Ўзбекистон | 14:35 / 25.11.2022
15491
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Навоийни намунавий ҳудудга айлантириш бўйича янги ташаббусларни илгари сурди

Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятини республика намунавий ҳудудига айлантириш бўйича янги ташаббусларни илгари сурди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, биринчи ташаббус - вилоят электр энергиясини тежаш бўйича намуна бўлади.

Бунинг учун барча ташкилотларга 100 фоиз қуёш панеллари ўрнатилади. Барча сув насосларини самарали ишлатиш тизими йўлга қўйилади.

Иккинчи ташаббус - "Яшил макон" лойиҳасини амалга оширишда вилоят намунавий ҳудудга айлантирилади. Бунинг учун:

барча фермерлар томонидан дала четларига тут ва узум экиш тизими йўлга қўйилади;

вилоят 330 маҳалласи ва хонадонларда райҳон ва ялпиз экиш, қайта ишлаш ва сотиш намунавий тизими яратилади.

Ушбу ташаббусни амалга ошириш учун барча шароитлар яратилиб, алоҳида имтиёз ва преференциялар жорий қилинади.

Учинчи ташаббус - яйловларни ишга солиш орқали эчкичилик ва қўйчиликни кескин ривожлантириш.

Вилоятга 200-300 минг бош эчки ва қўй олиб келинади ва алоҳида дастур ишлаб чиқилади.

Тўртинчи ташаббус - вилоятда инфратузилма объектлари қурилишида ресурсларни 30 фоизгача тежаш намунаси.

Ушбу ташаббусни амалга оширишга, коррупциясиз шаффоф тизим яратишга вилоят прокурори масъул бўлади. Сектор раҳбарлари бу тизимни ишлатади.

Янги ҳоким ва барча сектор раҳбарларига ушбу ташаббусларни амалга ошириш орқали бир йил давомида вилоятни ишсизлик ва камбағаллик тўлиқ бартараф этилган ҳудудга айлантириш юзасидан топшириқлар берди.

Йиғилиш якунида давлат раҳбари Навоий аҳлига эзгу тилакларини билдириб, барчага янги муваффақиятлар тилади.

Мавзуга оид