Жамият | 13:05 / 01.12.2022
19352
3 дақиқада ўқилади

Судланаётганлар қийноққа солинмаган, ҳар қандай илтимос суд томонидан инобатга олинмоқда — ҳуқуқ фаоли

Инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзам Фармонов Бухорода Нукус воқеалари бўйича ўтаётган суд мажлиси “жуда ноодатий” ўтаётганига эътибор қаратди. Жумладан, у судланувчиларнинг ҳар қандай илтимоси суд томонидан инобатга олинаётгани, айбланувчилар тергов давомида қийноққа солинмаганига урғу берди.

Фото: Олий суд матбуот хизмати

«Ҳуқуқий таянч» бирлашмаси раҳбари Аъзам Фармоновнинг айтишича, суд кўпчилик томонидан «мисли кўрилмаган даражада очиқ» дея таърифланмоқда ва бунга маълум сабаблар бор.

«Шу пайтга қадар Ўзбекистонда судлардан ҳамиша норозилик бўлиб келган. Кўпчилик, шулар қаторида мен ва менинг «Ҳуқуқий таянч» бирлашмамиз ҳам судлов тизимидан мутлақо қониқмаганмиз. Жуда кўп ҳолатларда очиқ судлар ҳам деярли ёпиқ тарзда ўтиши табиий ҳол.

Нукус воқеалари бўйича бошланган судда эса жуда ноодатий ҳолатни кўрдим — суд ҳақиқатан ҳам жуда очиқ. Масалан, суд жараёнида судлар этикасига тўлиқ риоя қилиняпти. Судланувчилар томонидан келтирилаётган ҳар қандай, оддий даражадаги оғзаки ёки ёзма илтимосномаларга ҳам эътибор бериляпти ва бажаришга ҳаракат қилиняпти. Шу ҳолатлар юқорида айтилганидек, «мисли кўрилмаган очиқ» дейиш учун сабаб бўляпти», — дея таъкидлаган Аъзам Фармонов.

Собиқ сиёсий маҳбус Аъзам Фармонов маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланмаганини таъкидлади.

«Суд мажлисида маҳбусларга қийноқлар бўйича ҳеч ким савол бергани йўқ. Аммо судда сўроқ қилинганларнинг аксарияти «Биз ҳукуматга қўл кўтарган бўлсак ҳам, улар бизга нисбатан ноинсоний ҳаракат қилмадилар. Бизга жудаям яхши муомалада бўлишди, уч маҳал иссиқ овқат беришди. Бизнинг қийноққа солинаётганимиз ҳақида турли ваҳималар бўлди, лекин аслида ундай эмас. Фақат виждонимиз оғрияпти, биз шунча инсонларнинг ўлимига ўзимизни сабабчи деб биламиз», қабилида гапиришди», — деди А.Фармонов.

Ҳуқуқ фаоли фақат 22 нафар маҳбуснинг суддаги гапларидан келиб чиқиб, қийноқлар қўлланмагани ҳақида хулоса қилинмаётгани, қўлга олинган одамлардан бир қанчаси маъмурий жавобгарликка тортилгач, қамоқдан озод этилгани, уларнинг бирортаси қийноқлар ҳақида давлат органлари ёки ОАВга мурожаат қилмаганини таъкидлади.

«Бу гаплар сценарий ёки спетакл эмас, деб ўйлайман. Чунки бу ҳақда улардан ҳеч ким сўрагани йўқ, уларнинг ўзлари самимий сўзлашмоқда. Ўзларининг эмас, виждони ёки яқинлари қийналгани ҳақида гапиришяпти. Шу боис, бу борадаги гаплар уюштирилмаган, деган фикрдаман», — дея таъкидлади ҳуқуқ фаоли.

Эслатиб ўтамиз, Бухоро вилоят суди биносида 2022 йил 1-2 июл кунлари Нукус шаҳрида рўй берган оммавий тартибсизликлар бўйича 22 нафар судланувчига оид жиноят иши биринчи инстанция суди томонидан, Қорақалпоғистон Республикаси суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судяси Е.Абибуллаев раислигида кўриб чиқилмоқда. 

Мавзуга оид