Ўзбекистон | 22:30 / 26.11.2022
13346
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеалар бўйича суд жараёни санаси белгиланди 

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят-процессуал кодексининг 277-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида 14 нафар шахс қўлга олинган. 

Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеаларни ўрганиш ҳамда улар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича тузилган комиссия хабарига кўра, суд жараёни 28 ноябр куни бошланади. Комиссияга Омбудсман Феруза Эшматова раҳбарлик қилмоқда. Унинг таркибига Олий Мажлис вакиллари ва депутатлар, нодавлат нотижорат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ва ходимлари кирган. 

Шу йилнинг 1 июл куни «Ел хызметинде» газетаси муҳаррири ва блогер Даулетмурат Тажимуратов ижтимоий тармоқларда видеомурожаат йўллаб, 5 июл куни соат 17-00 да «Қорақалпоғистон Республикасининг озодлигини сўраб» Жўқорғи Кенгес биноси олдида митинг ўтказишга даъват қилган. Бу чақириқ ортидан юз берган воқеалар оқибатида оммавий тартибсизликлар келиб чиққан эди. 

Ташқи ишлар вазирлигининг хабар беришича, оммавий тартибсизликлар оқибатида парламент бинолари – Жўқорғи Кенес, Нукус шаҳар ИИБ ва Миллий гвардия департаментига бостириб киришга бир неча бор уринишлар бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан ўқотар қуроллар тортиб олинган, уларнинг бир қанчаси гаровга олинган. Ҳужумлар чоғида 107 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими оғир тан жароҳати олгани, улардан 23 нафарининг аҳволи оғирлиги, жами 270 нафар ҳукумат ходими турли даражадаги тан жароҳатлари олгани айтилган эди. 

Кейинроқ Бош прокуратура жиноят иши доирасида 14 нафар шахс Жиноят-процессуал кодексининг 277-моддасига асосан қўлга олингани, уларга нисбатан суд қарори билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўллангани ҳақида хабар берди. 

Мавзуга оид