Ўзбекистон | 08:57 / 25.11.2022
4606
4 дақиқада ўқилади

“Ўзагросуғурта” АЖ: Давлат хизматида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмаслиги лозим (Реклама ҳуқуқи асосида)

Фото: Ўзагросуғурта

Коррупция — тараққиёт кушандаси. Жамиятнинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи, унинг таназзулга юз тутишига сабабчи бўлган иллатлардан бири коррупция ҳисобланади. Шу боис, коррупциянинг олдини олиш, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Бу, ўз навбатида, коррупцияга имкон берувчи сабабларни чуқур таҳлил қилиш, коррупцион хавф-хатарларни баҳолаш, коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс) тизими орқали давлат органларининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини ошириш ҳамда манфаатлар тўқнашувининг олдини олишни тақозо этади.

“Ўзагросуғурта” АЖ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида “Манфаатлар тўқнашувини ҳал қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш” мавзусидаги семинар-тренинг ташкил этилди.

Семинарда коррупцияга оид қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ҳақида “Ўзагросуғурта” АЖ тизимида фаолият юритаётган ходимларга Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг масъул ходими томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида давлат сиёсати ва унинг устувор йўналишлари, манфаатлар тўқнашуви юзасидан батафсил ахборот берилди.

Таъкидланганидек, 2016-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган 6 та қонун, 6 та Президент фармони, 7 та Президент қарорлари қабул қилиниши мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш, унга барҳам бериш учун зарур шароитлар яратиб берди. Коррупцияга қарши курашиш соҳасида ижобий ютуқларга эришган ривожланган давлатларнинг бу борадаги тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, коррупция кўринишларининг оқибати билан курашиш эмас, балки уни келтириб чиқараётган сабабларини бартараф этиш ўз самарасини беради.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган 70 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Бу борада ташланган энг муҳим қадам – Президентимиз томонидан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг имзолангани бўлди. 2017 йилда қабул қилинган ушбу қонун билан “коррупция”, “коррупциявий ҳуқуқбузарликлар”, “манфаатлар тўқнашуви” каби тушунчаларга таъриф берилган. Давлатимиз раҳбарининг қарорлари билан тасдиқланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурлари доирасида “Давлат харидлари тўғрисида”ги, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги, “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши билан коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди.

Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулки тўғрисида декларацияларни тақдим этиш ва уларни эълон қилиш тартиби, давлат хизматида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уларни ҳал қилишнинг механизмлари, давлат хизматчисининг вазифаларини бажариш вақтидаги тақиқлар, совғалар олиш ва бериш билан боғлиқ чекловлар тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, семинар-тренинг давомида “Ўзагросуғурта” АЖ тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича асосий тушунча ҳамда тамойиллар, коррупция ва уни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш, коррупцион хавф-хатарларни баҳолаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш масалалари бўйича тавсиялар берилди. 

Тадбир баҳс ва мунозараларга бой ўтди. Семинар-тренингда Жамиятнинг марказий аппарат ходимлари билан бирга масофавий тарзда ҳудудий филиаллар ходимлари ҳамда республикамиздаги барча туман (шаҳар)лардаги суғурта марказлари мутахассислари қатнашдилар.

Иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишларнинг кўлами, сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассис ва экспертлардан батафсил жавоб олдилар.

«Ўзагросуғурта» ахборот хизмати

(Реклама ҳуқуқи асосида)

Мавзуга оид