Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европа Иттифоқи санкцияларни четлаб ўтганлик учун жиноий жавобгарлик жорий қилади
Еврокомиссия қарорига кўра, санкцияларни четлаб ўтиш барча Европа Иттифоқи мамлакатларида жиноят деб ҳисобланиши керак ва санкцияларни четлаб ўтиш орқали олинган маблағлар мусодара қилиниши мумкин бўлган «жиноий даромадлар» ҳисобланади.
Европа комиссияси 2 декабрь, душанба куни Европа Иттифоқининг чекловчи чораларини бузганлик учун жиноий жазо жорий этишни таклиф қилди. Ушбу чора санкцияларни четлаб ўтиш учун қонуний бўшлиқларни ёпишга мўлжалланган, шу жумладан санкциялар остида қолган россияликларга ҳам, деб тушунтирди Брюссел.
«Олигархлар ўз маблағларини яшириш учун қонундаги бўшлиқлардан фойдаланмоқда, - деди Европа комиссияси адлия вакили Кристиан Виганд. - Бизнинг таклифимиз бу бўшлиқларни ёпиш ва Европа Иттифоқи санкцияларининг тўғри бажарилишини таъминлаш учун ишлаб чиқилган».
Шундай қилиб, пул маблағларини кўчириш ёки уларнинг ҳақиқий эгаларини яшириш орқали Европа Иттифоқи санкцияларини четлаб ўтиш ёки четлаб ўтишга уриниш барча Европа Иттифоқи мамлакатларида жиноий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Қоидабузарлар беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади, компаниялар эса катта миқдорда жарима тўлашлари керак бўлади.
Европа Комиссияси томонидан тузилган қонунбузарликлар рўйхатига, шунингдек, санкцияланган товарлар ва хизматлар савдоси, санкцияларни четлаб ўтиш учун учинчи давлатлар билан операциялар, санкцияларга дучор бўлган шахсларга пул маблағларини тақдим этиш, ушбу маблағларни музлатиб қўймаслик, санкциялар рўйхатидаги шахсларни Европа Иттифоқига киритиш ва бошқа ҳаракатлар киради.
Европа Иттифоқининг айрим давлатларида санкцияларни четлаб ўтиш ҳали ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида кўрилади. Шу билан бирга, жазо чоралари қўлланадиган шахсларнинг музлатилган мол-мулки фақат жиноий жавобгарликка тортилган тақдирдагина мусодара қилиниши мумкин. ЕИ даражасида ягона ёндашувни жорий этиш ҳар бир давлат расмийларига санкциялар бузилиши ҳолатларини янада самаралироқ текшириш, жиноий жавобгарликка тортиш ва жазолаш имконини беради, дея таъкидлайди ЕИ расмийлари.
Хусусан - Россия олигархларининг Европа Иттифоқининг барча давлатларида музлатилган активларини мусодара қилиш. Чеклов чораларини четлаб ўтиш натижасида олинган маблағлар ва иқтисодий ресурслар «жиноятдан олинган даромадлар» деб ҳисобланиши керак, деб таъкидлайди Европа Комиссияси. Мусодара Европа Иттифоқи даражасида эмас, балки алоҳида мамлакатларнинг расмий органлари томонидан миллий жиноий кодекслар асосида амалга оширилади.
Ҳозирда Европа Иттифоқи россиялик олигархларнинг 19 миллиард евролик активларини музлатиб қўйган. «Россия агрессияси билан боғлиқ олигархлар ва бошқалар томонидан назорат қилинадиган активларни музлатиш Россия ҳарбий машинасини йўқ қилишнинг калитидир», - дейди Европа комиссияси.
Энди унинг таклифи Европарламент ва Европа Иттифоқи Кенгаши томонидан одатий қонунчилик тартибида муҳокама қилинади. Брюссел янгилик яқин ойларда қабул қилинишини кутмоқда, деди Кристиан Виганд.
«Россия ва олигархлар Украинага етказилган зарарни ва қайта қуриш харажатларини қоплаши керак», деди 30 ноябрь куни Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен. У Украинадаги уруш ва унинг оқибатлари учун Россияни жавобгарликка тортиш бўйича янги чораларни тақдим этди. Бу чораларга Россиянинг музлатилган активларидан Украинани қайта тиклаш учун фойдаланиш ва Россиянинг Украинага бўлган тажовузини текшириш учун мустақил халқаро суд ташкил этиш киради.
Украинани қайта тиклаш учун Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиш йўлларини топиш талаби билан Европа Иттифоқи кенгаши октябрь ойида Европа Комиссиясига мурожаат қилган. Натижада у Европа Иттифоқи қонунчилиги ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ вариантларни ишлаб чиқди.
Мавзуга оид
11:58 / 28.05.2025
Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди
09:03 / 28.05.2025
WSJ: Трамп Россияга қарши санкцияларни кучайтириш ҳақида ўйлаяпти
15:45 / 27.05.2025
Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларни АҚШ билан биргаликда қўлламоқчи
20:02 / 24.05.2025