Жаҳон | 21:07 / 30.11.2022
28072
7 дақиқада ўқилади

Консерватив ислоҳотчи ва мусиқа шайдоси. Хитойнинг 90-йиллардаги раҳбари вафот этди

У Хитойда қонли Тянанмэн воқеалари ортидан ҳокимият тепасига келганди.

Фото: Reuters

ХХРнинг собиқ раҳбари, Тянанмэн майдонидаги намойишлар қонга ботирилиши ортидан ҳокимиятга келтирилган Жианг Земин 96 ёшида вафот этди. Xinhua ахборот агентлиги хабарига кўра, лейкемия ва кўплаб ички аъзолари етишмовчилигидан азият чеккан давлат арбоби чоршанба куни куннинг иккинчи ярмида оламдан ўтган.

Тегишли маълумотлар мактуб орқали партия, ҳарбийлар ва Хитой халқига етказилди. «Барча тиббий муолажалар муваффақиятсиз тугади», деб хабар берди ХКП Марказий қўмитаси. 

Жианг октябр ойида бўлиб ўтган ХКП Марказий қўмитаси съездида иштирок эта олмаганидан сўнг унинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Ўша қурултойда Хитой раиси Си Жинпинг учинчи беш йиллик муддатга ХКП Марказий қўмитаси бош котиби лавозимига қайта сайланган эди. 

Жианг Земин 1989 йилдан 2002 йилга қадар Хитой компартияси бош котиби лавозимини эгаллаган, 1993 йилдан 2003 йилга қадар ХХР раиси бўлган. У дунёдаги энг кўп аҳоли яшовчи мамлакат раҳбарлигига 1989 йил июнида Тянанмэн майдонидаги намойишлар шафқатсизлик билан бостирилишидан кейин келган.

Ўша вақтда Хитой қувғунди-давлатга айланганди. Ҳокимият Жианг Земиндан Ҳу Жинтаога ўтаётганида ХХР иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича дунёнинг етакчи мамлакатлари қаторига қўшилганди.

Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида Хитой сиёсий бюроси демократия тарафдорларини бостириб, ўз сафини ҳам либераллашув тарафдорларидан тозалайди.

Ўша вақтда мамлакатнинг амалдаги раҳбари бўлган Дэн Сяопин давлат раҳбарлигига қўйиш учун партияга содиқ бўлган ва бир вақтнинг ўзида қонли воқеаларга алоқадор бўлмаган одамга муҳтож эди.

Якунда Жианг Земин номзоди танланади, у Шанҳайдаги партия ташкилоти раҳбари бўлган ва шаҳарда куч ишлатишларсиз назоратни сақлаб қололганди.

Икки фракция

Хитойшунослар фикрича, Осмон ости салтанати ички сиёсатини кўп жиҳатдан «Пекин» ва «Шанҳай» гуруҳларининг яширин рақобати белгилайди.

Мао Цзедуннинг инқилобий фаолияти ва «маданий инқилоб» Шанҳайда бошланганди. Шанҳайга мансуб бўлган «тўртлик» тор-мор этилганидан сўнг, ХХРнинг иккинчи йирик шаҳри сиёсий жиҳатдан иккинчи планга ўтади. Жианг Земин ҳокимиятга келиши эса қисман реванш сифатида кўрилганди.

Ёшликдан сиёсатда

ХХРнинг бўлажак раҳбари 1926 йил 17 августида Янчжоу шаҳрида (Жиангсу провинцияси) зиёлилар оиласида туғилган. Унинг бобоси анъанавий хитой табобати бўйича мутахассис бўлган, рассомчилик ва хаттотлик билан ҳам шуғулланган. Отаси шеърлар ёзган, Японияга қарши уруш йилларида, 28 ёшида ҳалок бўлган.

Жианг Земин талаба эканида, 1946 йилда махфий фаолият юрита бошлаган коммунистик партияга қўшилган. Шанҳай транспорт ва алоқа университетини «муҳандис-электрик» мутахассислиги бўйича тамомлаган. 30 ёшигача оддий муҳандисликдан электрон саноат вазири даражасигача кўтарилади.

У 1955 йилда тўрт ой Москвадаги «ЗИС» автозаводида малака оширади, рус тили ва ўша вақтдаги русча қўшиқларни ўрганади. 1998 йилда Москвага ташрифи чоғида эски танишлари билан учрашув уюштиришни сўрайди.

«Маданий инқилоб» йилларида, мавжуд маълумотларга кўра,  «меҳнат билан қайта тарбиялаш»га дучор бўлган, аммо қишлоқ ҳудудларга сургун қилинмаган, фақат лавозими пасайтирилган.

1985 йилда Шанҳай мэри этиб тайинланади, икки йил ўтиб - шаҳар партия қўмитасининг биринчи котибига айланади.

Консерватив ислоҳотчи

Дэн Сяопин 1997 йилда вафот этади. Бу вақтга келиб Жианг Земин ўзини тўла намоён этиб улгурганди.

У ислоҳотчи сифатида танилганди, аммо иқтисодий қайта қуришни ижтимоий барқарорлик ва компартиянинг етакчи ролини сақлаб қолган ҳолда босқичма-босқич амалга оширади.

У Денг Сяопиннинг сиёсий соҳада партия назоратини сақлаб қолган ҳолда иқтисодиётда либерал ислоҳотларни ўз ичига олган «Хитой хусусиятларига эга социализм» қуриш сиёсатини олиб борди.

Унинг бошқаруви даврида ҳам ҳукумат ўзгача фикрловчиларга босим ўтказиб, ҳуқуқ ҳимоячиларини, демократия учун курашчиларни қамоққа ташлайди ва ҳукмрон партия ҳокимият монополиясига таҳдид деб билган «Фалунгонг» диний ҳаракати тақиқланади. 

Жианг Тайван мақоми бўйича ҳам қатъий позицияни эгаллайди ва бу унинг хитойлик ҳарбийлар орасидаги обрўсини таъминлайди.

1997 йилда, бу вақтга қадар Британия колонияси ҳисобланган Ҳонгконг Хитой суверенитети остига ўтади, Жианг янги ташкил этилган Махсус мухтор ҳудуд раҳбарлигига Пекиннинг номзоди Донг Жианҳуа қўйилишига эришади.

Шу билан бирга, Жианг консерваторлар қаршилигини енгиб ўтиб, партия дастурига ўзи томонидан илгари сурилган «уч вакиллик» тамойилини киритади, бу эса зиёлиларни сиёсий ҳуқуқларда ишчи ва деҳқонлар билан тенглаштириб, «илғор ижтимоий ишлаб чиқарувчи кучлар» деб эълон қилинган хусусий тадбиркорларга ҳам партия сари йўл очади.

Жианг бу тамойилни ижтимоий назарияга улкан ҳисса сифатида тарғиб этади ва ўзини амалиётчи раҳбар сифатида эмас, мафкурачи сифатида гавдалантиришга интилади.

2003 йилда Жианг Земин Хитой Халқ Республикаси раислигини Ҳу Жинтаога топширди. 

Жианг Земин (ўнгда) ҳокимиятни босқичма-босқич вориси Ҳу Жинтаога ўтказади. Фото: Getty Images

Love me tender

Жианг Земин шеърлар ўқишни ёқтирган, АҚШ президенти Авраам Линколннинг «халқ ҳукумати» ҳақидаги машҳур «Геттисберг нутқи»ни ёддан билар, фортепиано ва хитойликларнинг анъанавий чолғу асбоби эрҳуни ҳам чала оларди. 

1996 йилда Манилада бўлиб ўтган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммитида у Элвис Преслининг Love me tender («Мени меҳрибонлик билан сев») номли қўшиғини ижро этиши билан ёдда қолганди.

1999 йилда Жианг Земин Хитойнинг Буюк Британияга ташриф буюрган илк раҳбарига айланади, бу ташриф давомида уни демократик ўзгаришлар талаб қилган намойишчилар таъқиб этади. Шунингдек, бу ташриф вақтида у қиролича Елизавета II билан учрашиб, уни караоке куйлашга кўндиришга ҳаракат қилган.

Унинг даврида Хитойнинг Ғарб билан, айниқса АҚШ билан муносабатлари вақти-вақти билан кескинлашиб туради: хусусан, 1999 йилда НАТО авиацияси хатолик билан Хитойнинг Белграддаги элчихонасини ўққа тутганида ва Хитойга Американинг разведкачи самолёти мажбуран қўндирилганида.

Мавзуга оид