Жаҳон | 12:14 / 06.12.2022
5498
4 дақиқада ўқилади

Оттава Россия учун Эрон дронларида Канада деталлари қандай пайдо бўлганини ўрганяпти

Трюдонинг сўзларига кўра, Канада расмийлари Россия томонидан Украинага қарши урушда фойдаланилаётган Эроннинг Shahed-136 УУАга Канадада ишлаб чиқарилган компонентлар қандай тушиб қолганини текширмоқда.

Фото: AFP

Канада расмийлари Россия томонидан Украинага қарши урушда фойдаланилаётган Эроннинг Shahed-136 учувчисиз учиш аппаратларида Канадада ишлаб чиқарилган компонентлар қандай пайдо бўлиб қолганини текширмоқда. Бу ҳақда 5 декабрь, душанба куни Канада бош вазири Жастин Трюдо маълум қилди.

Киевда жойлашган StateWatch нодавлат ташкилотининг 16 ноябрь куни хабар беришича, Эроннинг Shahed-136 УУАсида ғарб фирмаларига тегишли 30 дан ортиқ компонентлар топилган. Киев маълумотларига кўра, Россия бу қурилмалардан «Герань-2» номи остида фойдаланмоқда.

StateWatch маълумотларига кўра, Shahed-136'нинг ички қисми – Эронда ишлаб чиқарилган двигателдан ташқари – бутунлай хорижий компонентлардан иборат. Украина разведкаси ишланмалари дронларда қўлланган 30 дан ортиқ Европа ва Америка компаниялари ишланмаларини аниқлашга муваффақ бўлди. Таркибий қисмларнинг аксарияти - Америкада ишлаб чиқарилган. Сервоузатма - Американинг HITEC RCD USA компаниясиники, қувват элементлари - Япониянинг Panasonic Corporation'ники, керамик антенна - Канаданинг Tallysman Wireless'ники. Бошқарув панели япон ва америка қисмларидан йиғилган. Қувват платаси - немис ва хитой элементларидан тайёрланган. Бошқарув блоки - Россиянинг "Западприбор" компаниясига тегишли, деб маълум қилди StateWatch.

«Шубҳасиз, биз бу хабарлардан жуда хавотирдамиз», деди Трюдо. «Биз Канада технологияси Россиянинг Украинадаги ноқонуний урушида» ёки Эроннинг ушбу урушга қўшган ҳиссаси учун ишлатилишини хоҳламаймиз, дея қўшимча қилди у.

Шу билан бирга, Канада бош вазири муҳим технологияларни экспорт қилиш бўйича қатъий чекловларга ишора қилди. Трюдонинг таъкидлашича, Канада томони «Эрон ҳукумати каби бировнинг қўлига тушмаслиги керак бўлган таркибий қисмлар аслида у ерда қандай қилиб пайдо бўлиб қолганини» аниқлашга ҳаракат қилади. Вазирлар маҳкамаси раҳбари қўшимча қилишича, Tallysman Wireless тергов билан «тўлиқ ҳамкорлик қилмоқда».

Канада 2 декабрь куни Эрон юридик ва жисмоний шахсларига қарши санкцияларни кенгайтирди. Жазо чоралари, хусусан, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) кооператив жамғармасининг шуъба корхонаси бўлган Baharestan Kish Company'га таъсир кўрсатди, у Shahed жанговар дронлари учун компонентларни ишлаб чиқишда ёрдам беради, Эроннинг Safiran Airport Services юк авиакомпанияси рус ҳарбий самолётлари бортида дронлар етказиб беришни мувофиқлаштиради. Ҳаммаси бўлиб, тўртта жисмоний ва бешта юридик шахс Канадада инсон ҳуқуқларини бузганлик, тинчлик ва хавфсизликни беқарорлаштирганлик учун янги санкцияларга дучор бўлди.

Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, шу кунгача Канада 99 нафар шахс ва 181 та Эрон ташкилотига, жумладан, ИИҚК ҳамда режимнинг иқтисодий, хавфсизлик ва разведка аппаратига қарши санкциялар киритган.

Ноябрь ойи ўрталарида Канада ИИҚК аэрокосмик кучлари билан боғлиқ бўлган ва Shahed серияли дронларини, хусусан, Shahed-136'ни ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Shahed Aviation Industries компаниясига қарши санкцияларни маъқуллади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид