Жаҳон | 16:09 / 04.12.2022
29177
7 дақиқада ўқилади

Бахмутда қийин ҳолатда қолган украинлар, Киевда аҳоли учун курслар. Уруш суратлари

Херсон областининг Украина назоратидаги қисми раҳбарияти Днепрнинг чап соҳилидаги аҳоли эвакуацияси ҳақида эълон қилди. Бу ҳудудда ҳарбий ҳаракатлар фаоллашиши кутилмоқда. АҚШ Давлат департаменти «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясини «алоҳида ташвишга сабаб бўлувчи» ташкилот деб атади — Африкада диний эркинлик тўғрисидаги қонунларни бузгани учун. Россия ва Беларус ҳарбий хавфсизлик шартномасига ўзгартиришлар киритди — аммо ҳозирча қандай ўзгаришлар ҳақида гап кетаётгани ва бу нимани англатиши ноаён. G7 давлатлари ва Австралия Евроиттифоққа қўшилиб, Россия нефтининг бир баррели учун 60 доллар чегарасидаги нарх белгилаб қўйди. Бу вақтда, Financial Times нашри ёзишича, Россия нефт экспорти учун эски танкерлардан «соядаги флот» тузишга киришди.

Қуйида 3 декабр, урушнинг 283-кунида Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.

Бахмут фронтидаги украин ҳарбий хизматчилари

Украина қуролли кучларининг 24-механизациялашган бригадаси таркибидаги ўзиюрар артиллерия қурилмаси Бахмут яқинида россияликлар позициясини ўққа тутмоқда.
Leah Millis / Reuters / Scanpix / LETA
Ўзиюрар артиллерия қурилмаси экипажи Бахмут атрофида россияликлар позициясига ўт очишдан аввал нишон координаталари берилишини кутишмоқда. Бу ҳудудда Россия томондан асосан катта миқдорда артиллерия қуролларига эга бўлган «Вагнер» гуруҳи жанг қилмоқда. «Донбасс республикалари» собиқ армияларининг оғир қуроллари уларга берилган.
Leah Millis / Reuters / Scanpix / LETA
Ўзиюрар артиллерия қурилмаси экипажи аъзолари — 24-механизациялашган бригадаси таркибидаги 38 ёшли Роман ва 35 ёшли Сергей гулхан атрофида ўтириб, кўрсатма кутмоқда. Княз Данил Галицкий номидаги бу бригада базаси Лвив области Яворов шаҳрида жойлашган.
Leah Millis / Reuters / Scanpix / LETA
Айни вақтда Бахмут атрофидаги жангларда қатнашаётган 24-механизациялашган бригада советлар армиясининг 24-ўқчилар дивизияси вориси ҳисобланади, у советлар иттифоқи парчалангач Украина қуролли кучлари таркибига кирган. Бригада Косово ва Ироқдаги тинчликпарвар миссияларда, шунингдек хориждаги кўплаб машғулотларда иштирок этган.
Leah Millis / Reuters / Scanpix / LETA
2014 йилда 24-механизациялашган бригаданинг биринчи батальони Словянскка юборилган, иккинчиси — Луҳанск областида Россия билан чегарага, ўшанда бу ҳудуд Россия томонидан туриб артиллерия орқали ўққа тутилганди. Кейинроқ бўлинмалар Георгиевкани мудофаа қилишди, бу ҳудудда Россия армиясининг 76-десан-штурм дивизиясини қарши олишди.
Leah Millis / Reuters / Scanpix / LETA

Гостомелда Бэнксининг ижод намунаси ўғирланиши

Киев атрофидаги Гостомел шаҳрида ёнғиндан жабрланган уй деворида Бэнкси томонидан чизилган кўча сурати (мурал). Британиялик аноним кўча рассоми Украинага кузда келган ва Киев областининг турли ҳудудларида отишмалардан вайрон бўлган бинолар деворларида бир қанча суратларини қолдирган.
Oleksandra Butova / Ukrinfo / SIPA / Scanpix / LETA
Бэнксининг Гостомелдаги иши ғойиб бўлиб қолгани 2 декабр куни маълум бўлди, кейинроқ Киев расмийлари бу жиноятни содир этишда гумонланиб саккиз киши қўлга олинганини маълум қилди. Киев области полицияси раҳбари Ондрий Небитов гумонланувчилар ёши 27 дан 60 ёшгача экани, улар Киев ва Черкассда яшашаини айтган.
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA
Миллий полициянинг Киев областидаги бош бошқармаси бошлиғи Ондрий Небитов Бэнксининг Гостомелдан ўғриланган ва ўғрилардан мусодара қилинган муралини намойиш этмоқда. Маълум қилишларича, уни яхши ҳолатда топишган ва полицияга етказишган. Британиялик рассомнинг бошқа граффитилари полиция томонидан қўриқланмоқда.
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA

Киевда тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича курслар

Инструктор киевликлар учун тез тиббий ёрдам асосларини кўрсатиб бермоқда. Октябр ойи ўрталаридан Украина пойтахти бир неча ракета зарбалари тўлқинини бошдан кечирди, фуқаролик инфратузилмаларига қаратилган ҳужумлар оқибатида ўнлаб кишилар ҳалок бўлган ва жабрланган. Ҳукумат яқин вақтлар ичида навбатдаги зарбалар келишига тайёрланмоқда.
Jeff J Mitchell / Getty Images
Тез тиббий ёрдам курсларига келганлар ўз қўлига қон оқишини тўхтатувчи бондаж-турникетларни тақиб кўрмоқда.
Jeff J Mitchell / Getty Images

Бахмутдаги дала ҳоспитали 

Бахмут атрофидаги дала ҳоспиталида ҳарбий шифокорлар шрапнелдан (думалоқ ўқлар билан тўлдирилган артиллерия снаряди) яраланган ҳарбийга ёрдам кўрсатмоқда. Украина қуролли кучлари кўп ойлардан буён бу йўналишда «вагнерчилар»нинг ҳужумларига қарши турибди.
Chris McGrath / Getty Images
Бахмут атрофида ташкил этилган дала ҳоспиталида ҳордиқ чиқараётган украин ҳарбийлари. Сўнгги ҳафталарда «Вагнер» ёлланма жангчилари Бахмутга жанубий-ғарбий йўналишда яқинлашишга муваффақ бўлди. Гуруҳ Клешчеевка ва Курдюмовка томон уч километрга илгарилаган — бу фронтнинг бошқа участкаларида сукунат кузатилаётган чоғда жиддий илгарилаш ҳисобланади.
Roman Pilipey / EPA / Scanpix / LETA
Украина қуролли кучлари ҳарбий шифокорлари Бахмут атрофидаги дала ҳоспиталида егулик тайёрлашмоқда. «Вагнер» бу йўналишда июл ойидан буён атиги ўн километрдан ортиқ масофага олдинга силжиган, аммо шу ҳафтада юриш суръати тезлашди: ёлланма жангчилар дала майдонлари бўйлаб бир неча километрга ичкарилашди ва Озаряновка ва Курдюмовка қишлоқларининг бир қисмини эгаллашди.
Roman Pilipey / EPA / Scanpix / LETA
Бахмутга юриш октябр ойида шаҳарнинг жанубий-шарқий чегаралари яқинида украиналикларнинг захира кучлари томонидан тўхтатилганди. Ҳозирда «вагнерчилар» зарба бериш йўналишини ўзгартиришган, аммо янги йўналишда улар «Северский Донец — Донбасс» каналини кечиб ўтиши талаб этилади, Украина армияси эса бу сув йўлидан табиий истеҳком сифатида фойдаланиб, россияликлар юришини тўхтатиши мумкин.
Chris McGrath / Getty Images
Бахмут атрофидаги жанглар ёз бошидан буён давом этмоқда, аммо бу ердаги оператив вазият анчадан буён ўзгаришсиз қолмоқда — Украина армияси россияликларни Изюмдан ҳайдаб чиқаргач, Бахмутга юриш қилиш асосий маъносини йўқотганди — энди Словянск ва Краматорскни қуршовга олиб бўлмайди. Шунга қарамай, вагнерчиларнинг Бахмут атрофидаги муваффақиятлари Украина қўмондонлигини бу йўналишга яна қўшимча куч ташлашга мажбур қилади.
Chris McGrath / Getty Images

Мавзуга оид