Жамият | 15:04 / 26.11.2022
24079
4 дақиқада ўқилади

“Давлат сизга пул ажратди, уни олиш учун бож тўланг”. Фирибгарларнинг найранглари авж олмоқда

Фарзанди бор оилаларга ёрдам пули тарқатилаётгани ҳақидаги эълонлар билан одамларнинг пулини шилиб олаётган фирибгарлар кўпайди. Шундай фирибгарлардан бири Kun.uz сайти хайрия эълони орқали оққонга чалинган фарзандини гематологияда даволатаётган аёлга телефон қилиб, уларга давлатдан ёрдам пули ажратилгани, пулни олиш учун давлат божи тўлаш кераклигини айтиб, чув туширмоқчи бўлди.

Теlegram орқали кам таъминланган оилаларга ёрдам пули берилаётгани ҳақида ёлғон хабарлар тарқатаётган фирибгарларнинг эълонларини санаб саноғига ета олмаяпмиз. 

Энг даҳшатлиси, биз қанча огоҳлантирмайлик, фирибгарларнинг турли усуллари ҳақида хабардор қилмайлик, уларнинг тузоғига тушиб пулларидан айрилиб қолаётганлар сони камаймаяпти.  

Чунки фирибгарлар содда одамларни алдашнинг батамом янги ва “креатив” йўлларини ўйлаб топишмоқда.  

Аммо орамизда шундай қаллоблар бор эканки, айнан боласи оққонга чалинганини, уларга пул зарурлигини била туриб, шундоқ ҳам имконсиз одамларнинг бор-будини қоқиб олишни мақсад қилишган.  

“Сизга давлатимиз раҳбари томонидан 30 млн (сўм)дан 50 млнгача пул ажратилган. Бу пул сизнинг қўлингизга тегмайди. Фақатгина даволаниш учун шартнома бўлган. Унинг ичида еб-ичиш – 5 маҳал овқат, массажи бор, укол, операция ва ётоқ жойи бор. Ётоқ жойи пулли. Сизларга шунақа таклиф тушган, базада юзтадан ўнтасига бўлади бу таклиф. Нима дейсизлар? Фақат давлат божини тўласангиз бўлди. 1 млн 480 мингми, шунақа бўлиши керак”, - дейди фирибгар. 

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига пул тарқатилганда ҳеч қачон одамларнинг ўзига телефон қилиб ёки қандайдир линкларни босиб карта рақам киритиш сўралмайди. Ёрдам пули ижтимоий ҳимоя реестридаги маълумотлар асосида пластик карталарга тушириб берилади, пластик картаси йўқларга эса нақд пулда берилади. Сиз ҳатто қаергадир мурожаат қилишингиз, кимгадир қандайдир бож тўлашингиз, ёки қанақадир сайтларга кириб карта рақам киритишингиз ҳам шарт эмас. 

Пулни олиш учун қанчадир бож ёки маблағ тўлаш, ёхуд телефон рақамингизга келган смсни айтиш сўралдими, билингки, бу алдов, уни сўраётганлар ҳақиқий фирибгарлар.  

Биз фирибгарлар қаҳрамонимизга телефон қилган рақамга боғланишга уриниб кўрдик. Журналистлар телефон қилаётганини билгач эса, телефонни қўйиб қўйди. Қайта телефон қилганимизда эса катта эҳтимол билан унинг ҳамтовоғи жавоб берди ва ўзини ушбу телефоннинг эгаси эканлигини, унинг телефонини фирибгарлар топиб олиб, одамлардан пул олганини айтди. 

Ҳа, бир қарашда ишонарли, аммо гап орасида ўзини таништиришини сўраганимизда суҳбат бошидаги гапларни унутиб қўйди шекилли, бу сафар ўзини умуман бошқа одам эканини айтди.  

“Телефонни йўқотган одам топилган. Гаплашган одам ҳам топилган. Ички ишларга топширилган. Мен жиноят-қидирув бўлимидан бўламан”, — деди у. 

Суҳбат давомида у бизни қайсидир ички ишлар биносига интервьюга чақирди. Қаерга ва нима мақсадда бу гапларни айтаётганини ўзи ҳам билмайди. Мақсад, суҳбатдошни манипуляция қилиш ва асосий мавзудан чалғитиш. 

Алданиб қолманг ўзингизни ва минг азоб билан топган пулларингизни эҳтиёт қилинг.

Мадина Очилова тайёрлади.
Оператор ва монтаж устаси Ғиёс Сафаров.

Мавзуга оид