-2022. 1-тур. F гуруҳи
Марокаш – Хорватия 0:0 (0:0, 0:0)
Марокаш – Буну, Ҳакими, Саисс, Агерд, Мазравий (Аттийят-алла, 60), Амрабат, Амалла, Унаи (Сабири, 82), Зиёш, Буфал (Эз Абде, 65), Ан-Носирий (Амдалла, 81).
Хорватия – Ливакович, Юранович, Ловрен, Гвардиол, Соса, Модрич, Ковачич (Маер, 79), Брозович, Перишич (Оршич, 90), Влашич (Пашалич, 46), Крамарич (Ливая, 71).
Огоҳлантириш: Амрабат (78).
Қатарда учинчи голсиз дуранг — ва буниси энг зерикарлиси.
Жаҳоннинг амалдаги вице-чемпионлари авлодлар алмашинувини қийин ўтказиши айтилган бўлса-да, саралаш босқичида ҳам, Евро-2020 турнирида ҳам яхши иштирок этди.
Хорватиянинг натижалари барқарор эмас: жамоа ўз уйида Австрияга 0:3 ҳисобида ютқазиши ҳам, Франция ва Данияни сафарда мағлуб этиши ҳам мумкин. Лекин жамоа таркиби барқарор: тўрт йил олдинги мундиалдаги асосий таркибда фақат икки ўзгариш бор — дарвозани Грбич ўрнига Ливакович қўриқламоқда, ўрта чизиқда эса Ковачич пайдо бўлган (у жароҳат туфайли аввалги мундиалда ўйнамаганди). Лекин ҳимояда ҳамон Ловрен ҳаракатланмоқда.
Россияда хорватиялик мухлислар кўпчилик эди, аммо Қатардаги илк ўйинда улар қатъий қаршиликка учрашди. Стадиондаги марокашликлар сони рақиб мухлисларидан кам эмасди — араблар жамоасининг «Ал-Байт»даги ҳар бир паси олқишлар билан кутиб олинди, тўп европаликларга ўтганида эса ҳуштакбозлик қилинди.
Қолаверса, хорватлар тўпга эгалик қила олишмади ва ҳужумлар уюштиришда қийналди. Марокашликлар 4-5-1 схемаси билан ўрта блокда ҳимояланди ва рақибга ўз жарима майдонига киришга деярли имкон бермади. Дастлабки 20 дақиқаликда Златко Далич жамоаси фақат бир вазиятга эга бўлди, шунда ҳам Перишич узоқ масофадан зарба беришга қарор қилди. Фақат биринчи бўлим охирларига келиб хорватлар ҳужумдаги салоҳиятини кўрсата бошлади: биргина Влашичнинг ўзи икки бор гол уришга яқин эди, аммо африкаликлар дарвозабони Буну ўзини кўрсатиб, олқишларга сазовор бўлди.
Умуман олганда, Влашич майдондаги энг фаол футболчилардан бири бўлди. У ўйинни тезлаштиришга ҳаракат қилди. Лекин биринчи бўлим охирида жароҳат олди ва танаффусдан қайтмади.
2018's #FIFAWorldCup finalists got their campaign underway against the Atlas Lions 🇭🇷🇲🇦
— FIFA World Cup (@FIFAWorldCup) November 23, 2022
Бу ўйиндан келиб чиқиб, марокашликларнинг кейинги иштироки ҳақида аниқ фикр шаклланиши қийин. Араблар жамоасида турнирдаги энг кучли қанот ҳимоячилари жуфтлиги мавжуд, аммо Ҳакими («ПСЖ») ва Мазравий («Бавария») бу ўйинда ўзларининг энг яхши сифатларини намойиш эта олишмади. Африкаликлар максимал даражадаги эҳтиёткорлик билан ҳаракатланишди ва ўзларининг кузири бўлиши мумкин бўлган кескин қарши ҳужумлар уюштиришмади. Бу фонда 37 ёшида прессинг қилишда давом этаётган Модрич яққол ажралиб турди. Хорватиялик фахрий футболчи ўзига бегона ишни бажарди, марокашликлар эса ўз устунликларидан фойдаланишмади.
Танаффусдан кейин ҳам вазият яхши томонга ўзгармади. Позицион ҳужумларда умуман кескинлик кузатилмади, фақатгина стандарт вазиятларда нимадандир умид қилиш мумкин эди. Хорватлар бурчак зарбаларини яхши амалга оширишди, аммо Буну барча вазиятларда ўз ишини бажарди, марокашликлар эса Ҳакимининг жарима нуқтасидан йўллаган кучли зарбаси билан ёдда қолди. Хорватлар тўпга эгалик қилишда давом этди, аммо иккинчи бўлим ўрталарига келиб бу шунчаки тўпни олиб юриш экани маълум бўлди ва бу ҳолатни трибунадаги бетараф мухлислар ҳам ҳуштакбозлик билан баҳолашди.
Ҳайратланарлиси, финал ҳуштаги янграмагунча жамоаларнинг бирортаси биринчи узатма орқали ҳужум уюштиришга уринмади. Ўйин тезлиги шундай паст эдики, бу иккинчи лигада ноябр ойида ўтадиган ўйинларни эслатарди — иккинчи бўлимда ҳам хавфли вазиятлар юзага келтирилмади. Афтидан, икки томонни ҳам дуранг ҳисоб қониқтирарди. Фақат шу умид қилиш мумкинки, гуруҳдан чиқиш учун фақат ғалаба керак ва бундай картина бошқа такрорланмайди.
Мавзуга оид
17:09 / 26.08.2024
«Танам бошимдан юрагим қадар дарз кетди». Нойернинг хайрлашув мактуби
08:30 / 20.06.2024
Болқонча телбалик ва немис машинаси юриши. Евронинг олтинчи куни қандай ўтди?
15:20 / 19.06.2024
Евро-2024: Хорватиянинг хато қилишга ҳаққи йўқ, бир гуруҳда плей-офф иштирокчилари аниқ бўлиши мумкин
18:24 / 11.06.2024