Ўзбекистон | 11:23 / 05.12.2022
8898
1 дақиқада ўқилади

Нукус воқеалари бўйича судда жонли эфир вақтинча тўхтатилди

Бухоро вилояти судида кўрилаётган Нукус воқеалари бўйича суд ишини жонли эфирда узатиш вақтинча тўхтатилади. Гувоҳлар ва жабрланувчилар бир-бирларининг кўрсатмаларини эшитиб олмаслиги учун прокурор ЖПК 432-моддасига мувофиқ эфирни тўхтатишни сўраган.

Жиноят процессуал кодексининг 432-моддасига кўра, раислик қилувчи гувоҳларнинг суд мажлиси залидан алоҳида хонага чиқиб туришлари тўғрисида фармойиш беради. Кейинчалик у сўроқ қилинмаган гувоҳларнинг сўроқ қилинган гувоҳлар билан, шунингдек суд мажлиси залидаги бошқа шахслар билан мулоқотда бўлмаслиги чораларини кўради.

Gazeta.uz’га кўра, раислик қилувчи прокурорнинг илтимосини қаноатлантирган. Олий суд онлайн трансляция музокаралар жараёни бошлангач тикланишини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, 28 ноябр куни Бухоро вилоят суди биносида 2022 йил 1–2 июл кунлари Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликлар бўйича 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бошланди. Суд иши Қорақалпоғистон Республикаси суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судяси Е.Абибуллаев раислигида кўриб чиқилмоқда.

Мавзуга оид