Ўзбекистон | 14:58 / 26.11.2022
11130
4 дақиқада ўқилади

«Хорижда илм оламан, деганларнинг ҳам эҳтиёжларини қондиришга ҳаракатлар қиляпмиз» – муфтий диний таълим ва Қуръон курслари ҳақида

Имомлик ўз йўлига, лекин Қуръон ўргатиш курсларининг масъулияти катта. Уни ўқитиш учун билишдан ташқари ўқита олиш ҳам керак, дейди муфтий Нуриддин Холиқназаров. Маълум бўлишича, бугунги кунга қадар 26 та бундай курсларда 30 мингдан ортиқ фуқаролар Қуръони карим ўқишни ўрганишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиевга интервью берди. Суҳбат давомида диний таълим, Ҳаж ва Умра зиёрати, навбатларда юзага келадиган коррупциявий ҳолатлар, имом ва домлалар атрофидаги гап-сўзлар, янги масжидлар очиш ва бошқа мавзуларда сўз боради.

«Умумий маънода диний ёки дунёвийга ажратмасдан динимиз таълимга жуда катта эътибор беради. Илм ҳам бошқа амаллар каби фарзи айн ва фарзи кифояга бўлинади. Ҳаммадан тафсир илмини билиш ёки фақиҳ бўлиш талаб қилинмайди.

Ҳозир бизда 13 та профессионал диний таълим муассасалари бор, уларни сўнгги йилларда 3 минг талаба битириб чиқди. Бунча кадрни иш билан таъминлаш масаласи ҳам бор. Юртимиз масжидларига ўқиган, дипломли имомларни қўйдик. Неча йиллаб ишлаганлар орасида бундан ранжиганлар ҳам бўлди. Ҳозир ноибларни ҳам тўғрилаб келяпмиз», - дейди муфтий.

Нуриддин Холиқназаровга кўра, кўпчиликда фарзи айнга тааллуқли бўлган Қуръон ўқиш ва динимизга доир бошланғич илмларни қаердан оламан, деган ўринли саволлар бор. Айни вақтда бунга Мусулмонлар идораси тизимидаги ўқув курслари ечим бўлади.

«Бу ўринли савол. Буни излаб хорижга боришга ҳожат йўқ, чунки, изласа ҳозир бизда ҳамма имкониятлари бор. Ҳозир 26 та Қуръон ва тажвидни ўргатадиган курслар очганмиз ва бу яна давом этяпти. Лекин, таълимнинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор. Масалан, таълимга алоқадор шунча вазирлик бўлса ҳам маорифда қанча муаммоларимиз чиқиб келаётганини кўряпмиз.

Имомлик ўз йўлига, лекин Қуръон ўргатиш курсларининг масъулияти катта. Уни ўқитиш учун фақат билимли бўлиш эмас, педагог ҳам бўлиши, ўқитишни билиши керак. Уни айтиб қўйиш осон, нега ҳамма жойда очиб қўйилмади, деб. Унга мутахассислар керак. Ҳозир шайх Алижон қори Қуръондан дарс бераётган мударрисларнинг ўзларини ҳам қайтадан ўқитяпти, ўқитиш услублари такомиллаштирилмоқда.

Яна бундай курсларга кўп жойлардан талаблар келяпти. Биз шароитларини қилиб, тайёрланиб боргунча сабр қилинглар, деяпмиз. Ҳозиргача 30 минг фуқароларимиз, курсларни тамомлаб чиқди. Бир дона одам Қуръон ўқишни ўрганиши муаммо эди», - дея муфтийнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум бўлишича, Мусулмонлар идораси тизимида ҳам онлайн Қуръон, ҳадис дарслари ҳам ўргатилмоқда. Шунингдек, масжидларда ҳам намозлардан кейин суҳбатлар бўляпти, буларда ҳам мусулмонларга керак бўладиган илмлар ўргатиляпти, дейди муфтий.

«Ҳали булар яна давом этади, лекин озгина бўлса ҳам шукроналик ва инсоф назари билан қараш керак. Бундай нозик масалани секин-аста жойига қўйиб кетяпмиз. Ота-оналардан илтимос қилардимки, болаларининг мактабдаги ўқишларига ҳам эътиборли бўлсин. Араб тилини ўрганмоқчи бўлса, она тили ҳам яхши билсин, мактабда яхши ўқисин.

Хорижда диний билим оламан, деб чиққанларнинг ҳам эҳтиёжларини қаноатлантириш борасида ҳаракатлар қиляпмиз. Лекин, айтганимиздек, бу борада ҳали қиладиган ишлармиз бор, аста-секин бу муаммолар гўзал ҳал бўлади», - дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров.

Мавзуга оид